Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:26

Араб диёрида танилган Мубашширхон Тарозий


Мубашширхон Тарозийнинг яқинлари Озодликка йўллаган сурат.
Мубашширхон Тарозийнинг яқинлари Озодликка йўллаган сурат.
Ислом оламининг яна бир катта олими, айни пайтда Туркистон аҳли тақдири учун қайғурган, келажаги учун курашган, аммо тақдир тақозоси билан бой диний, тарихий, адабий меросини араб дунёсида қолдирган олим – Саййид Абу Наср Мубашширхон Тарозий "Ўзбек имомлари" рукнининг навбатдаги қаҳрамонидир.


Саййид Абу Наср Мубашширхон Тарозий 20 аср давомида туркий мусулмонлар дини ва Туркистон халқлари мустақиллиги учун курашган олимлардан бири сифатида тилга олинади.

(Аввал бошдан эътироф этиш керак, бу олим ҳақида ўзбек тилидаги интернет нашрларида маълумот жуда оз. У киши ҳақидаги аксар тарихий манбалар араб тилида ва бу эшиттиришни тайёрлар эканмиз, Озодлик мухлислари кўмагига таяндик.)

Саййидзодалар авлоди

Мубашширхон Тарозий – 1896 йилда, баъзи манбаларга кўра эса 1886 йилда ҳозирги Қозоғистоннинг Жамбил шаҳрида туғилган.

У кишининг саййидзодалар авлодидан экани тарихий манбаларда алоҳида урғуланади. Яъни, отаси насл-насаби Ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг набираси имом Ҳусайнга боғланган сулола вакили Саййид Муҳаммад Ғозихон бўлган.

Ғозихон ўз даврининг йирик олими ва Туркистон минтақасида Нақшбандийлик тариқатининг ўша даврда танилган етакчиларидан бири, деб хотирланади.

Онаси эса ҳозирги Хитойнинг Шарқий Туркистон — Уйғуристон минтақасидаги охирги амир Саййид Бузрукхоннинг набираси бўлган.

Илм йўли

Ёшлик йилларида Мубашширхон аввал Тароз шаҳрида, кейин Тошкентдаги "Абдулқосим", Бухородаги "Мир Араб" мадрасаларида ўқиган.

У киши Исломнинг тафсир, фиқҳ йўналишлари ҳамда араб адабиётини чуқур ўзлаштиргани хотирланади. Араб, форс ва туркий тилларини мукаммал эгаллаб, кейинчалик шу уч тилда мусулмон оламига ёйилган китобларини ёзган.

1920 йиллар бошларида у киши ёзган "Қуръон ва нубувват" номли илк китоб ҳам туркий ва араб тилида ёзилган.

У киши китобини илк бор ўзи имомлик қилган Тароз шаҳридаги масжидлардан бирида халққа ўқиб бергани ва ўша кездаёқ унинг китоби қўлёзма шаклида мусулмонлар орасида тарқала бошлагани айтилади.

Ўша кезларда унинг Тароз шаҳрида болаларга ислом динидан дарс бериладиган диний мактаблар очилишига бош бўлгани хотирланади.

Шўъролар тақиби

Шу тариқа, Мубашширхон Тарозий диний мазмундаги китоблари, ислом дини асоси бўлган Қуръон ва ҳадисни ёйишга қаратилган ҳаракатлари учун собиқ шўъролар ҳукуматининг илк кунлариданоқ диндорларга қарши бошланган таъқибларга нишон бўлган.

Шу тариқа, китоблари мусодара қилиниб-йўқотилгач, маърузаларига эса тақиқлар қўйила бошлагач, ёшгина Трозий ўз ҳаракатларини астан-секин Туркистон озодлигига қарата бошлаган.

Паранжи ҳимоячиси

Муҳими, ўша кезларда шўъро ҳукуматининг паранжини ечиш кампаниясига қаттиқ қарши чиққанлардан бири ҳам Мубашширхон Тарозий бўлган.

Аммо, 1930 йилларга бориб шўъро ҳукумати Тарозийнинг дин ва миллат йўлидаги ҳаракатларига тамомила чек қўйгач, у ўша даврдаги қатор исломий ўзбек олимлари каби Туркистонни тарк этиб, Афғонистонга кетишга мажбур бўлган.

Подшоҳга куёв, давлатга вазир

У кишининг ҳаёт йўли ҳақида битилган манбалардан бирида шундай ҳикоя қилинади:

"1930 yili Allomai Taroziy Buxoro orqali Afg’onistonga hijrat qilishga majbur bo’ldilar. U zotni Afg’oniston podshosi Muhammad Nodirshoh katta hurmat bilan kutib olib, odatdan tashqari Afg’oniston fuqarosi, podshohlik devoni bosh mudiri, deb e"lon qildi. SHuningdek, Afg’oniston adabiyot akademiyasi a"zosi va Afg’on qomusi hay"ati tahririga a"zo etib tayinlandilar", дейилади Мубашширхон Тарозийнинг ҳаёти битилган тарихий манбалардан бирида.

Мубашширхон Тарозий ҳазратлари ҳаёти, илмий изланиш ва ижодидан яхши хабардор қирғизистонлик уламо Содиқ қори Камолов юқоридаги манбада берилган маълумотларга яна баъзи жиҳатларни қўшимча қилди.

- Мубашширхон Тарозий муҳожир бўлишларига қарамай Афғонистонга борганларидан сўнг Афғонистон Маданият вазири бўлган. Афғонистоннинг ўша вақтдаги подшосига куёв ҳам бўлган. Бу кишининг ўша пайтлардаёқ диний, сиёсий илмлари жуда юқори бўлган. Шунинг учун жуда юқори баҳоланган сиёсий арбоб бўлганлар. У киши Арабистон, Покистон, Афғонистон, Ҳиндистон диёрларида Туркистондан борган, жуда катта обрўга эга бўлган зот сифатида ном чиқарган, дея хотирлайди қирғизистонлик уламо Содиқ қори Камолов.

Туркистон қайғуси

Кам сонли тарихий манбалар ва уламолар ҳикояларидан тушунилишича, уч тилда мукаммал сўзлаша олган ҳамда Исломнинг тафсир, фиқҳ йўналишлари, араб адабиётини чуқур билган бу олим собиқ шўъро ҳукумати таъқиблари боис муҳожиратга юз тутганидан сўнг, бутун эътиборини она юрти - ўша вақтда Туркистон, деб номланган диёрга қайтиш, уни шўъролардан озод қилишга қаратган.

Зеро, Ўзбекистондан муҳожиратга кетганларнинг аксарияти ўша кезларда Афғонистондан бошпана топган ва уларни бирлаштирган асосий жиҳат Туркистон қайғуси бўлган.

Мубашширхон Тарозийни аввалига Афғонистонда, кейинчалик Саудия Арабистонида кўп бора кўрган ва у киши билан суҳбатлар қурган асли ўзбекистонлик, ҳозир Саудия Арабистонида яшаётган кекса муҳожир Зуҳриддин Туркистоний хотираларини Озодликка сўзлаб берди.

- У кишини биринчи бор кўрганимда 12-13 яшар бола эдим. Афғонистонда у пайтларда Туркистондан борган муҳожирлар бирга эдилар. Мен эса ўша пайтларда "босмачи" деб Туркистондан қувилган Шерматбой ва унинг укаси ўғиллари билан бирга ўйнаб юрган, ёш болалик пайтларим эди. Биринчи марта ўшанда кўрганман Мубашширхон Тарозийни. У киши у вақтларда Афғонистондан сиёсий бошпана олган ва фақат илм билан шуғулланган пайтлари эди, дея хотирлайди Зуҳриддин Туркистоний.

Сиёсий музокаралар

Туркистоний Мубашширхон Тарозий ва унинг Бухоро амири Олимхонга куёв бўлган ўғли Насруллохон Тарозийлар ҳаётини жуда яхши билган, ҳаёти давомида улар билан кўплаб суҳбатлар қурган муҳожирлардан биридир.

Унинг сўзларига кўра, Мубашширхон Тарозий умри давомида ислом дини ва айни пайтда Туркистон озодлиги учун курашган сиёсий лидерлардан бири бўлган.

- Кейинчалик, Афғонистонда кўришганимиздан 30 йиллар ўтиб, мен у киши билан Риёдда кўришганман. Ўшанда ва кейин ҳам биз у киши билан Туркистон озодлигига қандай қилиб эришиш мумкинлиги ҳақида кўплаб суҳбатлар қурганмиз. Бу киши бутун умри давомида Арабистондаги қироллар, подшоҳлар билан ҳам шу масалаларда кўплаб музокаралар юритган эдилар, дея хотирлайди Зуҳриддин Туркистоний.

Мубашширхон Тарозий маълум муддат Афғонистонда яшагач, кейинчалик Саудия Арабистони ва кейин Мисрга кўчиб ўтган ҳамда умрининг охирги йилларига қадар Қоҳирада яшаган.

Туркистон тарихидан сабоқлар


Мубашширхон Тарозий умрининг сўнгги йилларида, Қоҳирада.
Мубашширхон Тарозий умрининг сўнгги йилларида, Қоҳирада.
Мисрда яшаган кезларида Мубашширхон Тарозий олий ўқув юртларида ислом дини ва Туркистон тарихидан дарс берган.

Айни пайтда ўз даврининг етук олими сифатида ном қозонган Тарозий ва у кишининг ўғли Насруллохонларга Қоҳирадаги энг катта кутубхонанинг раҳбарлиги берилган.

Тарозий Мисрда чоғларида жами 47 та китоб ёзгани манбаларда қайд этилади. Аксарияти араб ва форс тилларида ёзилган бу китоблар Миср, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Покистон, Индонезия, Туркияда чоп этилган.

Унинг асарларида, асосан Ислом илми, фиқҳ илми, пайғамбарлар ҳаёти, Умар Ҳайём рубоийлари шарҳи, Исломда аскарлик, жиҳод каби мавзуларда гап борган.

Бундан ташқари, Мубашширхон Тарозий Ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга эргашган умматнинг бирлашиши учун кўп уринишлар қилган, изланган дин арбобларидан бири сифатида ҳам қадрланади.

Ўзга юртларда қолган мерос

Асли Жамбилда туғилган, кейинчалик Тошкент, Бухоро мадрасаларида илм олиб, улуғ аллома сифатида ном таратган Тарозийнинг асарлари, диний ва илмий мероси араб ўлкаларидаги йирик илм даргоҳларидаги меросга айланган.

- Афсуски, у кишининг асарлари ҳануз бизнинг ўлкалардаги мусулмонлар, Тарозийнинг асл миллатдошлари қўлларига етиб келмаган, дейди қирғизистонлик уламо Содиқ қори Камолов.

Муҳожиратдаги эҳтиром

Саййид Абу Наср Мубашширхон Тарозий 1977 йилнинг феврал ойида 83 ёшида Мисрда вафот этган.

Тарихий манбаларда ёзилишча, Мубашширхон Тарозийнинг жаноза маросимида араб диёри ҳамда Ислом оламида танилган олимлар, сиёсатчилар, бундан ташқари қироллик ва давлат раҳбарлари иштирок этган.

Собиқ совет замонида юртидан қувилган олим ҳам дин, ҳам давлат арбоби ўлароқ ҳозир ҳам Миср, Саудия Арабистони, Покистон, Туркия, Индонезия, Ҳиндистон ва ҳатто Япониядаги диний илм даргоҳларида хотирланади.

Бу давлатлардан бир нечасидаги Исломий илмий тадқиқот марказларида ҳануз Мубашширхон Тарозий ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий изланишлар давом этмоқда.

Қуйида "Ўзбек имомлари" рукнининг ушбу олимга бағишланган сонини тўлиқ тинглашингиз мумкин.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:41 0:00
Бевосита линк


Ўзбек имомлари ҳақида Озодликка билдиринг!

Биз ўзбекистонлик мусулмонларга илм берган ва уларнинг ҳаётида чуқур из қолдирган аҳли илмлар ҳақида имконимиз қадар хотирлашга ҳаракат қиляпмиз.

Шу вақтгача ҳикоя қилганимиз ўндан ортиқ ўзбек имомининг кўпчилиги ҳақидаги маълумотларни сиз азиз мушатрий кўмагида йиғдик ва бунинг учун сизлардан миннатдорлигимизни билдирамиз!

Саййид Абу Наср Мубашширхон Тарозий ҳақида тўплаганимиз бир ҳовучгина маълумотга қўшимчалар бўлса ҳамда буни Озодлик тингловчиларига билдириш истаги бўлса, марҳамат, бизга мурожаат қилинг!

Зеро, "Ўзбек имомлари" туркумидан олиб бораётганимиз лойиҳа бироз мушкуллиги, нодир маълумотларнинг озлигини инобатга олган ҳолда ҳар доим ёрдамингизга умид қиламиз.

Марҳамат, бизга мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org

бизга қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437, +420 608 549 460(моб)
XS
SM
MD
LG