Линклар

Тошкент вилояти Янгийўл тумани турғуни, 54 ёшли Шуҳрат Бектўраев ўтган ҳафтада ноқонуний қурол сақлаганликда айбланиб, қўлга олинди.


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг Озодликка билдиришича, Бектўраев Ўзбекистон бўйлаб ўтказилаëтган “Антитеррор-Тозалаш” кенг қамровли тадбири давомида қўлга олинган.

Ички ишлар вазирлиги ходимларининг айтганига кўра¸ Шуҳрат Бектўраевнинг ҳовлиси тинтув қилинганида омборхонадан 1 дона АКС-74 автомат қуролига тегишли ўқдон ва 27 дона жанговар ўқ топилган.

Шуҳрат Бектўраев яшаган Янгийўлдаги “Гулбаҳор” маҳалласининг ўз исмини айтмаган фуқароси Озодлик билан суҳбатда бутун маҳалладаги уйлар тинтилганини айтди. Айни пайтда суҳбатдош Бектўраевни "яхши одам" дея таърифлаб, унинг уйида ўқ сақлаганлигига шубҳа билдирди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати мулозимлари эса Бектўраевнинг уйидаги тинтув тегишли тартибда, холислар иштирокида ўтказилганини таъкидлаб, ўқдон ва ўқлар сурати ИИВ расмий сайти бош саҳифасида эълон қилинганини билдиришди.

Вазирлик расмий сайтида Янгийўл туманидаги фуқародан мусодара қилинган ов милтиғининг ҳам сурати илова қилинган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг Озодликка билдиришича, бу ов милтиғи Янгийўл туман Қўшёғоч маҳалласида яшовчи 61 ёшли Бахтиёр Утеловдан мусодара қилинган.

Утелов 16 калибрли ов милтиғини изнсиз сақлаганликда айбланган.

Отамерос пилта милтиқ учун жарима

Бутун Ўзбекистон бўйлаб ўтказилаëтган “Антитеррор-тозалаш” тадбири доирасида Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Бирлашган қишлоғида яшовчи Лутфулла Хайруллаев ноқонуний қурол сақлаш айби билан жаримага тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги “Диёнат” газетаси хабар берди.

Мазкур хабарда ëзилишича, милиция ходимлари “Антитеррор-тозалаш” тадбирида Хайруллаев яшаган уйга кирган. Уй эгаси ўзининг айбсизлигига ишониб, сандиқда отасидан қолган эски ов милтиғи борлигини айтган.

Милиция ходимлари бу “алмисоқдан қолган” милтиқни тафтиш қилиб, сўнгги пайтларда ишлатилмаган бўлса-да, ўқ отишга яроқли, деган хулосага келишган.
Ноқонуний қурол сақлашда айбланган уй эгасига 1,2 миллион сўм жарима солинган, милтиқ эса давлат фойдасига мусодара қилинган.

Сурхондарëнинг "Кўҳитанг" ширкат хўжалигида яшайдиган 40 ёшли Тўлқин Нориев ҳам бобосидан қолган 12 калибрли милтиқ билан овга чиққанликда айбланиб, жазога тортилди.

Тўлқин Нориев қўлга олинганда унга тегишли дурбин, болта ва ошпичоқлар ҳам мусодара қилинган.

Ўзбекистонда ўқотар қурол билан боғлиқ жиноятлар мазмунига қаралса, оддий овчилардан кўра табел қуролига соҳиб ходимлар кўпроқ жиноят қилаëтгани аëн бўлади.

Бундан бир неча йил олдин Урганчдаги қамоқхона нозири ўзига берилган АКС автомат қуролини уйига олиб кетиб, қайнонасини отиб ўлдирган эди.

Айни пайтда Жиззах вилоят суди 2013 йил бошида ўз укалари Дилшод ва Муҳаммадларни ов милтиғи билан отиб ўлдирган истеъфодаги милиция полковниги Тўлқин Довурбоевнинг жиноят ишини кўриб чиқмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG