Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:45

UzMetronom иш бошлади: Президентни подшоҳ демоқдалар


Ўзбекистон Ҳарбий прокуратурасининг 24 июл кунги огоҳлантируви билан ишини вақтинча тўхтатганини маълум қилган UzMetronom мустақил интернет газетаси яна иш бошлади. Қисқа танаффусдан кейин чоп этилган илк мақолага "Президентни подшоҳ дея бошладилар" дейилган сарловҳа қўйилди.


Одатдаги анъанасига мувофиқ 29 июл — душанба куни газеталар шарҳини чоп этган UzMetronom мустақил интернет нашри тўрт кунлик танаффусдан сўнг яна иш бошлади.

Бунга қадар бу нашр Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасининг огоҳлантирувидан сўнг вақтинча ишини тўхтатганини хабар қилган эди.

Бу борада Озодликка интервю берган нашр муҳаррири Сергей Ежков 24 июл куни Ҳарбий прокуратурадан огоҳлантирув хати олгани ва унда журналистнинг ўзбек-қирғиз чегарасида 23 июл куни содир бўлган низоли воқеани ëритиб, мавжуд қонунларни бузгани борасида огоҳлантирилганини айтган эди.

29 июл куни ишини қайта бошлаган сайт илк мақоласига "Президентни подшоҳ дея бошладилар" деган сарловҳа қўйди.

Республикада чиқадиган нисбатан кўп сонли матбаа нашрларини шарҳлаган журналист "Туркистон" газетасида чоп этилган бир мақолани шарҳлар экан: "... Оллоҳга минг бор шукр қиламизки, бизга шундай донишманд ва адолатли подшоҳни берган (сўзма-сўз таржима қилинди)!" деган иқтибосни келтирди.

Бундан ташқари, бу галги шарҳида UzMetronom расмий газеталарда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов шаънига қаратилган мақтовлардан иборат мақолалар сони ортаётгани ҳақида хабар берди.

Хусусан, мамлакатнинг турли бурчакларида истиқомат қилаётган ўзбекистонликларнинг "Ислом Каримов менинг доимий президентим!" мазмунида битган мактублари кўп чоп этилаётганига эътибор қаратди.

Бунга қадар 25 июл куни Ўзбекистон ичида фаолият олиб борган UzMetronom таҳририяти вақтинча сукут сақлашга қарор қилганини маълум қилди.

"Биз тайм-аут олиб, ахборот ресурсини янгилаб туришни вақтинча тўхтатишга қарор қилдик. Ҳозирча биз бу жимлик қанча давом этишини билмаймиз - бир кунми, икки кунми, ўн кунми, бир ойми", деб ëзди Ежков.

Озодлик билан суҳбатда Сергей Ежков 24 июл куни республика Ҳарбий прокуратурасидан олган расмий огоҳлантирув хатида ўзбек-қирғиз чегарасидаги низоли воқеани ëритиб, мавжуд қонунларни бузгани борасида огоҳлантирилганини айтган.

Ҳарбий прокуратура ўз огоҳлантирувида UzMetronom ëйинлаган ахборот ”Ўзбек-қирғиз чегарасидаги ижтимоий-сиëсий вазиятни издан чиқариб, чегараолди аҳолиси ўртасида тарангликни юзага келтириб, икки давлат муносабатларига зарар бериши” мумкинлигини таъкидлаган.

Шу билан бирга, Ҳарбий прокуратура UzMetronom нашрига оммавий ахборот воситаси сифатида қараб, муҳаррир Сергей Ежков “ўзбошимчалик билан қонунларни бузишда давом этса, маъмурий, сўнгра эса жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида” жиддий огоҳлантирган эди.

UzMetronom нашри муҳаррири Ежков Озодлик билан суҳбатда Ҳарбий прокуратура огоҳлантиришига сабаб бўладиган қонунбузарлик амалини содир қилмаганини айтган.

- Мен Ҳарбий прокуратура менга нима сабабдан огоҳлантирув юборганини тушуна олмаяпман. Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси мулозими, подполковник Юнус Муталиев ҳам мен қайси қонунни бузганлигимни аниқ айта олмади. Шундан келиб чиқиб, мен Ҳарбий прокуратура ҳаракатлари асоссиз, деб биламан¸ - деган эди Ўзбекистон ичида фаолият юритаëтган саноқли журналистлардан бири, 60 ёшли Сергей Ежков.

UzMetronom мустақил интернет газетаси 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонни халқаро журналистлар тарк қилиши ортидан мамлакатда юзага келган ахборот бўшлиғи даври эҳтиёжи ўлароқ 2006 йилда ташкил қилинган.

Сайт узоқ вақт “Ўзбекистон махсус хизматларига яқин” деган тамға билан юрса-да¸ чет эл матбуоти энг кўп иқтибос келтирадиган Ўзбекистон ичидаги нашрга айланди.

Сайтга асос солган Сергей Ежков бундан олдин узоқ йиллар "Правда Востока" газетасида ишлаган.

Сергей Ежков 2000 йилда "Очиқ жамият институти"нинг эркин матбуот бўйича мукофотига сазовор бўлган.
XS
SM
MD
LG