Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:59

Беларусдаги автоҳалокатда 4 ўзбек муҳожири нобуд бўлди


Беларуснинг Витебск вилоятидаги автоҳалокатда нобуд бўлган ўн йўловчидан тўрттаси Ўзбекистон фуқароси бўлиб чиқди. Витебск терговчиларининг дастлабки хулосасига кўра, “Опел” русумидаги автомобилни бошқараётган ўзбек ухлаб қолиб, қарама-қарши йўналишда келаётган “Мерседес” микроавтобуси билан тўқнашиб кетган.

Беларуснинг Витебск вилояти Орша туманидаги Санкт-Петербург — Одесса автомобил йўлида 28 июл куни эрталаб рўй берган автоҳалокатда 10 йўловчи нобуд бўлди.

Эрталабки соат 7:15 ларда “Opel Omega” русумидаги енгил машина ”Mercedes Sprinter” русумидаги микроавтобус билан тўқнашиб кетгани оқибатида тўққиз киши воқеа жойида нобуд бўлди, яна бир украиналик тан жароҳатларидан шифохонада жон берди.

“Opel Omega”да кетаётган беш кишининг тўрт нафари Ўзбекистон фуқароси, бири Озарбайжон фуқароси экани маълум бўлди. ”Mercedes Sprinter” микроавтобусида бўлган 14 йўловчидан тўрт нафари ўлган, 11 киши касалхонага ётқизилган.



Беларуснинг Витебск вилояти бўйича Тергов қўмитаси “Opel Omega”да аниқланган ҳужжатлар бўйича ўзбекистонлик муҳожирлар исми-фамилиясини очиқлади:

1. Қодиров Муродбек Оромбоевич, 23.05.1990 й. туғилган; Хоразм вилояти, Ҳазорасп тумани фуқароси;

2. Мўминов Жамшид Рустамович, 22.05.1978 й. туғилган; Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридан;

3. Эгамбердиев Қодирбек Бахтиёрович. 22.11.1973 й. туғилган; Тошкент шаҳри фуқароси;

4. Примов Маҳмуд Шотураевич; 10.05.1961 й. туғилган; Қашқадарё вилояти Қамаши туманидан;

5. Мирзаев Алишер Абилқосимович; 17.04.1984 й. туғилган; Қашқадарё вилояти Қамаши туманидан;

6. Ҳасанов Ҳасан; 13.09.1969 й. туғилган; Озарбайжоннинг Жалолобод шаҳридан.


Автоҳалокатдан сўнг 72-сонли Орша шаҳар шифохонасига олиб келинганлар орасида битта ўзбекистонлик қолмоқда.

- Ўзбекистондан бир киши шифохонамизда қолмоқда – Қодиров Муродбек. Жами автоҳалокат жойидан бизга 11 кишини олиб келишган эди. Қодировнинг ҳолати ўртача оғирликда қолмоқда, деди ўзини таништирмаган Орша шаҳар шифохонаси ходимаси.

Витебск вилояти бўйича Тергов қўмитаси расмийси Юлия Гончарова оммавий ахборот воситаларига тўқнашувга “Opel Omega” автомашинаси ҳайдовчиси хатоси сабаб бўлгани тахмин қилинаётганини маълум қилди.

- “Opel” ҳайдовчиси ухлаб қолган бўлиши мумкинлиги тахмин қилиняпти, чунки транспорт воситаси ҳаракатланиш механизмида тормозлаш излари аниқланмади. Бу автомобил қарама-қарши томонга чиқиб кетгани кўриниб турибди. Айни пайтда, об-ҳаво яхши, ҳаракатланишга тўсиқлик қилувчи бирор омил мавжудлиги кузатилмаган. Йўл қопламаси текис эди, дея хабар қилди Беларус Тергов қўмитаси расмийси Юлия Гончарова.

Воқеа бўйича жиноий иш қўзғатилган. Тергов қўмитасида ҳодиса юзасидан Украина ва Ўзбекистон элчихоналарига билдиришнома юборилганини маълум қилишди.

Шунингдек, Озодликка Тергов қўмитаси томонидан ҳодисанинг микроавтобус ортидан кетаётган автомашина регистраторидан олинган ва тергов ишига илова қилинган видеоёзув тақдим қилинди.

Маълум бўлишича, “Opel Omega” автомашинасида Петербург томон кетаётган ўзбекистонликлар Россия Федерациясининг Езеришче чегара пункти ва Украинанинг Нова Гута чегара постида қайддан ўтиб, ортга қайтиш учун кетаётган эди.

Озодликнинг мухлисларидан бири қашқадарёлик Шавкат ака ҳам Россия миграция қонунчилигига риоя қилган ҳолда йилда бир маротаба Украина чегарасигача бориб-келишини айтади.

У Россияда ишлаётган мигрантлар вокзал ва йўллардаги ортиқча текшир-текширсиз чегарадан ташқарига чиқиб келишни афзал кўриши сабабларини Озодликка тушунтирди.

- Мен ҳар бир йилда патентим тугаганидан кейин Украинага чиқиб келаман. Бориб-келишингиз 3 минг- 3,5 минг бўлади. Агар срокингиз ўтган бўлса штраф тўлайсиз. Ўзингиз Россия таможнясидан бориб, кирди-чиқдига печат ўрдириб оласиз. Кейин Россияга қайтиб кириб келаверасиз. Ўзбекистонликлар ҳам, тожикистонликлар ҳам, қирғизлар ҳам - ҳаммаси таксида бориб келади. Поезддан кўра қулай-да. Нима қилайлик – бормасак бир йилдан кейин бизларни ҳам қўймайди, дейди кириб-чиқиш муаммоси билан йилига бир маротаба тўқнашишини гапирган қашқадарёлик Шавкат ака.

Регистрациясини янгилаш учун чегарага бораётган ўзбек муҳожирларининг йўлда автоҳалокатга учраши биринчи маротаба кузатилаётгани йўқ.

2012 йилнинг 14 ноябрига ўтар кечаси Россиянинг Самара вилоятида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари кетаётган автобус ағдарилиб, 2 киши оғир жароҳат билан маҳаллий шифохонага ётқизилгани тўғрисида Озодлик Радиоси хабар берган эди.

Шунингдек, ўтган йилнинг 22 июлида Самара вилоятида регистрациясини янгилаш учун Қозоғистон чегарасига кетаётиб йўлда аварияга учраган Ўзбекистон фуқароларидан беш нафари нобуд бўлган, яна олти киши турли жароҳатлар билан касалхонага ëтқизилган эди.
XS
SM
MD
LG