Линклар

Марказий банк раиси Файзулла Муллажонов кўриниш берди


Ўзбекистон - Марказий банк раиси Файзулло Муллажонов (ўнгда).

Ўзбекистон - Марказий банк раиси Файзулло Муллажонов (ўнгда).

Ўзбекистон Марказий банкида ярим йиллик фаолият натижаларига бағишлаб, шанба куни ўтказилган мажлисда банк раиси Файзулла Муллажонов қатнашгани хабар қилинди. 63 яшар Муллажонов 13 июлдан буён соғлиги ёмонлашгани боис хизмат вазифасини тарк этган ва қачон ишга қайтиши номаълум қолаётган эди.


Шанба 27 июл куни Ўзбекистон Марказий банкида ярим йиллик фаолиятнинг молиявий натижаларига бағишланган йиғилиш бўлди.

Озодликнинг Тошкентдаги банклардан бирида ишлайдиган манбаси йўллаган хабарга кўра, ушбу йиғилишда Ўзбекистон Марказий банки раиси Файзулла Муллажонов қатнашган.

Муллажонов шу йилнинг 13 июлида хасталик боис хизмат вазифасини тарк этган эди.

Расмий маълумотларда унинг кутилмаганда хасталангани ва оғир аҳволда Тошкентдаги шифохонага ётқизилгани, қачон ишга қайтиши эса номаълум экани айтилган.

Тошкентдаги манбанинг хабар қилишича, шанба куни Файзулла Муллажонов иштирокида ўтган мажлис аввалгилардан фарқли бўлган.

"Мажлис ҳар доимгидек соат 11 да эмас, балки эрталаб соат 9 да бошланиб, бир соат атрофида давом этди. Одатда, бундай йиғинлар 3-4 соатча чўзиларди. Мажлисни Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Мустафоев олиб борди, раис эса бошланғич икки оғиз нутқ сўзлаш билан чекланди. Муллажнов йиғин тугашидан аввалроқ мажлисни тарк этган", деб ёзди Тошкентдаги банклардан бирида ишлайдиган, исми ошкор қилинмаслигини сўраган манба.

Бунга қадар 2013 йил биринчи олти ойи якунларига бағишланган мажлис Файзулла Муллажонов касалхонага ётқизилгани боис қолдирилган эди.

63 яшар Файзулла Муллажонов 13 июл куни буйрак хасталиги билан Тошкентдаги Республика ихтисослашган жарроҳлик марказига ётқизилгани ҳақида Озодлик хабар қилган.

“Москвадан таклиф қилинган мутахассислар ёрдамида унинг ўпкасини тозалашди”, дея аниқлаштирган Озодлик манбаси.

Асли Сирдарёда туғилган, 1971 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини тугатганидан буён банк тизимида ишлаб келаётган Файзулла Муллажонов 1991 йил - Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён Ўзбекистон Марказий банкига раислик қилиб келмоқда.

Бунга қадар унинг бирор сабаб билан хизмат вазифасини тарк этгани ҳақида жиддий хабар кузатилмаган эди.

Ўзбекистонда ўз лавозимини ўзгартирмай келаётган юқори лавозимли мулозимлардан яна бири Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг раиси Рустам Иноятов бўлса, яна бири Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG