Линклар

Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятига қарашли Сўх экславида истиқомат қилувчи, ҳозирда Россияда ишлаб юрган бир неча ўзбекистонлик Озодлик билан боғланиб, ҳамқишлоқлари Ўзбекистонга ҳануз узун йилдан қатнаётгани, натижада ҳам вақтдан, ҳам пулдан ютқизаётганларидан шикоят қилди.

Жорий йил бошида сўхликлар ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида содир бўлган инцидентдан кейин қўшни мамлакатнинг атрофи Ўзбекистон билан ўралган Барак эксклави аҳолиси ҳам йўлсизликдан қийналмоқда.


Ўзини Саиджон Азизов, деб таништирган сўхлик йигит, айтишича, Сўхдан Россияга қайтганига 3 ой бўлди.

- Қирғизистон аҳолиси билан бизнинг аҳоли ўртасида шундай мурасасизлик бўлаяпти. Чегарачилар хоҳласа ўтказади, хоҳламаса ўтказмайди, хоҳлаган пайтида ëпади. Яна уч-тўрт соат таможняда турасиз очеред пойлаб.

Озодлик: Ҳозир сизлар Сўхдан Риштон орқали чиқаяпсизларми ëки Водил орқалими?

- Водил орқали.

Озодлик: Риштон орқали йўл билан ҳозирги Водил орқали ўтадиган йўл орасидаги фарқ қанча?

- 110 километр фарқи бор. Риштонга борадиган бўлсак, 3500-4000 сўмга борадиган эдик, борардик. Ҳозир Риштонгача 25-30-35 минг. Бир хил сўхликларнинг 50 мингга келган вақтлари ҳам бўлган.

Озодлик: Сиз ўзингиз уч ой олдин Сўхдан Ўзбекистонга етиб олишингиз учун неча пул сарфладингиз?

- 28 минг фақат Риштонгача. Фарғона билан келдик Риштонгача. 28 минг йўлкира. Бу бир томондан боришга. Қайтишга яна шунча пул. Бу дегани Риштонга бориб келиш учун 50-60 минг пул керак,
деди сўхлик Саиджон Азизов.

Унинг айтганларига ўхшаш гапларни бошқа сўхликлардан ҳам эшитдик.

Сўхликларнинг йўл билан боғлиқ муаммолари жорий йил 5 январида Қирғизистон чегарачилари билан Сўх эксклавининг Хушёр қишлоғи аҳолиси ўртасида содир бўлган инцидент билан боғлиқ.

Ўшанда қирғиз чегарачилари ўзбек-қирғиз чегарасидаги баҳсли экани айтилаётган ҳудудга симёғочлар ўрнатганига хушёрликлар норозилик билдирган, ўртада чиққан ўзаро тўқнашув оқибатида 6-7 январ кунлари қирғиз чегарачилари ўқ отишга мажбур бўлган ва хушёрликлар томонидан 30 қирғизистонлик гаровга олинган эди.

7 январ куни жанжалнинг кескин фазаси тўхтатилган.

Мазкур воқеадан сўнг Сўх эксклави бир муддат қамал ҳолатида қолган, кейинроқ икки давлат расмийлари сўзлашувлари натижасида икки мамлакат ўртасидаги баъзи чегара пунктлари очилганди. Бироқ энди сўхликлар Ўзбекистонга Риштон орқали қисқа йўл билан эмас, Водил орқали узун йўл билан қатнашга мажбур эди.

Сўх инциденти атрофи Андижон вилояти ерлари билан ўралган Қирғизистонга қарашли Барак қишлоғи аҳолиси ҳаётига ҳам таъсир қилган.

Баракликлар ҳам мана бир неча ойдирки, Қирғизистонга қисқа йўлдан қатнай олмаяпти.

Бу вазиятдан норози бўлган Барак қишлоғи аҳолиси сўнгги бор жорий ой бошида – 3 июль куни Ўш вилоят ҳокимлиги биноси олдида норозилик акцияси ўтказди.

Ўзбекистоннинг Сўх ва Қирғизистоннинг Барак эксклавлари аҳолисининг йўл билан боғлиқ муаммолари қачон ҳал бўлади?

Бу саволга Ўзбекистон расмийларидан жавоб олиш имконсиз қолмоқда.
Қирғиз Республикаси Давлат чегара хизмати матбуот хизмати вакили Гулмира Бўрубаева Озодлик саволига жавоб берар экан, жорий вазиятни таърифлаб қўйиш билан чекланди.

-Барак қишлоғи бўйича масалани Ўзбекистон томони ҳанузгача ҳал қилгани йўқ. Ўтиш тартиби соддалаштирилган чегара пункти ёпиқ қолмоқда, деди Гулмира Бўрубаева.

Ўзбекистоннинг эксклавига тўхталар экан, у “Сўх масаласи юзасидан икки давлат расмийлари ўртасида эришилган келишувга Қирғизистон томони риоя қилмоқда”, деди.

Келишувнинг мазмуни эса, жайдари тил билан айтганда, боя айтилган гап: қисқа йўл ёпиқ, узун йўл очиқ.

Гулмира Бўрубаевага биз айнан шу масалага, яъни қисқа йўлнинг очилишига қизиқаётганимизни айтдик. У “бу масала юзасидан ўз раҳбариятидан қўшимча маълумот олиши кераклигини, лекин ҳар ҳолда Ўзбекистон томонидан шу пайтгача бу ҳақда мурожаат бўлмаганини” айтиш билан чекланди.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳодир Элибоев Сўх инциденти ва унинг оқибатларидан яхши хабардор.

Озодлик саволларига жавоб берар экан, Элибоев бундай деди:

- Сўх аҳволи ўша-ўша қолаяпти. Йўл Водилдан йўл жорий қилинган. Сўхликларга қимматга тушаяпти.

Озодлик: Россиядан телефон қилган йигит ҳам “Олдин Риштонга 3-4 мингга бориб олардик. Ҳозир шахсан мен уч ой олдин 28 минг бердим” деди.

- Ҳа шунақа. Қимматга тушиб кетаяпти.

Озодлик: Бошқа муаммо йўқми?

- Гапирса проблема катта. БЙўлсизликдан фақат ўзбеклар эмас, қирғизлар ҳам зиëн кўраяпти аслида.


Хуллас, йил бошидаги инцидент туфайли вужудга келган вазиятдан икки қўшни давлатнинг оддий аҳолиси азият чекмоқда.

Вазият чигаллигини ҳал қилиши лозим бўлган Тошкент ва Бишкекнинг эса, бу йўналишда босган қадамлари жамоатчиликка сезилмаяпти.

Боз устига, кейинги ойларда юз берган яна бир-икки инцидент Сўх муаммоси ечимини янада оғирлаштирадиган кўринади.

Ўтган ойда - 20 июнга ўтар кечаси Фарғона вилоятининг Фарғона тумани ва Боткеннинг Қадамжой тумани ўртасида Ўзбекистон чегарачиси қирғизистонлик 37 ёшли Бақит Тағаевни отиб ўлдиргани хабар қилинган эди.

Қирғизистон томони ўзбек чегарачиси Бақит Тағаевни қирғиз ҳудуди ичкарисига 200 метргача қувиб кириб, отиб ўлдирганини иддао қилган эди.

Орадан бир ой ўтиб – 23 июль куни Наманган вилояти Уйчи туманининг қўшни Қирғизистоннинг Ахси туманига туташ чегара ҳудудида икки давлат чегарачилари ўртасида отишма содир бўлиб, ўзбекистонлик икки аскар ҳалок бўлди.
XS
SM
MD
LG