Линклар

Латвия Молиявий назорат комиссияси TeliaSonera уяли алоқа ширкатининг Ўзбекистондан лицензия олиш учун Ригадаги Parex банки орқали Takilant Ltd ширкатига ўтказган пуллари бўйича текширув бошлади. Бу пул ўтказмаси 2007 йилда - TeliaSonera Ўзбекистонда фаолиятини бошлаш учун коррупцион йўл билан лицензия сотиб олгани иддао қилинган пайтда амалга оширилган.

Латвиянинг Молиявий назорат комиссияси — FCMC мамлакатдаги иккинчи йирик банк саналган Parex банкининг 2007 йилда амалга оширган пул ўтказмаларини текширишга киришди.

Бу банк номи Швециядаги TeliaSonera ширкати ва унинг Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримовага қарашли экани иддао қилинган Takilant Ltd. фирмаси билан ноқнуний пул ўтказамаларига оид текширувларда тилга олинган.

FCMC матбуот вакили Мария Макаревица текширув Parex банкидаги ҳисобга TeliaSonera ширкати томонидан амалга оширилган пул ўтказмаларига оид шубҳалар ортидан бошланганини тасдиқлади.

- Бу Швецияда ўзбек мобил ширкатига ўтказилган маблағлар юзасидан олиб борилаётган суриштирувларнинг бир қисми. Parex бўйича текширув жараёни энди бошланди, натижалар ҳақида ҳозирча гапиришга эрта, - деди Макаревица Озодлик билан суҳбатда.

Ўтган йили Швециянинг SVT телеканали журналистлари текширув ўтказиб, TeliaSonera ширкати олти йил аввал Ўзбекистонда лицензия олиш учун Гибралтардаги Takilant Ltd ширкатига 2 миллиард 200 миллион швед крони ёки 320 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни тўлаганини аниқлаган ва бу пулларнинг пора сифатида тўланганини иддао қилган эди.

Бу ширкатнинг эса Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага алоқадор экани иддао қилинади.

Журналистлар аниқлаган бу маълумотлар ортидан Швеция прокуратураси Скандинавия ярим оролидаги энг йирик телекоммунакация ширкати саналган TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистондаги фаолияти юзасидан тергов бошлаган.

Бу иш юзасидан TeliaSonera сўрови билан текширув ўтказган Швециядаги Mannheimer Swartling юридик ширкати эса маблағлар Гибралтардаги Takilant Ltd ширкатининг Nordea ва Parex банкидаги ҳисобларига ўтказилганини аниқлаган.

Натижада, Takilant Ltd. фирмасининг Nordea банкидаги активлари Швеция прокуратураси томонидан пора олиш ва пул ювиш жиноятига алоқадорликка оид тергов доирасида музлатиб қўйилган эди.

Бундан ташқари, Швеция ҳукумати қошидаги Молиявий назорат идораси пул ювиш жиноятига қарши етарли чора кўрмагани ва ўз мижози бўлган Takilant Ltd. ҳисоб рақамига тушаётган пул манбасини етарлича ўрганмагани учун Nordea банкига 30 миллион швед кронаси миқдорида жарима ҳам солган эди.

Аммо Takilant Ltd. фирмасининг Ригадаги Parex банкида очилган ҳисоб рақамлари дахлсиз қолаётган эди.

Зеро, сўнгги йилларда айнан Латвия собиқ совет ўлкалари учун молиявий оффшор ҳудудга айланган давлатлардан бири сифатида эътироф қилиб келинмоқда.

2004 йилда Европа Иттифоқига аъзо бўлган, 2014 йилнинг 1 январидан Евро ҳудудига кириши кутилаётган Латвия ҳукумати расмийлари эса бу иддаоларни рад этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG