Линклар

logo-print
Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари бозорларининг муҳожирлар тўпланадиган объектларида полиция рейдлари давом этмоқда. “Ноқонуний муҳожир ови”га ҳуқуқ-тартибот ва миграция идоралари ходимларидан ташқари бу шаҳарлардаги миллатчи гуруҳлар ҳам ружу қўяётгани кузатилмоқда.


Собянин рейдларни давом эттириш тарафдори


29 июл куни Москванинг Матвеевская бозорида полиция ва ОМОНнинг муҳожирларга қарши қаратилган махсус рейди уюштирилди.

Шаҳар полиция бошқармасида бу рейд 27 июл шанба куни тарвуз сотаётган доғистонлик фуқаро пойтахт жиноят-қидирув бўлими оператив ходими Антон Кудряшовнинг бошини уриб ёрганидан кейин амалга оширилганини маълум қилишди.

Аниқланишича, Кудряшов бозорга 15 яшар қизни зўрлаганликда айбланаётган доғистонлик Магомед Магомедовни қўлга олгани келганида, уни айбланувчининг ҳимоясига чиққан яқинлари дўппослаган.

Матвеевский бозорини қуршаб олган полиция ходимлари бозордагиларнинг савдо қилишга рухсатномаси, миграция ҳужжатлари ва сертификатларини текшира бошлаган.

Бу текширувлар шахсан Москва полиция бошқармаси раҳбари Анатолий Якунин буйруғи билан бажарилгани айтилди.

- Ҳодиса ортидан биз зудлик билан профилактика тарзида амалиёт ўтказдик. Кеча Матвеевский бозорининг ўзида 345 киши ҳибс этилди. Булар, асосан, хориж фуқаролари. Биласизки, президентимиз қарори билан хорижликлар бозорларда ишлаши тақиқланган. Улар туман бўлимларига олиб келинди, деди журналистлар олдида қилган чиқишида Анатолий Якунин.

Шунингдек, Москва полицияси раҳбари полиция ходими жароҳат олган Матвеевский бозори директори ишдан бўшатилгани, жиноятни содир этганликда айбланаётган Магомед Расулов Москвадан чиқиб кетаётганида қўлга олинганини хабар қилди.

Анатолий Якунин бундан буён Москвада бозорлардаги полиция облавалари тез-тез бўлиб туришини ҳам қўшимча қилди.

У охирги ойларда Москва полицияси ноқонуний миграция ташкил этганлик айби билан 250 та жиноят иши қўзғатгани, яқин орада яна 300 жиноят иши очилишини маълум қилди.

30 июл куни Бурденко номидаги Жарроҳлик институтида даволанаётган полиция ходимини кўргани келган Москванинг мэр лавозимини вақтинчалик эгаллаб келаётган Сергей Собянин ҳам полиция олиб бораётган амалиётлари тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

- Бу жуда тўғри, биз охирги пайтда Москва бўйлаб 30га яқин майда, ўрта, йирик бозорларни ёпдик. Булар қаторида Лужники, “Славянский мир” ва ҳоказо. Лекин бу амалиётлар етарли эмас экан, демак тартиб ўрнатишни давом эттириш керак. Уларни тинимсиз текшириш зарур, зеро Черкизонга ўхшаган бозорлар бошқа пайдо бўлмаслиги керак, деди Сергей Собянин.

Москва ҳокими полиция рейдларига, албатта санитария-назорат ва миграция хизмати идораларини ҳам жалб қилишни сўради.

Айни пайтда Озодликнинг Москвадаги бюросига шаҳар ва вилоятнинг турли жойларида ноқонуний муҳожирларни аниқлашга қаратилган оммавий облавалар давом этаётгани тўғрисида хабарлар келиши давом этмоқда.

Ўзини Фарҳод, деб таништирган тингловчи Москва вилояти Митишчи шаҳридаги масжиддан намоз ўқиб чиқаётган 700дан 1000 нафаргача одам полиция томонидан ҳибсга олиниб, турли полиция бўлинмаларига олиб кетилганини маълум қилди.

Москва полиция бошқармасида Озодликка бозорлардаги “тозалаш амалиётлари” 30 июл куни ҳам давом этаётгани, аллақачон 470 киши ушлаб қолинганини маълум қилишди.

“Муҳожир ови”га миллатчилар қўшилмоқда

Полиция ва миграция хизмати рейдлари нафақат Москва, балки Россиянинг шимолий пойтахти саналмиш Петербургда ҳам кескин кўпайгани айтилмоқда. Эндиликда бу рейдларга рус миллатчилари ва тақирбошлари қўшилгани кузатилмоқда.

Youtube порталида куни кеча пайдо бўлган ва маҳаллий миллатчилар томонидан тасвирга олинган видео Россия жамоатчилик эътиборини ўзига қаратди.

“Таёқ кўтарган блондинка ёки Русчасига Тозалаш” (Блондинка с битой или Русская Зачистка ) деб номланган видеода бир гуруҳ питерлик ёш миллатчи шаҳар кўчаларида савдо қилаётган муҳожирларни калтаклаб, сотаётган мева-сабзавотларини оёқ-ости қилаётгани тасвирланган.

Вақти-вақти билан кадрда таёқ кўтариб олган оқсоч қиз пайдо бўлади.

Қизиғи, миллатчиларнинг муҳожирларни калтаклаши, ҳақоратлаши, савдо дўконларини мол-мулки билан вайрон қилиши полиция ходимларининг бефарқ кузатуви остида олиб борилмоқда.



Москвада муҳожирлар ҳимояси билан шуғулланиб келаётган “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари маркази фаоли Баҳром Ҳамроев Озодликка Россия марказларида кучайиб бораётган миллатчилик кайфиятини бевосита ҳукумат олиб бораётган сиёсат билан боғлайди.

- Ҳуқуқ тартибот идоралари буни кўриб чиқадиган бўлса, уларни 282-модда бўйича жиноий жавобгарликка тортиш зарур. Россия полицияси, давлат ташкилоти вакиллари улар билан бирга юриб, меҳнат муҳожирларини дўппослаб, ҳаётига хавф солаяпти. Ҳақоратлар, “Ватанларингга кетинглар!”, деб қичқиришлар инсон ҳуқуқларининг камситилиши ёки инсон ҳаётига тажовуз, деб малакаланади. Биз бефарқ турмаймиз: бу ҳолатларнинг, жумладан Питерда юз берган жиноятни ўрганиб, бунга ҳуқуқий баҳо бериб, уларни жазолашни Россия ҳукуматидан сўраймиз, деди ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев.

Қуйида Баҳром Ҳамроев билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG