Линклар

Ўзбек қўшиқчиларининг турли жиноятларда айбланиб, қамоққа тушиши Ўзбекистон матбуот ëритмайдиган мавзулардан биридир. Шу жиҳатдан келиб чиқиб, Озодлик радиоси ўзбек шоу бизнеси вакилларининг панжара ортидаги тарихини ўрганди.

Туркманистонга тўйга борган хоразмлик қўшиқчи Бунëд Саидови “виза режимини бузди”, дея қўшни республикада ҳибсга олинди.

Ўтган ҳафтада қўлга олинган қўшиқчи туркман қамоқхонасидан 900 доллар миқдорида пул тўлаб, озод бўлди.

Унинг маъмури Озодликка билдиришича, Саидов Тошовуз вилоятининг Кўҳна Урганч шаҳридаги тўйга борган.

Базмдан кейин Тошовуздаги “Орзу” меҳмонхонасига келиб тунаганида Туркманистон хавфсизлик ҳизматлари “назарига” тушган.

Озодлик билан суҳбатда хонанданинг маъмури аслида қўшиқчининг виза қоидаларини бузмаганлигини айтди.

Чегара бўйида яшовчи Бунëд Саидов паспортга илова қилинадиган имтиëзли виза асосида Туркманистонга ўтишга ҳақли бўлган.

Шу тариқа, хоразмлик қўшиқчининг ҳақсизлик қурбони бўлгани айтилаëтган бир пайтда яна бир хоразмлик қўшиқчи Ўктам Аҳмедов порахўрлик ва кўпхотинликда айбланиб, панжара ортига ташланди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг Хоразм вилояти бўлими директори лавозимида ишлаган Ўктам Аҳмедов лицензия бериш эвазига санъаткорлардан бир милллион сўмдан уч миллион сўмгача пора талаб қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилди.

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти суди судяси Жаҳонали Ботировга кўра, хонандалар турли маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиши учун ҳам Аҳмедовга пора беришга мажбур бўлганлар.

Ўзбекистон расмий матбуотида Ўктам Аҳмедовнинг “Хусусий корхона очиб, ноқонуний равишда диск кўпайтириш ва сотиш билан шуғуллангани ва бир вақтнинг ўзида бир неча хотинга уйлангани” танқид қилинган мақолалар эълон қилинди.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Хоразм қўшиқчилигининг ҳушовоз вакили сифатида эътироф қилинган Ўктам Аҳмедов энди келаси 8 йил ичида фақат турмадаги ҳаваскорлик клубида ашула айтиши мумкин.

Қамоқхонадаги концерт

Тақдир тақозоси билан Қизилтепа қамоқхонасида жазо ўтаган Зойир исмли хоразмлик ашулачи турмада ҳам қўшиқ айтганини гапириб берди.

Суҳбатдошга кўра¸ Қизилтепа жазо муассасасида концертларни айни қамоқда жазо ўтаëтган диний воиз ва футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов ташкил қилади.

Маҳкум Ҳайрулла Ҳамидовнинг онаси Муқаддас опа Озодлик билан суҳбатда ўз ўғлининг “Қизилтепа қамоқхонаси клубида режиссëрлик қилиши, қамоқдаги маҳбусларни қайта тарбиялашга қаратилган тадбирлар уюштириши” ҳақида билдирган эди.

Наркотиклар савдосида айбланиб қамоққа кириб чиққан хоразмлик ҳофиз Зойиржон Хайрулла Ҳамидов ëзган мисраларни қўшиқ қилганини айтади.

Бу қўшиқ ëзилган диск 2011 йилда Озодлик радиосига етиб келган эди.

Дийдорни соғинган кўзлардан сўра.
Озодликнинг ўзи катта бахт экан,
Озодлик қадрини бизлардан сўра.


Наркотиклар савдосида айбланиб қамоқ жазосини ўтаб чиққан хоразмлик ҳофиз Зойиржон маҳбус Хайрулла Ҳамидов билан жазо муассасаси тарбиявий режасига уйғун тарзда “ижодий ҳамкорлик” қилганини айтади.

Ҳофизга кўра¸ бу ижодий ҳамкорлик меваси сифатида “Бизлар асир бўлдик” деган қўшиқ вужудга келган.

Ҳофиз Зойирбек ҳибсда бўлган 2011 йилда Қизилтепадаги қамоқхонага бир гуруҳ зиëли ва артист тарғибот тадбирини ўтказиш учун борган.

Тадбир қатнашчилари “Бизлар асир бўлдик ” деган қўшиқни қамоқ клубида Зойиржон ижросида эшитишган.

Кейин тадбир иштирокчиларидан бири бу қўшиқ ëзилган чипни ўз мусиқа асбоби ичига яшириб олиб чиқишга муваффақ бўлган - шу тариқа бу қўшиқ Озодлик радиосига етиб келди.

Бу қўшиқнинг Озодлик радиосида Ҳайрулла Ҳамидовга нисбат берилиб¸ эфирга узатилгани Қизилтепа қамоқхонасида кенг муҳокама қилинган.

Ўша пайтда Қизилтепа қамоқхонасида жазо ўтаган Равшан исмли маҳкуминг Озодликка билдиришича¸ қамоқхона ичида ëзилган қўшиқнинг ташқарига ким ва қай тарзда чиқаргани тафтиш қилинган.

Суҳбатдошнинг айтишича¸ бу ишда гумон қилинган бир неча одам карцерга ташланган.

Бу воқеадан кейин Навоий вилоятидаги 47-жазони ўташ муассасасида тарқатилган “Вақт” газетасида маҳкум Ҳайрулла Ҳамидов мақола эълон қилиб, бу қўшиқ матни ўзиники эмаслигини таъкидлади.

Айни мақолада Ҳамидов бу қўшиқни Навоий қамоқхонасида ëзилганини тасдиқлади.

Шу тариқа, Зойиржон ижро қилган “Бизлар асир бўлдик “ қўшиғи қамоқдаги ижод маҳсули сифатида тарихга кирди.

Хотиржам ичасан уйда чойингни,
Аëлинг тўшайди тунда жойингни¸
Бизлардек лойлама умр сойингни¸
Озодлик қадрини бизлардан сўра.

Қўлингга сув қуйса эркатой қизинг¸
Ўғлинг сочиқ тутар артгани юзинг¸
Қучоғингда порлар тунда юлдузинг¸
Озодлик қадрини бизлардан сўра.


Қамоқхона кўрган қўшиқчилар

Қўшиқчиларнинг қамоққа тушгани Ўзбекистондаги матбуотда деярли ëритилмайди.

Ўзини Феруза, деб таништирган ўзбекистонлик журналист у ëки бу таниқли қўшиқчининг қамоқдаги ўтмиши ҳақида ëзишга ҳам расмий матбуотда тақиқ борлигини айтади.

Масалан, ўзбек матбуотида Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг Ҳизбут Таҳрир фаоли бўлгани учун қамоқда жазо ўтагани эсланмайди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, бастакор, таниқли эстрада хонадаси Руслан Шарипов гиёҳвандликда айбланиб. жазога тортилгани борасида “матбуот” жимлик сақлайди.

Кинода “Шум бола” ролини ижро қилиб донғи чиққан Абдурайим Абдуваҳобовнинг панжара ортида бир муддат қолишига ҳам гиëҳвандлик сабаб қилиб кўрсатилади.

Ўзбекистонда ҳард рок ривожига ҳисса қўшган қўшиқчи Даврон Ғойипов 1987 йили "ўзбеклар иши", деб номланган жиноятда айбланиб, қамоққа олинган ва 1991 йилгача жазо ўтаган эди.

Ижтимоий-сиёсий мавзудаги қўшиқлари учун таъқиб остига олинган қўшиқчи Дадахон Ҳасанов 2006 йилнинг сентябрида Андижон воқеалари ҳақида ижро этган қўшиғи учун 3 йил шартли қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

Бу йил ëз бошида сўз устаси Ҳалима Иброҳимова валютафурушликда айбланиб, ҳибсга олингани ва қўйиб юборилгани ҳақида гап-сўзлар тарқалган эди.

Норасмий маълумотларга кўра¸ шу йилнинг июнь ойида “Ҳандалак” гуруҳидан Ортиқ Султонов ва Зокир Очилдиевлар бир ҳафта “ МХХ ертўласида” ўтириб чиққан.

Мухолифатдаги Ўзбекистон халқ ҳаракати нашрининг ëзишича¸ икки қизиқчининг МХҲ ертўласига олиб келинишига бир аëлнинг шикояти сабаб бўлган.

Ўзбек милиционерларини порахўр, дея сўккани учун қўшиқчи Абдулла Қурбонов ҳам 15 кун ҳибс қилинган эди.

Айни пайтда ўзбек қамоқхонасининг бир умрлик ҳужрасида қотиллиги учун жазо ўтаëтган икки қўшиқчи ҳақида ҳам эслаш лозим.

Булар ўтган асрнинг тўсқонинчи йилларида “Бўм бўш кўчалар” ҳақида қўшиқ куйлаб танилган “Ал-Вакил” гуруҳининг икки қўшиқчиси Арсен Арутюнян ва Данис Сирашев таниқли қўшиқчи Лайло Алиевани қасддан ўлдирилганликда айбланиб, бир умрлик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG