Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:06

ММБда маълумотнома машмашаси


Озодлик блоггери Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг Манзил маълумотлар бюросида кўрган-кечирганларини ёзар экан, бу гал бир парча қоғозни олиш йўлида пойтахтликлар ва пойтахт меҳмонлари дуч келаётган муаммоларга муштарийлар эътиборини тортди.


Ишингиз тушганми-йўқми, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг Манзил маълумотлар бюроси (ММБ) бор. Бюро деганимиз пойтахти азимда рўйхатда турувчи (доимийми, вақтинчами – фарқи йўқ) фуқароларнинг ҳисобини юритади.

Тунов куни ММБга ишим тушиб қолди. Ниҳояти бир парча маълумотнома олиш керак. Маълумотномаки, “фуқаро фалончи Тошкент шаҳрининг фалон манзилида рўйхатдан ўтган” деган мазмунда.

Ўзи, ҳужжат билан шуғулланадиган идораларга, айниқса, паспорт столига боришга юрак безиллаб қолган. “Сарсонгарчилик”, “асаббузарлик”, “дилхиралик”, “дағаллик”, “қўполлик”... ишқилиб, луғатимиздаги салбий маъно касб этган анча-мунча сўзларнинг маъно-мазмунини лўнда қилиб тушунтириб қўйишади-да.

Маълумотлар бюросида ҳам шу аҳвол экан. Каталакдек хона. Бир одамнинг боши бемалол сиғадиган дарча. Эркагу аёл, ёшу қари, ишчию хизматчи – бир дунё одам ҳақ деб “испарапка”га навбатда турибди. Хонага сиғмаганлар ташқарида кутяпти.

Тўрт энликкина маълумотнома олиш бир неча соатга чўзилади. Камига, қоши асабий чимирилган ходимларнинг димоғ-фироғини айтинг! Худди отасидан қолган меросдан сизга ҳам улуш ажратаётгандек дағдаға қилади.

Ҳар бир маълумотнома учун 1000 сўмдан олиняпти, лекин негадир квитанция берилмаяпти.

Манзил маълумотлар бюроси – ички ишлар тизимидаги бир тузилма.

Демак, паспорт столи фуқароларни овора қилиб, ММБдан маълумотнома олиб келишга юбормай, ўша ахборотни ички ишлар идорасининг компьютер тармоғидан олиб қўйса ҳам бўлади. Лекин бундай йўл тутилмайди.

Тушунинг-да, унда, маълумотнома улашишдан тушаётган жарақ-жарақ пул ўрни қаердан қопланади? ММБнинг “юксак малакали” ходимлари қаердан иш топади?

Синчков фуқаро
XS
SM
MD
LG