Линклар


Ўзбекистон Қозоғистон унига акциз солиғи жорий қилгани учун ун импорти 45 фоизга камайган. Оқибатда Қозоғистондаги тегирмончилик корхоналарининг қарийб чорак қисмида иш тўхтаб қолган. Шу боис дон соҳаси мутасаддилари Остона ҳукуматидан зудлик билан жавоб чоралари кўришни талаб қилмоқда.


Қозоғистоннинг “Донни қайта ишловчилар ва новвойлар иттифоқи” раиси Евгений Ган экспортчилар кенгашининг IX кенгашида Қозоғистон унининг Ўзбекистонга экспорти 45 фоизга камайганини маълум қилди.

Евгений Ганга таяниб Қозоғистондаги Tengrinews.kz. нашрининг хабар қилишича, Ўзбекистонга ун экспорти камайгани оқибатида Қозоғистондаги тегирмончилик корхоналарининг қарийб чорак қисмида иш тўхтаб қолган.

Донни қайта ишловчилар иттифоқи раиси Ўзбекистонга ун экспорти билан боғлиқ вазият ёмонлашаётганини таъкидлаган. Унга кўра, дастлаб Ўзбекистон Қозоғистон унига 10 фоизлик, кейинроқ 15 фоизлик акциз солиғини жорий қилгани экспорт ҳажми камайишига сабаб бўлган.

Еврений Ган Қозоғистон 2012 йил биринчи ярмида Ўзбекистонга 1 миллион 216 минг тонна ун экспорт қилган бўлса, 2013 йил биринчи ярмида экспорт хажми 709 минг тоннани ташкил қилганини таъкидлаган.

“Асосан акциз солиғи сабабли экспортимиз 45 фоиздан кўпга камайди, дея баён қилган Қозоғистоннинг “Донни қайта ишловчилар ва новвойлар иттифоқи” раиси.

Экспортчилар кенгаши йиғилишида Евгений Ган анча вақтдан бери Қозоғистон ҳукуматидан зудлик билан чоралар кўрилиши “ўтиниб сўралаётгани”ни таъкидлаган.

Қозоғистон ҳукумати "жавоб чоралари" кўрмоқчи

Gazeta.kz Интернет нашри хабарига кўра, Қозоғистон Бош вазири ўринбосари, Саноат ва янги технологиялар вазири Асет Исекешев август ойи охрига қадар Қозоғистон маҳсулотларига камситувчи акциз солиқлари жорий қилган мамлакатларга нисбатан “жавоб чоралари” механизмни ишлаб чиқишини баён қилган.

Экспортчилар кенгашининг чоршанба кунги йиғилишида сўзлаган Асет Исекешев Иқтисодиёт, Саноат ва Қишлоқ хўжалиги вазирликларига “жавоб чоралари” жорий қилинадиган маҳсулотлар рўйхатини тўзишга кўрсатма берилганини айтган.

“Улар бизга етказиб бераётган ҳамма маҳсулотлар ва биз етказиб бераётган қайси маҳсулотларга акциз солиғи жорий қилинганини кўриб чиқиш керак” деган Асет Исекешев.

Қозоғистон Бош вазири ўринбосари ҳукуматнинг сентябр ойидаги йиғилишида муҳокама этилиши учун вазирликлар ўз таклифларини 15 августга қадар тақдим этишлари кераклигини таъкидлаган.

Gazeta.kz Интернет нашри хабарига кўра, Қозоғистон ҳукумати Ўзбекистон ва Туркманистонга нисбатан “муқобил чоралар” кўриши мумкин.

Британиядаги Халқаро Ғалла қўмитаси ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон йилига четдан 1,5 миллион тонна буғдой импорт қилади.

Ўзбекистон Қозоғистондан ташқари МДҲнинг бошқа давлатлари - Россия ва Украинадан ҳам ун сотиб олади.

Ўзбекистонликлар уй-рўзғорда асосан қозоқ унини ишлатади

Тошкентлик 53 ёшли уй бекаси Машҳура опа сифати юқори бўлгани учун уй бекалари ва новойлар асосан Қозоғистон унини ишлатишларини айтди:

- Асосан¸ Қозоғистонни унини ишлатамиз. Чунки бирор нарса пишираман десак, ўзимизани ундан бир тайинли нарса чиқмайди. Суюлиб кетади ёки ошмайди ёки кўкариб қанақадир ранги хунук бўлиб кетади. Қозоғистоннинг уни енгил, оппоқ яхши. Ҳамма жойда фақат қозоқни уни сотиладиган специалний магазинлар бор. Ўзбекистонни унини деярли кўрмаймиз, дейди тошкентлик уй бекаси.

Тошкентдаги ун ишлаб чиқарадиган “Ғалла Алтег” тегирмончилик корхонасининг Анвар исмли ходими Озодлик билан суҳбатда корхонада Ўзбекистонда етиштирилган дондан тайёрланаётган ун фақат йирик новвойхоналарга биржалар орқали сотилишини айтди:

- Фақат Дока хлеб, Пекарняларга ажратамиз. Дўконларда фақат қозоқ уни сотилади. Қозоғистон уни чегара орқали олиб кирилади. Ўзбекни уни Дока хлеблар, пекарнялар, булочка ва нон маҳсулотлари пиширадиган корхоналардан ортмайди. Нон чиқаришга, булочка чиқаришга ўзбекнинг уни бўлаверади. Пишириқларга қозоқни уни билан ўзбекни унини аралаштирса яхши чиқади, дейди Тошкентдаги ун ишлаб чиқарадиган “Ғалла Алтег” тегирмончилик корхонаси ходими.

Бу йил Ўзбекистонда 7 миллион 610 минг тонна ғалла ҳосили йиғиб олинди.

Шу муносабат билан мамлакат президенти ғаллакорларга йўллаган табригида 2013 йилги мавсумда ўртача ҳосилдорлик гектарига 55 центнерга етганини, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 500 минг тонна кўп экани билдирилган.

Табрикда 1991 йилда Ўзбекистонда 940 минг тонна ғалла ҳосили йиғиб олингани бўлиб ҳосилдорлик гектарига 17 центнерни ташкил этган. Ўтган йиллар мобайнида мамлакатда ҳосилдорлик 7 баробардан зиёд кўпайгани қайд этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG