Линклар

Ўзбекистонда ўз автомобилларини техник кўрикдан ўтказаëтган ҳайдовчилардан тиббий кўрикдан ўтганлик ҳақида ҳам маълумот сўралмоқда.

"АТР НТТ Республика Маркази" ( автомобил ва дарë транспорти норматив-техника маркази) нинг ўзини Авазбек деб таништирган етакчи мутахассисининг Озодлик мухбирига тушунтиришича¸ автомобиллар техник кўрикдан ўтган пайтда¸ бу автомобил бириктирилган ҳайдовчи 083 русумидаги тиббий билдиргини тақдим қилиши шарт.

Суҳбатдошга кўра¸ ширкатларда ишлайдиган ҳайдовчилар учун мажбурий бўлган бу тартиб шу пайтгача шаҳсий автомобил эгаларига нисбатан жорий қилинмасдан келган:

- Шаxсий автомобил эгаларидан сўрашмасди. Лекин ҳозир сўралаяпти. Чунки тартиб –қоида қатъийлашди¸ дейди мулозим.

Ўзбекистонлик Баҳодир исмли 30 яшар шахсий автомобил соҳиби бу ҳолатни абсурд деб билади:

- Гап техосмотр ҳақида кетаяпти. Машинани техник аҳволи ҳақида. Нега уни минадиган ҳайдовчининг тиббий аҳволи текширилиши керак. Техосмотрми бу ëки медосмотр¸ дейди суҳбатдош.

Тошкентлик 27 яшар Равшан исмли муҳандис ўз шахсий машинасини техник кўрикдан ўтказиш жараëни ҳақида Озодликка ҳикоя қилиб берди:

- Бугун машинамни техник кўрикдан ўтказиш учун Чилонзор туманидаги Отчопар бозори рўпарасида жойлашган ГАИга бордим. У ерда машинамни техник кўрикдан ўтказиш учун 083 форма медсправка талаб қилишди. Нафақат мендан, балки барча техник кўрикдан ўтаëтган машина эгаларидан медсправка талаб қилишаяпти. Қизиқ ҳолат¸ мен машинамни олиб борсам, улар менинг соғлигим билан қизиқаяпти¸ медсправка сўраяпти. Бу нима деган гап¸ медсправкани техосмотрга нима алоқаси бор? Шуни сўрасам техосмотр ходимлари тушунтиришдан бош тортишди ва 10 минг сўм пора олиб, техпаспортга муҳр уриб беришди. 083 мед справка олиш учун камида 3-4 кун кетади¸ дейди суҳбатдош.

"АТР НТТ Республика Маркази етакчи мутахассисининг Озодликка билдиришича¸ ҳайдовчининг тиббий ҳолати бўйича маълумот сўралишида мантиқ бор:

- Машина ўз-ўзидан юрмайдику. Уни ҳайдовчи бошқаради. Ҳайдовчининг соғ- саломат бўлиши йўл-ҳаракати xафсизлигининг гаровидир. Мана, права олаëтган пайтда ҳам справка сўрайди-ку. Ҳар 3 йилда техосмотр қилинаëтган пайтда ҳайдовчининг тиббий ҳолатини текширишга ГАИ мутлақо ҳақли. Дейлик, сиз правани 10 йил олдин олгансиз¸ ўзингиз ўйлаб кўринг, ўн йил ичида саломатлик ўзгариши мумкин-ку. Шунинг учун тиббий маълумотномани олиб қўйган маъқул деб биламан. Айниқса, машинасини такси қилиб ҳайдайдиганлар учун бу муҳим, дейди мутахассис.

Суҳбатдошга кўра¸ тиббий кўрикдан ўтмаган ҳайдовчилар жаримага тортилади¸ агар автомобил хусусий ширкатга оид бўлса жаримадан ташқари бу ширкат махсус қора рўйхатга тиркалади.

Техосмотр порахўрлик манбаи

Ўзбекистонда техосмотрдан ўтказиш жараëнига коррупция ва таъмагирлик чуқур илдиз отгани кузатилади.

Ўзбекистондан техосмотрдан ўтказилиб¸ одам ташишга лойиқ деб топилган шаҳарлараро автобуслар қўшни Қозоғистон ва Россияда қайта текширилганида уларнинг авария ҳолатида экани маълум бўлмоқда.

Техосмотр соҳасидаги коррупцияга барҳам бериш учун Грузияда 2004 йилдан бошлаб машиналарни мажбурий техника кўригидан ўтказиш идораси буткул тугатилди.

Бу соҳадаги коррупцияга барҳам бериш учун 2012 йилдан бошлаб Россия йўл патрул хизматига техник кўрикдан ўтмаган ҳайдовчиларни текшириш ман қилинди.

Айни пайтда Россияда автомобилларни техник кўрикдан ўтказишнинг автоматлашган ахборот тизими фаолият олиб бормоқда.

Бу тизим суғурта идоралари билан уйғун фаолият олиб боргани боис таъмагирлик ҳолати йўққа чиққани айтилмоқда.

Европа ва АҚШ да автомобилларнинг техник кўриги пайтида машина эгаларининг соғлиги текширилмайди.

Қирғизистонда эса техник кўрик коррупцияга қарши кураш доирасида бекор қилинганига бир неча йил бўлди. Бу мамлакатда хусусий транспорт эгаси фақат ўз хоҳишига кўра техник кўрикдан ўтиши мумкин. Жамоат транспорти эса икки йилда бир марта кўрикдан ўтиши шарт.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG