Линклар

Ўзбекистон туғруқхоналари учун июл-август ойлари чақалоқ энг кўп туғиладиган ой ҳисобланади. Айни мавсумда Самарқанддаги аксар туғруқхоналарнинг таъмир учун ëпилгани вилоят миқëсида жиддий ноқулайликлар туғдирмоқда.


Самарқанддан келган мактубда ëзилишича¸ вилоятдаги барча туғруқхоналар ремонт учун ëпилиб¸ фақат битта 3-туғруқхона ишлаëтган экан.

Мактубда вилоятдаги кўзи ëрийдиган аëллар барчасининг шаҳарда ишлаб турган ягона туғруқхонада туғишга мажбур бўлаëтгани таъкидланади.

Мактуб муаллифи ҳомиладорларни ётқизиш учун хона танқислигидан врачлар ўз хоналарини бўшатиб бериб¸ ўзлари коридорда ишлаб туришга мажбур бўлаëтганидан ҳам ташвиш билдиради.

“Янги туғилган чақалоқлар оналари билан полда ëтишибди¸ бу ҳам етмагандай пул бермасангиз¸ ҳеч ким қарамайди. Самарқанддаги туғруқхоналар худди келишиб олгандай¸ бирданига ремонт бошлаб олишган. Ишлаб тургани фақат 3- туғруқхона” дейилади Озодликка келган мактубда.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Самарқанд вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими шаҳарда мавжуд бешта туғруқхонадан тўрттасида таъмир бораëтгани боис беморларни қабул қилишда қийинчиликлар вужудга келганини эътироф этди.

Вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси масъули билан суҳбатдан аëн бўлишича, мавжуд қонун-қоидалар ва Соғлиқни сақлаш вазирининг 2003 йил 13 январда қабул қилинган буйруғига кўра, барча туғруқхоналар йилига икки марта профилактика мақсадларида ёпилиши керак.

Мулозим билан микрофонсиз суҳбатдан Самарқанд шаҳридаги туғруқхоналарнинг ёпилиши айнан профилактика ишлари амалга оширилаётгани билан боғлиқ деган хулоса чиқди.

3-туғруқхонага ҳомиладор келинини олиб борган Маҳмуджон аканинг Озодликка айтишича¸ мазкур шифохонага туғруқхоналарда рўйхатда турганлар ҳам келтирилган.

Маҳмуджон ака¸ айни пайтда 3-туғруқхона шифокорлари бундай ҳолатда юзага келган қийинчиликларни ўз кучлари билан енгишга уринаëтгани ҳам тан олиб гапирди:

- Кроват етмаганларига ерга матрас ташлаб жой қилиб беришаяпти. Шунга қарамасдан врачлар ҳомиладор аёлларимизнинг ҳар биридан хабар олиб туришга улгуришаяпти”¸ дейди суҳбатдош.

Самарқанддаги 3-туғруқхона шифокорлари икки сменада ишлаëтгани билдирилди.

Озодликка маълум бўлишича¸ Самарқанддаги 2-туғруқхонада ремонт шу йилнинг 15 майида бошланган.

Режа бўйича 6 июнгача тугаши керак бўлган ремонт ҳали ҳам тугамаган.

Самарқанд шаҳридаги шу кунларда ëпиқ қолаëтган 2-туғруқхонанинг Озодлик суҳбатлашган ва исмини айтмаган врачи¸ клиниканинг “Саломатлик-2” дастурига мувофиқ энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланаëтганини ҳам ғурур билан тилга олди.

Озодлик қўнғироғига жавоб берган 2-туғрукхонада ҳамшираларнинг айни кунларда ювиш-тозалаш ишлари билан машғул эканини айтишди.

Ҳамшираларнинг айтишича¸ эрта-индин туғруқхона ҳомиладор аëлларни қабул қила бошлайди.

Мавзу юзасидан Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон¸ Пастдарғом ва бошқа туманларидаги туғруқхоналарга қўнғироқ қилиб деярли бир ҳил жавоб олдик.

Туғруқҳоналар режага асосан махсус тозаловдан ўтмоқда.

Самарқанд шаҳридаги бутун вилоят ҳомиладор аëлларига хизмат кўрсатаëтган ягона туғруқхона эса фавқуллода гавжум.

Оддий кунлари битта хонага 3-4 ҳомиладор ётқизилган бўлса¸ ҳаво ҳарорати 40 дан ошган айни кунларда бир хонада 6-7 тадан аëл жойлаштирилаяпти¸ дейди келинининг кўзи ëришини кутаëтган самарқандлик Маҳмуджон ака.

Туғмаслик рағбатлантириладиган мамлакат

Самарқандлик Маҳмуджон ака Озодлик билан суҳбатда туғруқхонада тиқилинчга қарамасдан туғилиш унчалик кўп эмаслигини айтди.

Суҳбатдошга кўра кўпчилик оилалар икки фарзанддан нари ўтишмаяпти.

Кўпчилик аëллар бир ëки икки фарзанд кўрганидан кейин мажбурий стерилизация қилингани айтилади.

Озодлик мухбирларининг кейинги икки йилдаги мақолалари синчиклаб ўқилса Ўзбекистонда аёлларни мажбуран стерилизация қилишга доир махфий давлат дастури борлиги ҳақида ишоратлар пайдо бўлади.

1990-йилларда Совет даврида бошланган “оилани режалаш” дастури мустақил Ўзбекистон шароитида “туғишни чеклаш” амалиëтига айлангани айтилади.

Озодликка гапирган ўнлаб аëллар мажбуран бичилганини таъкидлашади.

Ўзбек расмийлари бу каби тажриба мавжудлигини қатъиян рад этади.

Озодлик билан суҳбатларидан бирида¸ Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитаси раиси Светлана Ўзбекистондаги вазиятни давлат аёлларни кўпроқ туғишга рағбатлантираётган бошқа мамлакатлар билан солиштириш ўринсиз эканини айтган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG