Линклар

Ташкилотга кўра, жорий йил биринчи ярмида Афғонистондаги зўравонликлар оқибатида, тинч аҳоли вакилларидан 1300 дан зиёд одам нобуд бўлгани, қарийиб 2 ярим минг киши жароҳатланган.

БМТнинг Афғонистондаги миссиясининг инсон ҳуқуқлари бўлими раҳбари Жоржет Гагнон бу ҳақдаги ҳисоботни чоршанба куни Қобулда тақдим этди.

- Мамлакатдаги қуролли тўқнашувлар оқибатида 2013 йилнинг биринчи ярмида инсоний талафотлар кўпайганини кузатяпмиз, тинч аҳолини ҳимоя қилиш уринишлари бесамар бўляпти, -деди БМТ вакили.

Афғонистонда жанггари гуруҳлар тарафидан ўрнатиб кетиладиган портловчи воситалар тинч фуқаролар ҳаётига энг йирик таҳдидлигича қолмоқда.
Ҳисоботда айтилишича, Афғонистондаги инсоний талафотларнинг 74 фоизи исёнчи гуруҳлар ҳужумлари оқибатида берилган.

Шунингдек, ўтган 12 йиллик уруш давомида бу йил аёллар ва ёш болалар орасида кўп талафот қайд этилган.

Ушбу заиф қатлам орасидан қурбонлар сони ўтган олти ой ичида 30 фоизга ортган.

- Афғонистонда тинч аҳоли, жумладан ёш болалар ва аёлларнинг ўлдирилаётгани ҳамон фожеали бўлиб қоляпти, биз барча томонни тинч аҳолини ҳимоя қилишга чақирамиз, - деди БМТнинг Афғонистондаги миссиясининг инсон ҳуқуқлари бўлими раҳбари Жоржет Гагнон.

Ўтган ойдан бошлаб Афғонистон хавфсизлигини таъминлаш масъулияти тўлалигича афғон армияси зиммасига ўтган эди.

Айни пайтда толибон ҳаракатининг Афғонистонда ҳужумлари кўлами сўнгги ойларда ортгани кузатилади.

Келаси йил оҳирига бориб НАТО қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши кутиляпти.

Аммо, хориж аскарлари яна бир неча йил афғонлар билан бир сафда ҳизмат қилиши ва уларни ҳарбий-жангговор тайёргарликдан ўтказиши кўзда тутиляпти.
XS
SM
MD
LG