Линклар


Москвада полиция ходимига қилинган ҳужум ортидан бошланган “тозалаш” амалиётлари бозорлардан муҳожирлар яшовчи ва ишловчи бошқа объектларга кўчди. Россия Ички ишлар вазири буйруғига мувофиқ¸ полиция ва ОМОН рейдлари яна икки кун давом этади.

Москва шаҳар полиция бошқармаси шаҳарни муҳожирлардан тозалаш амалиётларини давом эттиришга шахсан Россия Ички ишлар вазири (Москванинг собиқ бош полициячиси) Владимир Колокольцевдан яна икки кунга рухсат олди.

Сўнгги икки кун ичида¸ Москва шаҳар полиция бошқармасидан олинган хабарга кўра, аллақачон мингдан зиёд одам ҳибсга олинган. Пойтахт полицияси матбуот маркази ходимлари Озодлик мухбирига олиб борилаётган амалиётларнинг “юқоридан берилган буйруқ” асосида бошланганини эътироф қилди.

Полициядан олинган маълумотга кўра, биргина Ясеневодаги бозорлардан бирида 30 июл куни ОМОНчилар 530 нафар марказий осиёлик муҳожир ва 30 яқин шимолий кавказликни қўлга олган. Бундан бир кун олдин Москва ғарбидаги учта бозорда олиб борилган текширув натижасида 470 муҳожирнинг полиция бўлинмаларига олиб кетилгани хабар қилинган эди.

Полициянинг Москвани келгиндилардан “тозалаш”га қаратилган амалиётларига ДАН ходимлари ҳам қўшилди. 30 июл куни “Хавфсизлик” амалиёти доирасида олиб борилган текширувлар натижасида 6000 га яқин маъмурий протокол тузилган.




Москва шаҳар полиция бошқармаси раҳбари Анатолий Якунин бу амалиётни “бозорларни криминалдан тозалаш” деб атади. Унга кўра¸ полициянинг бу ҳатти-ҳаракатлари 27 июл куни Матвеевский бозорида зўрлашда айбланаётган шахсни ҳибс этгани келган оператив ходимнинг калтакланишига нисбатан “адекват” жавобдир:

- Мен кеча Очаковское-Матвеевское тумани полиция бўлими раҳбарини ишдан бўшатиб юбордим. Ўз ҳудудида тартиб ўрната олмаган бошқа раҳбарларни ҳам шу кутмоқда. Бу бизга қарши қилинган жиддий чиқиш. Ҳозирча мана шу кўринишда курашни бошладик. Ишонаманки, кейинчалик барча бозорларда бундай тартиб ўрнатишни кучайтирамиз. Шунингдек, алоҳида эътибор этник жиноятчиликка қарши курашга қаратилади, деди Москва полицияси раҳбари Анатолий Якунин.


Жиноят-қидирув бўлими капитани Антон Кудряшовга жароҳат етказган доғистонлик Магомед Расуловга умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Ҳозирча полиция ҳибсга олинган муҳожирларнинг қайси жиноятда гумонланаëтганига оид бирор изоҳ берганича йўқ. “Матвеевский” бозори савдогарлари эса шанба куни бўлиб ўтган муштлашувни полициячилар провокацияси сифатида баҳоламоқда.

Маҳаллий тадбиркорлар тахминича¸ бундай фитнадан кўзланган мақсад – “Матвеевский” бозори ўрнида янги савдо комплекси қуришга рухсат олишдир. Москванинг Ғарбий маъмурий округи расмийлари “Матвеевский” бозорининг ҳақиқатан яқин орада бузиб ташланишини тасдиқлади.

“Зачисткалар” Россия Интернет майдонидаги баҳсларни кучайтирмай қолмади. Айрим блоггерлар бошланган тозалашларни Собяниннинг шаҳарликлар орасида ўз рейтингини кўтаришга қаратилган сайловолди амалиёти эканини гапирса, бошқалар Москва бозорларининг “криминаллашувига” йўл қўйган амалдорларни жавобгарликка тортиш кераклигига эътибор қаратмоқда.

Россиялик таниқли журналист Максим Шевченко Озодлик билан суҳбатда полициянинг муҳожирларга нисбатан кескин ҳаракатларини қўллаб-қувватламаса-да, шаҳар бозорларида тартиб ўрнатиш вақти аллақачон келганини гапиради:

- Менимча, Москва кўчаларида савдо бўлиши керак, аммо у маданийлашган бўлиши шарт: ундан солиқ тўланиши керак, у ерда сотилаётган маҳсулотлар тиббий санкцияга эга бўлиши шарт, ундан тушаётган даромад кимга ва қанча кетаётгани ҳам равшан бўлиши керак. Афсуски, Лужков (таҳр. Москванинг олдинги ҳокими) даврида давлат томонидан мутлақо назорат қилинмайдиган савдо ҳудудлари пайдо бўлди. Ким, қанча, кимга – мутлақо тушуниб бўлмайди! Бу ҳолат нафақат чакана савдо, балки улгуржи ва ер-мулк савдоси бозорида ҳам кузатилмоқда. Натижада, бозор криминали полиция, прокуратура, ФСБ ва ҳоказо идораларида ўз “кришаси”га эга бўлиб қолди, дейди журналист Максим Шевченко.

Кузатувчилар 2-3 кундан бери Москвада давом этаётган “криминалга қарши тозалаш” Черкизов бозорини йўқотиш давридан бери кузатилган энг йирик амалиёт эканини таъкидламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG