Линклар

Ўзбекистон олийгоҳларига кириш учун ҳужжат топширган қарийб ярим миллионга яқин абитуриент 1 август куни бир неча халқалик текширувдан ўтгач¸ Тошкент вақти билан тонгги соат 9 да тест синовларини ечишга киришди.

Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топширган қарийб ярим миллионга яқин абитуриент бир неча халқалик текширувдан ўтгач¸ Тошкент вақти билан тонгги соат 9 да тест синовларини ечишга киришди. Бу жараëннинг қандай ўтганини Озодлик ўз манбалари ёрдамида кузатди.

Тест синовларининг қандай ўтгани ҳақида Озодликка ҳикоя қилмоқчи бўлган абитуриентлар OzodSkype, OzodlikOnline Skype манзиллари¸ ҳамда Озодликнинг WhatsAppдаги +42 07 24 971 539 рақамига сим қоқиб¸ биз билан боғланишлари мумкин!




“Янгича усул”

Тошкент Давлат Аграр университетида тест синовлари жараёни бошланганини бевосита кузатаëтан тошкентлик талаба Аҳрор, абитуриентларнинг ҳатто ташқарида қолган яқинлари кўзига ҳам очиқ кўринган "ҳийла" усулларидан айримларига ўзи гувоҳ бўлганини айтади:

- Абитуриентлар имтиҳон пайтида ичкаридан чиқиб келaяпти, улар ҳақиқий тест вариантини олиб чиқaяпти. Ташқарида махсус гуруҳ уни ўртага олиб тезда ишлаб берaяпти ва абитуриент яна қайтиб кириб кетаяпти. Мен бир қиз абитуриентнинг ДТМ билан чиқиб¸ яна қайтиб кириб кетганига ўзим гувоҳ бўлдим. Кейин суриштирсам, абитуриент, асосан қизлар, ўзлари билан ичкарига сохта тест вариантини олиб кирар экан. Бу сохта тест варианти столнинг устида қолар, ҳақиқийсини у ташқарига олиб чиқар экан. Абитуриент қорним оғриб қолди ёки шунга ўхшаш бирор баҳона қилар экан. Албатта¸ бу келишилган бўлади ва абитуриентнинг ташқарига чиқиб енгиллашиб келиши учун “имкон” яратилади, дейди тест синовлари ўтаëтган бино олдида ўз укасининг имтиҳондан чиқишини кутаëтган Аҳрор.


"Телефонлар "ишлади"

Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика университетига ҳужжат топширган жиянини кузатгани борган тошкентлик журналист, исми сир қолиш шарти билан¸ тест саволларининг ташқаридан туриб телефон ёрдамида ечилганига ўзи гувоҳ бўлганини билдирди:

- Дарахтнинг соясига ўтириб олган, атрофи тўла шпаргалкалар. У томондан кимдир сўраяпти, бу эса билса шундай, билмаганини қоғозлардан топиб диктоват қилиб турибди. Бир беш минут кузатииииб турдим. Унисини белгила, бунисини белгила¸ деб айтиб турибди. SMS, MMS, Internet ишламагани билан алоқа бор. Демак ҳамма нарсани йўли бўлса керак-да, деди тошкентлик журналист.

"Шпаргалка ва телефонлардан бемалол фойдаланилди"

Тошкент Давлат Ахборот технологиялари университетидаги тест синовларини топшириб чиққан абитуриентлардан бирининг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича, аудиториялардаги ҳароратнинг жуда ҳам баланд эканлиги боис кузатувчилар абитуриентларнинг шпаргалкалар иштатишига ҳам унчалик эътибор бермаган:

- Бугун жуда даҳшатли даражада иссиқ бўлди. Тердан кўйлаклар баданга чиппа ёпишиб қолди. Эплаган шпаргалка ҳам, телефон ҳам олиб кирибди. Кузатувчилар, аудиториялардаги ҳарорат жуда ҳам қизиб кетганлиги боис, тез-тез ташқарига чиқиб турдилар. Кўпчилик бемалол шпаргалкалардан фойдаланди, кимдир шивирлаб телефон орқали олди жавобларини. Деразадан ҳам тайёр жавоблар учиб кириб турди. Уч соат бўлмасдан, домлалар “тез-тез бўлинглар, ҳаво жуда исиб кетди”, дейишди. Мен ҳам тезда ишлаб бўлиб чиқиб кетдим, билмадим жавоби қандай бўларкан, деди абитуриентлардан бири.



​31 июл куни Ўзбекистондаги уяли алоқа операторлари 1 август куни эрталаб соат 8:30дан 13:30гача қўшимча алоқа хизматлари – SMS, MMS ва мобил интернет хизматлари ўчириб қўйилиши ҳақида расман хабар тарқатган эди.

Мазкур чора-тадбирлар абитурентларнинг синов пайти шпаргалкалардан фойдаланиши ва бошқа сохтакорликларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилаëтгани иддао қилинади.

Фарғона политехника институтида бўлган тест синовларига соат 9дан кеч қолиб келган абитуриентлар қўйилмади. Ташқарида қолиб кетган 30га яқин абитуриент ва милиция ходимлари ўртасида тортишув бўлди.

Фарғона политехника институтида бўлган тест синовларига соат 9дан кеч қолиб келган абитуриентлар қўйилмади. Ташқарида қолиб кетган 30га яқин абитуриент ва милиция ходимлари ўртасида тортишув бўлди.




“Назоратчининг ўзи тестни 10 минг сўмдан ечиб берди”

Тест синовлари ўтказилиши муносабати билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Университет жойлашган Юсуф Хос Ҳожиб кўчасига олиб борувчи асосий йўллар ёпилиб, транспорт ҳаракати чекланди. Имтиҳон ўтаётган бино ва унинг атрофида кўп сонли ички ишлар ходимлари ва махсус патрул машиналарини кўриш мумкин эди.

Озодлик гаплашган абитуриентларга кўра, Тошкент Давлат Педагогика университетидаги имтиҳонлар пайти уяли алоқа телефонларидан бемалол фойдаланиш имкони бўлган:

– Бугун иккита фан бўйича тест топширдим. Ўтган ҳафта мусиқа бўйича ижодий имтиҳон топшириб бўлгандим-да. Имтиҳон ўтадиган хонамиз ректоратга яқин жойда эди, шунга роса қўрқиб тургандик, телефон, шпаргалкани қандай ишлатамиз деб. Йўқ, яхши, бахтимизга, контрол кучли бўлмади. Гуруҳимизда 60 та одам ўтирган бўлса, деярли ҳамма телефондан фойдаланди. Ўзим ҳам дугонамдан анча-мунча жавобларни сўраб олдим, дейди Мусиқа таълими факультетига ҳужжат топширган абитуриент қиз.

Бошқа бир абитуриентнинг айтишича, имтиҳон пайти назоратчи ўқитувчи 10 минг сўмдан она тили бўйича саволларни ечиб берган.

– Группамизга қўйилган кузатувчи аёл яхши инсон экан. СНБ ходими хонадан чиқиб кетган пайтда она тили бўйича саволларни 10 минг сўмдан ечиб берди. Ўзи она тилидан дарс бераркан-да. Лекин битта “патриот” қиз ўқитувчини СНБга сотиб қўйди. Кейин протокол тузиб, ўша ўқитувчини олиб чиқиб кетишди. Сизларга яхшилик қилмоқчи эдим, деб йиғламсираб чиқиб кетди ўқитувчи, дейди Тарих ўқитиш методикаси йўналишида имтиҳон топшириб чиққан абитуриент қиз.

Абитуриентлар шпаргалкалардан ҳам бемалол фойдаланишган, кузатувчилар кўриб кўрмасликка олиши учун эса 5 доллардан пора ҳам берилган:

– Шпаргалкани туфлимни тагчарми орасига қўйиб олиб кириб кетгандим. Жуда очиқдан-очиқ бўлмасаям, ҳарқалай, амаллаб фойдаландик. Шпаргалкани сезиб қолган кузатувчига 5 доллар пул бердим, кўрмагандай индамади. Лекин физикадан ҳам, тарихдан ҳам шпаргалкадан бирортаям тушмаса денг. Саволларни янгилаб ташлашган экан. Кўрамиз, ўтсам ўтдим, бўлмаса, шартта армияга кетаман. Армияга борганларга катта балл беради, шу бўйича кейинги йили ўқишга ўтиб кетарман, дейди номини айтишни хоҳламаган абитуриент йигит.

Бу йил Тошкент Давлат педагогика университетига 11 та таълим йўналишида 1660 та талаба қабул қилинади. Мазкур квотадан 530 таси бюджет, 1130 таси тўлов шартнома асосида.

“Калла”лар ҳам ишлади, домлалар ҳам “ишлади”

Исми сир қолишини сўраган навоийлик абитуриент бу йил Тошкент Давлат Аграр университетида “калла”лар бемалол ишлаганини айтди:

- Мен ўзим гувоҳ бўлдим, 1994 йилда туғилган бир абитуриентнинг ўрнига 35 ёшлардаги бир бола кирди ва биринчи бўлиб топшириб чиқиб кетди. Бундан ташқари¸ ўша бухгалтерия факултетига имтиҳон жараёнида домлаларнинг ўзлари ҳам тест синовларини ишлаб берди. Қайтиб чиққанимдан кеийн ўша болалардан сўрасам¸ 500дан 1000 долларгача пул беришибди, ўша домлаларга, деди навоийлик абитуриент.

“Бу йил “паровоз”лар “вагон”ларни тортолмай қолди

Бу йилги тест синовларидаги тест саволларининг жуда ҳам мураккаб тузилгани боис, тўрт-беш абитуриентнинг тестини ечиб беришга келишган “паровоз”лар зўрға бир нафар абитуриентга вақти етган холос. Бу ҳақда Озодликка Гулистон Давлат университетига ўқишга кириш учун абитуриент тайёрлайдиган ўқитувчилардан бири айтди:

- Бу йил анча яхши бўлди. Биз тайёрлаган болалар ўқишга киради, шекилли. Чунки абитуриент сифатида ҳужжат топшириб имтиҳонга кирган каллали “паровоз”лар ҳам бу йил шошиб қолди. Чунки тест саволлари аввалги йилларга ўхшамаган, жуда мураккаб тузилган экан. Ўз гуруҳидаги беш-олти боланинг тестларини тўрт соатда ечишга одатланган "паровоз"лар бу сафар тўрт соат давомида фақат бир абитуриентнинг саволларини ечишга улгурди, холос. Бу йил китобни ёдлаган ва ўқиган бола ўқишга киради, деб ўйлайман, деди ўқитувчи.

Бу йил “Х” вариант чиқмади

Тошкентда абитуриентларни ўқишга тайёрлайдиган репетиторлардан бирининг микрофонсиз суҳбатда Озодликка айтишича, бу йил “Х” вариант тест марказидан сизиб чиқмаган:

- Ҳар йили имтиҳон бошланадиган куни кечаси тест синовларининг “Х” варианти давлат тест марказидан чиқариларди. Биринчи қўлдаги нархи 10 минг доллар атрофида бўларди. Уни сотиб олганлар 2-3 минг доллардан пуллашарди. Бу йил ундай бўлмади. Олийгоҳлардаги имтиҳонлар ўтказиладиган жойларда эса аввалги йилда чиқарилган эски “Х” вариантлар тўлиб тошиб кетди. Кўпчиликка бу янги “Х” вариант деб 100-200 доллардан пулланди. Бироқ, бу вариантларни сотиб олган абитуриентлар чув тушди. Уларнинг айтишларича, “Х” вариантлардаги жавоблар бу йилги тестларга умуман тўғри келмапти, деди тошкентлик репетитор.

Саккизтадан битта...

Бу йилги тест синовларида Ўзбекистон олийгоҳларидаги 56 минг 722 ўрин учун 480 минг 405 абитуриент кураш олиб бормоқда.

Давлат тест маркази маълумотига кўра, Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалига энг кўп ҳужжат топширилди. Бу ерга 115та ўрин учун жами 2 минг 599 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Бу мамлакат бўйича энг юқори кўрсаткич бўлиб, битта ўрин учун 22,60 нафар абитуриент даъвогарлик қилади.

Тошкентдаги Миллий рақс ва хореография олий мактабида энг паст кўрсаткич қайд этилган. Бу ерда битта ўринга 2,02 даъвогар бор.

480 минг 405 абитуриентдан фақат 56 минг 722 нафари талабалик бахтига муяссар бўлади. Бу йил олийгоҳдаги ҳар бир ўрин учун ўртача 8,47 абитуриент даъвогарлик қилаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG