Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:31

Аҳмадийнажоддан нима қолди?


Эрон президентлигига видо айтаëтган Маҳмуд Аҳмадийнажод.
Эрон президентлигига видо айтаëтган Маҳмуд Аҳмадийнажод.
Якшанба куни Эронда янги сайланган президент Ҳасан Руҳоний қасамëдга келтирилади. Руҳонийнинг ижроия ҳокимияти тепасида расман иш бошлаши Эрон президентлиги курсисида 8 йил ўтирган Маҳмуд Аҳмадийнажод даврига якун ясайди. Нафақат Ғарб¸ балки Эрон ичкарисида жуда кўп мунозараларга сабаб бўлган Аҳмадийнажоднинг¸ кузатувчиларга кўра¸ ўзидан яхши ном қолдириши ҳозирча савол остида.

Эрон президентлигини тарк этаëтган Маҳмуд Аҳмадийнажод¸ қарийб 75 миллионлик давлат раҳбари сифатида халқаро жанжал ва кулгуга сабаб бўлган ноадекват баëнотларидан ташқари ўзидан бирор жиддий мерос қолдираëтгани йўқ¸ деган фикрда аксар мустақил кузатувчилар.

Популистик ваъдалар билан Эрон президентлигига келган Аҳмадийнажод¸ танқидчилар фикрича¸ саккиз йил давомида мамлакат аҳолисининг аксар қисмини безовта қилиб келаëтган жиддий иқтисодий муаммолардан бирортасига ечим топмади¸ аксинча уларни янада оғирлаштирди.

Ғарб жамоатчилиги хотирасида Аҳмадийнажод кўпроқ¸ Эрондаги оятуллоҳлар ўзига душман деб биладиган давлатлар¸ хусусан¸ Исроил шаънига қилган ҳақоратомуз баëнотлари билан қолади.

Лондондаги Қироллик институти таҳлилчиси Шашанк Жошийнинг таъкидлашича¸ Аҳмадийнажод айнан ана шу баëнотларини ўзидан қоладиган улуғ мерос деб билади:

- Агар сиз Аҳмадийнажоднинг ўзидан “Президент сифатида қолдирадиган энг буюк меросингиз¸ энг катта муваффақиятингиз нима?” деб сўрасангиз¸ у айни ана шу баëнотларини тилга олади. Аслида у куни-кеча бу саволга жавоб берар экан¸ “Мен Ҳолокост эртагини муваффақиятли тарзда инкор қилганим билан ëдда қоламан”¸ дея жавоб берди¸ дейди Жоший.

Таҳлилчи фикрича¸ халқаро майдонда тарихга оид ўз қарашларини тинимсиз такрорлаш орқали муроса-мадора йўлини ëпиш ва Эронни изоляция домига чуқурроқ тортишга муваффақ бўлган Аҳмадийнажод¸ Эрон ичкарисида ҳам жамиятдаги жиддий бўлинишларга сабаб бўлди:

- Бошқалар жиғига тегиш¸ урушқоқлик¸ бузғунчилик оҳанги Аҳмадийнажоднинг нафақат халқаро саҳнадаги чиқишлари¸ балки ичкаридаги ҳатти-ҳаракатларига ҳам хосдир. Майдакашлик¸ кекчилик¸ қўполлик боис Аҳмадийнажод парламентда ўзига қанча ғаним орттирди¸ ҳатто Олий руҳонийни ҳам ўзидан узоқлаштирди¸ дейди Жоший.

Аҳмадийнажоднинг парламент депутатлари билан аксар жанжаллари иқтисодий масалалар устида юзага чиқди. 2005 йилда илк бор президентликка сайланганида Аҳмадийнажод Эроннинг улкан нефт заҳираларини сотишдан тушаëтган бойликни оддий халққа бўлиб бериш ҳақида катта ваъда берган эди.

Нефт пулларини мамлакат иқтисодини яхшилаб¸ янги иш ўринларини яратишга сарфлаш ўрнига камбағалларга тарқатиб бериш каби популистик ҳаракат кескин тандиқга учради.

Вашингтондаги Жорж Вашингтон университети профессори Ҳусайн Аскарий¸ Аҳмадийнажоднинг бу ҳаракатини Эрон иқтисоди учун зарур бўлган пулларни сиëсий таъма билан ҳавога совуриш¸ дея баҳолайди:

- Аҳмадийнажод нефт даромадини камбағалларга арзимаган нақд пул тарзида тарқатиб берди. У қишлоқларга бориб¸ камбағаллар билан учрашганида одамлар уни қилиш керак¸ буни қилиш керак¸ деса Аҳмадийнажод уларга бу ишларга пул ажратишни ваъда қилди. Бундай ваъдалар боис ҳукумат ўзи нима қилаëтганини билмай қолди ва Аҳмадийнажодга сиëсий таянч олиб бериш учун олди-орқасини ўйланмай бошланган дастурларга пул ажратди¸ дейди халқаро иқтисод бўйича эронлик профессор.

Бугун саккиз йил президентлик муддатини тугатаëтган Аҳмадийнажод¸ нафақат мухолиф¸ балки ўз иттифоқчилари томонидан ҳам кўп жабҳада экстремистликда айбланади.

Бундайлар орасида¸ 4 август куни унинг ўрнини эгаллайдиган янги президент Ҳасан Руҳоний ҳам бор.

Сайлов кампанияси давомида қилган чиқишларига қаралса¸ янги президент Эрон президентлик идорасини эскисидан қолган қолган “экстремистик мерос”дан халос қилиш учун ҳам халқаро¸ ҳам ички майдонда нисбатан муросавий йўл танлашга мойил кўринади.
XS
SM
MD
LG