Линклар


23 июндан бери Москванинг Шеремьетево аэропортида мақоми мавҳум қолиб келган АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги собиқ ходими Эдвард Сноуден пайшанба куни аэропортнинг транзит ҳудудини тарк этди.

Ниҳоят Россия ҳукумати Эдвард Сноуденнинг қочқинлик мақомини бериш илтимосини қондирди ва у Федерал миграция хизматидан керакли ҳужжатларни қўлига олди.

Бу ҳақда журналистларга хабар қилган россиялик адвокат Анатолий Кучерена Сноуден аллақачон “Шереметьево” аэропортидан чиқиб кетганини маълум қилди:

- У хавфсиз жойга чиқиб кетди. Мен сизлар бу маълумотга тушуниш билан ёндошасиз, деган умиддаман. Чунки у сизларга ўз миннатдорчилигини билдириб, уни тўғри тушунишни илтимос қилди. У учун хавфсизлик масаласи жуда жиддийдир, деди адвокат Кучерена.

Анатолий Кучерена Сноуден аэропортни бир ўзи таксида тарк этганини қўшимча қилди.

Wikileaksда қочқин бу ташкилот вакиласи ҳамроҳлигида аэропортдан чиқиб, хавфсиз жойга кетганини билдиришди.

Шу тариқа АҚШ хавфсизлик хизмати собиқ ходими, ҳозирда АҚШ ҳукумати томонидан халқаро қидирувга берилган ва бир қанча дипломатик жанжалларга сабабчи бўлган Эдвард Сноуден Россияда бир йиллик қочқинлик мақомини олди.

Россия президенти Владимир Путин, агар Сноуден Россияда қолишни истаса, АҚШга зарар етказадиган маълумотлар тарқатишни бас қилиши лозимлигини айтганидан кейин¸ қочқиннинг бу шартларга кўнгани маълум қилинди.

Қочқиннинг Россиядаги манфаатларини ҳимоя қилаётган мутахассисларнинг айтишича, Сноуден бу мақомни тасдиқловчи гувоҳнома олган. Адвокатларга кўра¸ вақтинчалик қочқинлик мақомига эга бўлган шахслар Россия ҳудудида яшаш жойини ўзлари танлайди.

Америкалик собиқ разведкачининг адвокати Анатолий Кучерена чоршанба куни Эдварднинг отаси – Лона Сноуденни Россияга таклиф этганини ҳам очиқлади.

“Унинг қачон келиши ҳозирча аниқ эмас, лекин мен таклифномани юбордим. Эдвардга руҳий кўмак жуда зарур”, деди “Вести ФМ” радиосига берган интервьюсида адвокат.

Вашингтон АҚШ махфий маълумотларини очиқлаган Сноуденнинг экстрадиция қилинишини сўрамоқда.

Июн ойи бошида Эдвард Сноуден АҚШ махсус хизматларининг электрон таъқиб дастурларига оид махфий маълумотларни ошкор қилганди.

Бир қанча айблов юклатилаётган Сноуден, агар Қўшма Штатларга қайтариладиган бўлса, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
XS
SM
MD
LG