Линклар

Мижозни хафа қилган суғуртачига жарима солинади


Шу сониядан бошлаб суғуртачи ва унинг мижози ўртасидаги муносабатлар бошланади

Шу сониядан бошлаб суғуртачи ва унинг мижози ўртасидаги муносабатлар бошланади

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат Солиқ қўмитаси ва Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорликда қабул қилган қарорга биноан мамлакатда фаолият юритаётган суғурта компаниялари суғурта тўловини амалга оширишдан асоссиз бўйин товлагани учун жаримага тортилади.

Бу ҳақда хабар қилган Тренд.аз сайтига кўра, ҳар бир ҳолат учун жарима компания низом капитали минимал ҳажмининг 0,09 фоизини ташкил қилади.


Қарорда белгилаб қўйилишича, суғурта компанияси мижозининг аризасига биноан суд томонидан асоссиз, деб тан олинган рад жавоби суғурта тўловини амалга оширишдан асоссиз бўйин товлаш, деб ҳисобланади.

Бундан ташқари, қарорда 0,05 фоизлик жарима ҳам белгиланки, бу жазо суғурта қилувчи жиноий фаолиятдан олинган даромадни легаллаштириш ва террорчиликни молиялаштиришга қарши кураш бўйича фаолияти натижалари тўғрисида молия вазирлигига ҳисобот топшириш муддатларидан кечиккан ҳолатда қўлланилади.

Уч идора қабул қилган қўшма ҳужжатда суғурта компаниялари фаолияти устидан назоратни кучайтиришга қаратилган бошқа чоралар ҳам белгилаб қўйилган.

Суғуртачиларга солиниши мумкин жарима кўламини Тренд.аз келтирган мана бу маълумотдан келиб чиқиб тасаввур қилиш мумкин: шу кунда Ўзбекистонда ишлаётган суғурта компаниялари низом капитали минимал ҳажми: умумий суғурта соҳасида ишлайдиганлар учун 1,125 миллион еврога, ҳаёт суғуртаси соҳасида ишлайдиганлар учун 1,5 миллион еврога, мажбурий суғурта соҳасида ишлайдиганлар учун 2,25 миллион еврога, суғуртани суғурта қилиш билан шуғулланадиган компаниялар учун 5 миллион еврога эквивалент миқдордаги маблағ қилиб белгилаб қўйилган.

Хабарда айтилишича, келаси йилнинг 1 июлидан суғурта компаниялари низом капитали минимал ҳажми оширилади. Масалан, умумий суғурта соҳасида ишлайдиган компанияларники ҳозир 1,125 миллион еврога тенг бўлса, келаси йилдан 1,5 миллион еврога тенг маблағ бўлади.

Уч идора қабул қилган қўшма қарордан бу соҳада ишлаётган компанияларнинг ҳали хабари йўқ кўринади. Ҳар ҳолда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш билан шуғулланувчи компаниялардан бирининг вакили қарордан хабарсизлигини билдирди.
Унинг Озодлик мухбирига айтишича, суғурта компанияларининг мижоз билан муносабатлари судгача етиб бориши мумкин эмас. Чунки муносабатлар алгоритми аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган.

Компания вакили буни қатор ҳужжатлар номини келтириб, қадам ба қадам тушунтирди. Унинг айтишича, “суғурта компанияси мижозни асраб-авайлади. Боз устига, йўл-транспорт ҳодисаси юз берган пайтда воқеани ўрганишга кетадиган сарф-харажатларни ҳам мижоз қийналмасин, деб ўз зиммасига олади”.

Айни пайтда мижозлардан суғутачилардан рози эканликларини эшитиш қийин.
Ўшандай мижозлардан бири Ўзбекистон пойтахтида ишлайдиган тадбиркор йигит Шермуҳаммад бундай деди:

- Автомобиль ëки бошқа нарса суғурталангандан кейин керак бўлган пайтда суғурта тўлови билан унга келтирилган зарар қопланиши керак. Лекин аксарият ҳолларда авария ҳодисаларидан кейин ҳали бирор-бир киши “Мана суғуртага мурожаат қилдим. Раҳмат. Мана шунақа қилиб берди” деган гапни мутлақо эшитганимиз йўқ шу пайтгача. Менимча, эшитмасак ҳам керак.

Озодлик: Нимага бу қадар ишончсизлик?

- Ишончсизлик сабаби, масалан биз бугун кўриб турибмиз. Мен сизга мисол тариқасида айтаман. Мана биттаси биттасининг машинасини уриб юборди. Авария бўди. Ўшани суғурта ташкилоти суғурта бадали билан ўша нарсани ундириб, кўрилган зарарни қоплаб ëки таъмирини қилиб бериши ëки таъмирга кетадиган маблағни қоплаб бериши керак. Дейлик машинангизга етказилган зарар кўчада, устахоналарда қиладиган усталар нарх-навоси бўйича тахминан 1 миллион 200 минг сўм бўлса, суғурта ташкилотларининг ўзининг алоҳида нарх тарификацияси бор. Дейлик битта балони ëрилган, уни алмаштириш керак. Дейлик балоннинг янгиси магазинда 400 минг сўм турадиган бўлса, сизнинг машина олинганига 3 йил бўлган бўлса, 3 йиллик эскиришни чиқариб ташлайдида 20 фоиздан қилиб, 150-200 минг атрофида балонни қоплатади. Ҳар қанақа таъмир бўлгандан кейин янги эҳтиëт қисм қўйилади. Таъмир харажатини суғурта ташкилоти берадиган маблағ қопламаяпти ҳозирги пайтда, деди тадбиркор Шерзод.

Маълумотларга қараганда, 2012 йилнинг охирига келиб Ўзбекистонда 33 та суғурта компанияси фаолият юритган. Барча компаниялар низом капиталининг умумий қиймати 150 миллион доллардан ортган, суғурта хизматлари бозори ўсиши эса 145 фоизни ташкил қилган.

SAIPRO Информацион-рейтинг агентлиги ҳисоботига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистондаги суғурта компаниялари ҳаммаси бўлиб 11,4 миллиард сўм ҳажмида суғурта тўловларини амалга оширган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагидан 30,9 фоизга кўпдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG