Линклар

Ўзбекистоннинг бош синоптиги ҳаво ҳарорати 50 даражадан ошиши ҳақидаги хабарга муносабат билдирди. Андижонлик ота ноқобил ўғлининг бошини кесди. Хонандаларнинг беҳаё суратлари “қора пиар” деб баҳоланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар тўғрисида ёзди.

“Депутат: фарзанди ўқишига тўсқинлик қилган ота-она жазоланади”

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси фарзандининг мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус таълим олишига тўсқинлик қилган ота-оналарни жазолашни таклиф қилмоқда (“Ўзбекистон овози”, 1 август).

Қонунчилик палатаси депутати Гулноза Эрназаровага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига киритилиши кутилаётган ўзгартиришга мувофиқ, ушбу ҳуқуқбузарликда айбланган ота-оналарга энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солинади.

Қайд этилишича, 2012-2013 йилларда академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 10 мингдан ошиқ ўқувчининг дарсларда сабабсиз қатнашмагани аниқланган.

“Ўзбекистоннинг бош синоптиги ҳаво ҳарорати 50 даражадан ошиши ҳақидаги хабарларни рад этди”

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 50 даражадан ошиб кетиши ҳақидаги хабарлар “мутлақо асоссиз миш-миш” деб аталди (“Оила даврасида”, 1 август).

Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази бош синоптиги Ирина Зайцеванинг айтишича, 29-30 июль кунлари мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 45 даражагача кўтарилди.

“Августнинг 1-2 саналарида ҳаво ҳарорати 37-42 даража атрофида, кейин эса бир неча кун давомида 35-40 даража атрофида бўлади. Юртимизга Каспий денгизи ҳавзаси ва Кавказдан салқин ҳаво массалари кириб келиши кутиляпти. У иссиқ ҳарорат таъсирини йўқотиши натижасида об-ҳаво бироз пасая бошлайди”, дейди мамлакат бош синоптиги Зайцева.

“Сумкамда бомба бор” дея таҳдид қилган ўзбекистонлик 3 йилга қамалди”

Самолётда маст ҳолда шовқин кўтариб, “Багаждаги сумкамда бомба бор” дея таҳдид қилган Алишер Қурбонов 3 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 1 август).

Россияда икки йил ишлаб, Москва-Самарқанд йўналишида парвоз қилган Қурбонов самолётда маст ҳолатда тўполон қилган, учувчилар хонасига кирмоқчи бўлган. Экипаж аъзолари бунга йўл қўймагач, багажга топширилган сумкасида бомба жойлаштирилгани ва уни ҳозироқ ишга туширишини айтиб, таҳдид қилган.
Бундан экипаж аъзолари ва йўловчилар қўрқиб кетган.

Самолёт Самарқанд аэропортига қўниши билан Алишер Қурбонов ҳуқуқ идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган. Текширувда буюмлари орасида портловчи модда йўқлиги маълум бўлган.

“Муборак ҳокими сувсизликка тоқат қила оладими?”

Қашқадарё вилояти Муборак тумани ҳокими П.Аллакулов тумандаги 30 мингга яқин аҳоли тақдирига дахлдор ичимлик суви муаммосига эътиборсизлик қилмоқда (“Новый век”, 1 август).

Ушбу масала юзасидан таҳририятга жавоб йўллаган ҳоким Аллакулов туман аҳолисининг ичимлик сувидан қарзи 420 миллион сўм эканини қайд этган. Газета эса айрим фуқароларнинг қарздорлиги учун минглаб аҳоли жабр кўрмаслиги, баҳона ўрнига, долзарб муаммога жўяли ечим топиш лозимлигини уқтиради.

“Шаҳар ёки вилоят раҳбарларидан бирортасининг сув қувури бир кунгинага ёпиб қўйилса ва уларнинг хонадони сувсиз қолса, нима бўлади? Бор-йўғи бир кунга. Амалдорлар, эҳтимол, ана шунда 27657 нафар муборакликлар уч йилдан бери бошдан кечираётган қийинчиликларни оз бўлса-да тушунар” деб ёзади “Новый век” нашри.

“Нетбугидан диний материаллар чиққан йўловчига иш очилди”

Термиз халқаро аэропортига Россиядан учиб келган Ўзбекистон фуқароси Х.Қурбоновга нисбатан иш очилди (“Инсон ва қонун”, 30 июл).

Сурхондарё божхона идораси маълумотига қараганда, Қурбоновнинг нетбугидан 35 дона mp-3 форматидаги тақиқланган диний материаллар топилган. Москвада учиб келган Ўзбекистон фуқароси Баҳром Кенжаевнинг нетбугидан ҳам 56 та диний мавзудаги мавъиза топилган. Сурхондарё вилояти бўйича жорий йил давомида 154 та ҳолатда 11766 та тақиқланган диний адабиёт, аудио ва видео материаллар ушлаб қолингани хабар қилинган.

“Ота ноқобил ўғлининг бошини кесди”

Андижонлик ота ноқобил ўғлининг жонига қасд қилди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси вакили Улуғбек Ғаниев “Ҳуқуқ” газетасига хабар берди.

Исми ошкор этилмаган 40 ёшли марҳум ўғил бир неча йил давомида отани ота, онани она демай, сурункали жанжал қилган. Ўғлининг қилмишларидан безор бўлган ота уни ўлдиришга қарор қилган.

Бу ишда унга катта ўғли – марҳумнинг акаси ёрдам берган. Безори ўғилнинг оёқ-қўли боғланиб, оғиз-бурни скотч билан ёпилган ва ҳовлидаги ҳожатхонага ташлаб юборилган. Икки кундан кейин мурда ҳожатхонадан чиқариб олиниб, Қўрғонтепа тумани Чимён қишлоғи ҳудудига олиб келинган. Ота пичоқ билан марҳум ўғлининг бошини кесиб олиб, “Андижонсой” каналига отган. Жасад ҳам сувга улоқтирилган.

Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди қотил ота ва акани узоқ муддатга озодликдан маҳрум этган.

“Таниқли хонандаларнинг беҳаё суратлари – қора пиар”

Ўзбекистондаги таниқли санъакорларнинг “кўнгилни хира қилувчи” видео ва фотолари тарқалаётгани қора пиарнинг бир кўринишидир (“Даракчи”, 1 август).

“Шоу бизнесида “қора пиар” деган атама бор. Айримлар атайин одамларнинг эътиборини тортиш, шов-шув кўтариш мақсадида бу каби “томоша”ларни ўзи уютиради. Бундай тажриба Ғарб шоу бизнеси учун хос хусусият” деб ёзади шоу бизнесга ихтисослашган нашр.

Сўнгги ойларда Ўзбекистондаги таниқли хонанда Муниса Ризаеванинг жамоачилик томонидан “беҳаё” деб баҳоланган фото ва видеолари тарқалди. Хонанда айни шу масалада “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига чақиртирилиб, бу борада тушунтириш сўралди.

Аввалроқ режиссёр Баҳром Ёқубов, Ўзбекистон халқ артистлари Зулайҳо Бойхонова ва Абдуҳошим Исмоиловлар номаъқул алфозда акс этган видеоматериаллар кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

“Россияда ишлаётган талабани журналда “бор” деб кўрсатган ўқитувчига жиноий иш қўзғатилди”

Наманган саноат касб-ҳyнар коллежи ўқитувчиси А.Раҳимовга жиноий иш очилди (“Диёнат”, 1 август).

Шаҳар прокурори Рустамжон Уматалиевга кўра, ўқитувчи Раҳимов бир неча йилдан буён Россия Федерациясида ишлаётган коллеж талабалари Ғ.Ҳошимов ва А.Лутфуллаевни журналда “дарсда қатнашди” дея белгилаган. Ҳатто уларга баҳо қўйиб, курсдан курсга ўтказган. Айтилишича, шаҳар таълим тизимидаги текширишлар асносида 113 нафар шахс интизомий, маъмурий, моддий ва жиноий жавобгарликка тортилган.

“Шампан виносини реклама қилган газета жаримага тортилди”

Олмалиқ кон-металлургия комбинати муассислигида чоп этиладиган “За цветные металлы” газетаси реклама қонунни бузгани учун 5 миллион 571 минг сўм жарима тўлади (“Истеъмолчи”, 1 август).

Маълум бўлишича, газетада эълон қилинган “Волшебная сила шампанского” мақоласи ва унга илова қилинган сурат “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси бузилиши сифатида малакаланган. Мақолада шампан виносининг хусусиятлари, унга газак танлаш ҳақида сўз борган.
XS
SM
MD
LG