Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:16

Москвадаги "Ренейссанс Констракшн"дан 2000 дан зиёд мигрант олиб кетилди



1 август куни Москвадаги йирик қурилишлардан бири - "Ренейссанс Констракшн"да ишлаётган 2000 нафардан зиёд, аксарияти ўзбекистонлик бўлган меҳнат муҳожири ОМОНчилар томонидан куч ишлатиб олиб кетилди.

Бу ҳақда Озодликка қурилишни олиб бораётган “Ренейссанс Констракшн” ширкати бошқаруви ходими, ўзбекистонлик йигит хабар қилди.

Унинг айтишича, ишчилар билан биргаликда “Ренейссанс Констракшн” ширкати бошлиғи, туркиялик сармоядор ҳам олиб кетилган.

ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги 1 август куни Москва шаҳар полицияси бошлиғи Вячеслав Козловнинг баёнотига таяниб, кейинги кунлар ичида олиб борилаëтган "муҳожир ови" натижасида ҳозиргача 3000 нафар атрофида “нолегал мигрант” қўлга олинганини хабар қилди.

1 август куни “Ренейссанс Констракшн” ширкатига қарашли қурилиш объектида ўтказилган облавадан қутулиб қолган Озодлик манбасининг айтишича, ушлаб олиб кетилган 2000 дан зиёд ишчи нолегал бўлмаган.

1 август куни кеч соат 5 ларда бошланиб 2 август тонгги 2 ларда якунланган махсус амалиётни Озодлик манбаси шундай тасвирлайди:

- Стройкамизнинг тўртта кириш-чиқиши бор. Ундан биттасидан одамлар кириб чиқади, қолганидан машина кириб чиқади. Соат 5 да 150 тача ОМОН келиб бутун стройкани қамал қилиб олди. Офиснинг тўртта кириш-чиқишида 50 та ОМОН туриб офисда ишлайдиганларнинг ҳужжатларини бирма-бир кўрди. Бутун стройка бўйлаб 2000дан ортиқ одамни худди мол ҳайдагандай дубинка билан уриб, калтаклаб олиб кетди. Икки кун олдин болалар маош олган. Бу стройкада 800 доллардан 1000 долларгача маош беришади. Болаларни уриб, ëнидаги пулларигача тортиб олиб, ОМОндан қочган болаларнинг паспортларини йиртиб ташлаш ҳолатлари ҳам бўлди.

Озодлик: Ҳозир ҳибсда ушлаб турилган 2000 киши ишлашга рухсати бор одамларми ëки нолегалларми?

- Бор, ҳаммасининг рухсати бор. Ҳаммасиники бўлмаса ҳам 500 талаб одам разрешение работасини кутиб ëтоқхонада ëтибди. Ишга чиққани йўқ. Уч ойлик регистрацияси бор. Разрешение работа чиқишини кутиб ëтибди.

Озодлик: Сиз мана персонал билан ишлар экансиз. Ўша облава ўтказаëтганларнинг бошлиқлари билан музокарага киришдингизми? Ë фирманинг раҳбарлари киришдими?

- Улар сиз билан гаплашмайди, тушунаяпсизми? Сиз билан ҳеч ким гаплашмайди. Туркиядан келган миллионер одам, началник стройкани уриб, тепиб, қўлида визаси бор одамни олиб кетаяпти. “Сен мусулмонсан” деяпти. “Сиз ўзбексиз, тожиксиз, турксиз” демаяпти. “Сен мусулмонсан” деяпти. Тушунтира олдимми? Бу ерда турклар келган жойига биринчи мачит қуришади. Одамлар ҳозир Москвада ҳеч қанақа ўзбекни, тожикни ишлатаëтган ҳеч қайси стройка бу фирмадай шароит қилиб бермайди. Мен бунга кафолат бераман. Кўп йилдан бери юрибман Россияда. Олий маълумотлиман. Кўп жойни кўриб келдим. Булар биринчи келган жойига одамлар учун душ, туалет, масжид, ҳозир мана рўза ойи, саҳарликка саҳарлик, оғизочар пайтига оғизочар, таровеҳ пайти масжид ҳозирлаб қўйган. Мисол учун¸ бирорта ўзбекнинг бир тийинини емайди, документларини ўзлари қилиб беради фирма ҳисобидан. Иш нормалний. Ишига яраша ҳаммага пул тўлайди. Одамларни алдамайди. Лекин кеча ОМОНлар келиб, таровеҳ бошланмасдан келди улар, аср намози пайтида масжиднинг ичидагиларни уриб, тепиб, масжидни ëпиб олиб чиқиб кетишди.

Озодлик: Айни пайтда фирма раҳбари қаерда?

- Фирма раҳбари 2000та одам билан қўшиб олиб кетилган. Иккита каттаси бор. Стройка шефи ва лойиҳа мудири. Туркиядан келган раҳбарларнинг ҳаммасини олиб кетди.

Озодлик: Мана ҳозир сиз билан Москва вақти билан 13.45 да гаплашаяпмиз. 2000 дан ортиқ ишчи-хизматчилар ҳозир қаерда сақланаяпти?

- Унисини ҳеч ким билмайди. Бизларга ҳам айтишмади. “Қаерда улар? Қачон келади? Нима учун олиб кетдинглар? Нима учун қўйиб юбормаяпсизлар?” десак, кеча иккита ОМОН “Мусулмонлар москвичларга ҳужум қилди. Биз қасдимизни олаяпмиз сизлардан” деди, дейди қурилишни олиб бораётган “Ренейссанс Констракшн” ширкати бошқаруви ходими.

Озодлик мухбири "Ренейссанс Констракшн"дан олиб кетилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари тақдирига ойдинлик киритишга уринмоқда. Янги тафсилотларни кун давомида Озодлик саҳифасида кузатинг.
XS
SM
MD
LG