Линклар

Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги Бобожон Ғафуров тумани имом-хатиби балоғат ёшига етмаган қизнинг никоҳ маросимини ўтказгани учун бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Тожикистон Жиноят Кодексининг 169-моддаси билан айбланиб, суд ҳукми билан бир йиллик ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган Саидаъзам Атоев Бобожон Ғафуров туманидаги Имом Бухорий номли жоме масжидининг имом-хатиби бўлиб ишлаган. Собиқ имом¸ суд ҳукмига кўра¸ жазо муддатини Хўжанд шаҳридаги қамоқхонада ўтайди.

Бобожон Ғафуров номли туман прокуратурасининг Қайдлар бўлими ходимаси Ситора Раҳмонбердиеванинг Озодлик мухбирига айтишича, тумандаги марказий масжиднинг имом хатиби бўлиб ишлаган Саидаъзам Атоев ўтган йилда шу туманда истиқомат қилувчи 16 ёшли Фотима Расулованинг никоҳ маросимини ўтказган.

Сўғд вилояти Дин ишлари бошқармаси Саидаъзам Атоевга нисбатан жиноят иши очилгандан сўнг, уни Имом Бухорий номли масжиднинг имом-хатиби вазифасидан озод қилган.

Бобожон Ғафуров туманидаги масжид имом-хатибининг бу ҳолат бўйича судланиши Тожикистонда илк бор содир бўлди.

Тожикистон қонунчилиги 18 ёшга тўлмаган ёшларнинг никоҳдан ўтишини тақиқлайди. Айрим ҳолатлардагина бунга суднинг қарори билан рухсат берилиши мумкин.

Бу ҳақдаги ўзгартиш Тожикистон қонунчилигига 2011 йилда киритилган эди. Янги тартибга кўра, токи никоҳни расмий қайддан ўтказиш идорларидан маълумотнома тақдим қилинмагунча дин вакилларига исломий никоҳ маросимларини ўтказиш тақиқланган.

Кузатувчиларга кўра, никоҳ ёши 18 га кўтарилганига қарамасдан, Тожикистонда қизларни эрта эрга бериш ҳолатлари давом этмоқда. Ҳозир кўпгина оилалар, айниқса¸ бадавлат оилаларда эркакларни 15 ёшли қизларга уйлантириш русум бўлиб бораëтгани айтилмоқда.

Кузатувчилар таъкидича, аксарият ота-оналар қизининг ёшини баланд қилиб кўрсатиш учун қалбаки ҳужжатларни сотиб олишаяпти.

Расмийлар ва инсон ҳуқуқи ҳимоячилари қизларни эрта эрга бериш натижасида ажралиш, ўз жонига қасд қилиш, туғруқ пайтида ўлим ҳолатларининг рўй бериши кўпаяётганидан ташвиш билдирмоқдалар.

Ўтган йилда Тожикистонда 4000 дан ортиқ оила ажралиб кетганлиги ҳолати қайд қилинган. Жамиятшуносларнинг айтишларича, бу кўрсаткичнинг асосий қисмини эрта турмуш қурган оилалар ташкил этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG