Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:32

Керри Покистон ҳудудидаги ҳужумлар тўхтатилишини ваъда қилди



Исломободда қилган чиқишида АҚШ Давлат котиби Жон Керри Покистон ҳудудидаги жанггариларга қарши Америка пилотсиз учқичлари амалга ошираётган ҳужумлар яқин фурсатда тугашини маълум қилди.

Маҳаллий телеканалга берган интервюсида АҚШ Давлат котиби Жон Керри Покистондаги жанггариларга қарши АҚШнинг пилотсиз учқичлари амалга ошириб келаётган ҳаво ҳужумлари “жуда, жуда яқин фурсатда тугаши”ни айтди.

Керри “асосий таҳдид бартараф қилингани боис Вашингтоннинг пилотсиз учқичлар дастури якунига етиши”ни таъкидлади.

Покистоннинг Geo телевидениесига интервю берган Жон Керри Қўшма Штаталар ўзини ҳимоя қилиш мақсадида аксилтеррор амалиётлари олиб бораётганини урғулади:

- Биз, қандай бўлишидан қатъий назар, терроризмга қарши олиб борилаётган фаолият тугатилишини хоҳлаймиз. Биз терроризмга қарши фаолиятда иштирок этишни истамаймиз, аммо биз буни ўзимизни ҳимоя қилиш мақсадида қилaяпмиз, дея баён қилди АҚШ Давлат котиби.

Покистон кўп йиллар давомида терроризмга қарши курашда АҚШнинг иттифоқчиси бўлиб келди.

Давлат котиби Қўшма штатларга кўрсатган ёрдами учун покистонликларга миннатдорлик билдирди.

- Биз Покистон халқидан, ҳукуматидан жуда миннатдормиз. Биз баъзи кескин ҳиссиётлар борлигини тушунамиз. Покистон жиддий таҳдидга дуч келмоқда. Лашкари Тоййиба, Таҳрики Толибон, Ал-Қоида, Ҳаққоний тармоғи каби гуруҳлар аъзолари масжидлар ва бозорларда одамларга қарши портлашлар амалга ошираяпти, деди Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Покистон Бош вазири Навоз Шариф билан икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилиш учун Исломободга сафар қилди.

Пайшанба куни Жон Керри Покистон президентининг Ташқи ишлар бўйича маслаҳатчиси Сартож Азиз билан ўтказган матбуот конференциясида Қўшма Штатлар Покистон ҳукумати билан хавфсизлик масалалари бўйича “стратегик музокараларни” қайта бошлаётганини билдирди.

Керрига кўра, икки тараф ўзаро алоқаларда мавжуд бўлган муаммоларга ечим топишданн умидвордир.

Покистон ҳудудидаги жанггарилар паноҳ топган жойлар ва уларга қарши Вашингтоннинг баҳсларга сабаб бўлиб келаётган пилотсиз учқичлар дастури ана шу муаммолардан бири ҳисобланади.

Икки тараф ўртасидаги стратегик алоқанинг узилишига 2011 йилда АҚШ учқичи Покистон чегара пунктида янглиш уюштирилган ҳужум натижасида 24 нафар покистонлик аскарнинг ўлдирилиши сабаб бўлган эди.

Матбуот анжуманида Сартож Азиз Покистон ҳукумати АҚШ ва Толибон ўртасидаги музокараларга ёрдам кўрсатишини билдирди.

Пайшанба куни Покистонга ташриф буюрган Жон Керри дастлаб мамлакатнинг янги сайланган Бош вазири Навоз Шариф билан учрашди.

Керри Покистон Бош вазирини президент Барак Обама билан учрашиш учун куз ойларида АҚШга таклиф этди.

2 август куни АҚШ Давлат котибининг Покистонга икки кунлик сафари тугади.
XS
SM
MD
LG