Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:52

Туркманистон мактабларида энди "Руҳнома" ўқитилмайди



Туркманистон мактабларида марҳум президент Сапармурод Ниёзовнинг "Руҳнома" китобини ўқитиш бекор қилинди.

“Туркманистон хроникаси” мустақил Интернет нашри хабарига кўра, Туркманистон Маориф вазирлиги ўрта мактаблар учун ишлаб чиққан янги ўқув дастурида “Руҳнома” дарси олиб ташланган.

Улар ўринини Иқтисодиёт, Экология асослари, Туркманистоннинг маданий меъроси каби янги дарслар эгаллаган.

Сапармурод Ниёзов даврида "Руҳнома" Туркманистон ўрта ва олий ўқув юртларида мажбурий ўқитилган ва уни ҳар бир туркманистонлик сотиб олиши, ўқиб чиқиши, мактабни битириш ва олий ўқув юртларига киришда талабалар шу китоб бўйича имтиҳон топширишлари шарт бўлган.

Сапармурод Ниёзовнинг "Руҳнома" китоби 2001 йилда ёзилган ва у Туркманистонда "муқаддас китоб" даражасига кўтарилди.

Одамлар қасам ичган пайтда “Қуръони Карим” ва “Руҳнома” китобига қўлини қўйиши талаб этиб келинган.

Туркманистондаги хорижий ширкатлар эса бу “муқаддас китоб”ни ўз мамлакатлари тилига таржима қилишга мажбур қилинди.

“Руҳнома” DaimlerChrysler ширкатининг моливий кўмагида немис тилига, Россиянинг КамАЗ заводи ҳисобига татар тилига ўгирилиб, қиммат муқовада нашр этилди.

Шунингдек, ушбу китоб инглиз, араб, хитой, немис, форс, испан, рус, турк ва бошқа тилларга таржима қилинган.

Ашхобод марказида "Руҳнома"га ҳайкал ҳам ўрнатилди. Сентябр ойи ва шанба куни номи “Руҳнома”, деб ўзгартирилди.

Норвегияда яшовчи туркманистонлик ёзувчи Валисапар Оқмуҳаммад бу китобнинг дарслик сифатида мактабларда ўқитилиши бошидан аҳмоқгарчилик бўлганини айтади:

- Бу китоб ўртачадан ҳам паст даражада ёзилган китоб, у ерда бири иккинчисини инкор қиладиган жиҳатлар жуда кўп. Яна бир жиҳат, у ердаги кўп маълумот илмий китоблардан кўчириб олинган ва плагиат бир асар дейишга асос бор, дейди Валисапар Оқмуҳаммад.

Туркманбоши Ниёзов ўлимидан сўнг, Қурбонқули Бердимуҳаммедов президентлик курсисини эгаллар экан, мамлакат олий ўқув юртларида "Руҳнома"ни ўқитиш бекор қилинди, ўрта мактабларда эса ушбу китоб дарслари ҳафтасига бир соатга туширилди.

Кутубхоналардан ҳам Сапармурод Ниёзов китоблари бадарға қилиниб, улар ўрнини Қурбонқули Бердимуҳаммедов ёзгани айтиладиган тиббиёт, спорт ҳақидаги асарлар эгаллади.

Ашxoбод марказидаги Ниёзовнинг олтин ҳайкали билан бир қаторда “Руҳнома"га ўрнатилган муҳташам мoнумент ҳам олиб ташланди.

Ёзувчи Валисапар Оқмуҳаммаднинг айтишича, Ниёзов китоблари ўқув дастуридан олиб ташланаётгани билан мамлакатда у қолдириб кетган авторитар сиёсат, шахсга сиғиниш анъаналаридан воз кечилаётгани йўқ:

- Бу ерда шахсга сиғиниш объекти ўзгаряпти, холос. Ниёзов ўлди, ҳозир Бердимуҳаммедов, унинг ўрнида Бердимуҳаммадов. Ҳозир Бердимуҳаммедовнинг китоблари ҳам мажбурий ўқитилаяпти, келажакда ҳозирги президент китоблари ўқув дастурига киритилса ажаб эмас, дейди туркман ёзувчиси.

XS
SM
MD
LG