Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:08

Россия ҳарбийлари Тожикистонда яна 29 йил қолади


Москвада президент Владимир Путин билан ўтган музокаралардан сўнг Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон Россия аскарлари ўз мамлакатида 2049 йилгача қолдирилишини маълум қилди.

Айни пайтда Тожикистонда Россиянинг 201 – дивизияси таркибида 7 мингга яқин рус ҳарбийси бор. Мазкур дивизия 2005 йилгача Тожикистон-Афғонистон чегарасини қўриқлаган эди.

Сўнгги икки йилдан бери Москва ва Душанбе Россия ҳарбий базасига тўланадиган ижара ҳақи борасида келиша олмаётган эди. 2011 йилнинг сентябрида Россия ҳарбийларининг Тожикистондаги ҳозирлигини 49 йилга узайтириш борасида келишилиб, бу борадаги шартнома 2012 йилнинг биринчи чорагида имзоланиши режалаштирилган эди. Бироқ кейинроқ тожик томони Россиядан база учун 300 миллион доллар ижара ҳаққи талаб қила бошлагач, шартномани имзолаш муддати чўзилиб кетган.

- Мен айтиб қўймоқчиманки, бу масалага биз ниҳоятда масъулият билан ёндошамиз. Биз ўз мажбуриятимизни қатъийлик билан бажаришга тайёрмиз. Шунинг учун базага оид масалалар тартибга солинганидан ва мамлакат парламенти таътилдан қайтганидан сўнг, шу йилнинг кузида бу масалани ҳал қиламиз, -деб баёнот берди Эмомали Раҳмон Москвада президент Путин билан учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида.

201-дивизия Тожикистонда замонавий ҳарбий техникага эга бўлган кучли ҳарбий бўлинмадир. Расмий маълумотларга қараганда, дивизия уч мотоўқчилар полки, битта артилерия полки, битта зенит-ракета полки ва етти вертолётга эга авиагуруҳдан иборат.

Россия ҳарбийларининг асосий қисми Душанбе шаҳрида жойлаштирилган. Бундан ташқари Душанбеда 670-авиагуруҳ, Қўрғонтепада “Град” реактив тизими ҳамда “Нурек” оптик-электрон комплекси бор.

Эмомали Раҳмон билан биргаликда ўтгазган матбуот анжуманида Владимир Путин 201-дивизиянинг аҳамияти катта эканини таъкидлади.

-Тожикистон ҳудудидаги Россия ҳарбий базаси масаласига алоҳида эътибор қаратдик. Бу дивизия бизнинг давлатимиз чегараси ташқарисидаги энг катта рус ҳарбий бўлинмаси эканини таъкидламоқчиман.

Москва учрашувида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу 2025 йилгача Тожикистон қуролли кучларини қуроллантириш учун Москва 200 миллион доллар ажратишини билдирди.

Москва учрашувида ҳарбий ҳамкорликдан ташқари Россиядаги тожик меҳнат муҳожирлари масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Бугунги кунда Россияда расман 1 миллион тожик муҳожири борлиги айтилади. Жаҳон банкининг ҳисоб-китобига қараганда 2012 йилда тожик муҳожирлари ватанларига жўнатган маблағ Тожикистон миллий даромадининг 47 фоизини ташкил қилган.
XS
SM
MD
LG