Линклар

logo-print

Диний эркинликлар вазиятини кузатиб борувчи Форум-18 халқаро гуруҳи Ўзбекистонда бу йил ҳам Рамазон ибодатларига жорий этилган тақиқ ва чекловларни танқид қилди. Форум-18 таъкидича, бу фундаментал дин ва эътиқод эркинликларига мутлақо зид амалдир.

Ташкилот чиқарган ҳисоботда айтилишича, пойтахт Тошкент шаҳридаги ресторан эгалари Рамазон ойида ифторлик учун буюртма қабул қилмаслик ҳақида тепадан оғзаки тарзда огоҳлантириш олганлар.

- Бу дин ва эътиқод эркинлиги тамоилларига мутлақо зид амалдир, ҳар бир одам ибодатини эмин -эркин адо этиш ҳуқуқига эгадир, - дейди Форум-18 тадқиқотчиси Феликс Корли.

Шунингдек, айрим ҳукумат идоралари ўз ишчи-ходимларига муқаддас Рамазон ойи давомида ифторликларга боришни ҳам тақиқлаган.

Аввалроқ, Озодлик радиоси Тошкентдаги бир қанча ресторанлар боғланиб ифторлик ўтказишга тақиқ борлиги ҳақида тасдиқ олганди.

-Ифтор ўтказишлар тақиқланган. Даа. Ўтган йилиям тақиқланган эди. Даже ўтган йили шаҳар ҳокими ҳамма ресторанларни хўжайинларини чақириб, ифторлик қилмайсизлар, деб лично айтган", деган ресторан соҳиби.

Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов оғзаки тақиққа қарамай айрим ресторан эгалари оз сонли рўзадорлар иштирокида ифторликлар ўтказаётгани гувоҳи бўлганини айтади.

- Бу ҳар йили бўлади. Бир томондан ресторан эгалари ифторлик ўтказмаслик ҳақида оғзаки кўрсатмалар олишади. Лекин, айрим ресторан хўжайинлари бундай тақиққа қарамай ифторликларни ўтказади. “Анҳор” кафеси, “Қоратош” ресторанларидаги ифторликларга мен шахсан гувоҳ бўлганман, - дейди Ташанов.

Ўзбекистондаги аксар ифторликлар маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари назорати остида ўтказилади.

- Ўзбекистон ҳукумати диндорларни тўпланишидан, уларни маросимлар ўтказишидан жуда эхтиёт бўлади, бундай диний тадбирларга жуда чўчиб қарайди. Шуни олдини олиш мақсадида ҳокимият идоралари ҳар йили Рамазон ойи арафасида ресторан эгалари ва маҳалла фуқаролар йиғинларига огоҳлантиришлар беради, - дейди Ташанов.

Ўзбекистон ҳукумати расмийлари чиқишларидаги оҳанг эса бунинг том тескариси.

Рамазон ойининг дастлабки кунлари Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова ижтимоий тармоқлар орқали одамларни хайрия қилишга чақирган эди.

"Рамазон ойида хайрия қилайлик. Оллоҳ рўза тутганларни қўллаб-қувватласин!", деб ёзган эди Каримова хоним.

Айни пайтда Ўзбекистондаги Меҳр Нури жамғармаси ифторлик тадбирлари ўтказган ва унда жаъми олти мингдан зиёд одам қатнашгани айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG