Линклар

logo-print

Гулнора Каримова яна отасидан ўзиб кетди


Гулнора Каримованинг твиттердаги акаунтидан олинган сурат.

Гулнора Каримованинг твиттердаги акаунтидан олинган сурат.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова интернет ва ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик сиёсатчиларнинг машҳурлиги рейтингида биринчи поғонани эгаллаб турибди. Мазкур рейтингда президент Ислом Каримов иккинчи ўринга қўйилган. Мазкур рейтинг интернет ва ижтимоий тармоқлардаги янгиликлар, форумларда сиёсатчи неча марта тилга олингани, бу хабарларни қанча одам излагании тўғрисидаги рақамларга таянган ҳолда тузилган.

Постсовет давлатларидаги иқтисодий жараёнларни ёритишга ихтисослашган Украинадаги “Биржевой лидер” нашри Яндекс излов тизими, “Одноклассник” ижтимоий тармоғи натижалари асосида тузган "Ўзбекистонлик сиёсатчиларнинг интернетдаги машҳурлиги" рейтингида Гулнора Каримова биринчи ўринни эгаллаган.

Мазкур рейтинг интернет ва ижтимоий тармоқлардаги янгиликлар, форумларда сиёсатчи неча марта тилга олингани, бу хабарларни қанча одам излагании тўғрисидаги рақамларга таянган ҳолда тузилган.

Рейтинг натижаларига ишонадиган бўлсак, июль ойида Гулнора Каримова деган сўз билан Яндекс излов тармоғида 8612 одам сўров берган. Бу июнь ойига қараганда 2282 тага камдир. Июль ойида Гулнора Каримова интернетда пайдо бўлган 207 хабарнинг бош қаҳрамони бўлган. Бу эса июнь ойига қараганда 49 тага кўпроқдир.

Президент Ислом Каримов билан боғлиқ хабарларни эса июл ойида Яндекс тармоғида 8395 одам қидирган. Бу июнь ойига қараганда 13638 тага камдир.

Бундан келиб чиқадики, Ислом Каримов июнь ойида 22033 кўрсаткич билан рейтингнинг 1-ўрнини, Гулнора Каримова эса 2-ўринни эгаллаган эди.

Бироқ Ўзбекистон президенти интернетда нашр этилган хабарларда тилга олиниш бўйича июль ойида 1-поғонани эгаллаган. Ўтган ойда Ўзбекистон президенти 526 хабарда тилга олинган. Бу июнь ойига қараганда 152 тага кўпдир.

“Биржевой лидер”нашрининг ёзишича, июль ойида Гулнора Каримова ва Ислом Каримов муҳокма қилинишига сабаб бўлган асосий мавзулар Озодлик радиосида ёритилган мақолалар бўлди.

“Озодлик радиосида чоп этилган “"Ўзбек маликаси"нинг ярим яланғоч суратлари: янги ва янги хилма-хил” мақоласи интернетда Гулнора Каримова муҳокама қилинган асосий мавзу бўлди”, деб ёзади “Биржевой лидер”.

Нашрнинг билдиришича, Ислом Каримовнинг Ўзбекистонда тиланчилар йўқлиги ҳақидаги баёноти юзасидан чоп этилган мақолалар ҳам интернет фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокама қилинган.

Рейтингда номи келтирилган қолган 32 ўзбек сиёсатчининг кўрсаткичи Ўзбекистон бош оиласи аъзолари кўрсаткичидан кескин фарқ қилади. Рейтингда 3 -ўринни эгаллаган Шавкат Мирзиёёв интернетда бор-йўғи 910 марта, 4-поғонадаги Рустам Азимов эса 865 марта қидирилган. Қолган сиёсатчилар эса излов тармоғида 200га етмаган миқдорда сўралган.

“Одноклассник” ижтимоий тармоғида ҳам Гулнора Каримова ўзбек сиёсатчилари орасида кўрсаткичлар бўйича 1-ўринда экан. Унинг мазкур тармоқдаги саҳифасида 22 179 иштирокчи бор. Ислом Каримовга мансбулиги айтиладиган “Одноклассник” саҳифасида эса 2335 иштирокчи бор.

“Биржевой лидер” ўзбекистонлик сиёсатчиларнинг интернетдаги машҳурлиги рейтингини биринчи маротаба 2012 йилнинг декабрида эълон қилган эди. Ўша рейтингда ҳам Гулнора Каримова интернетдаги машҳурлик бўйича отасидан ўзгани айтилган.

Нашрнинг ўзига ўзи берган баҳога қараганда, “Биржевой лидер” Интернет журнали трейдерлар ва сармоядорлар учун мўлжалланган энг оммавий суратли бепул Интернет портал бўлиб, ҳар куни жаҳоннинг 55 мамлакатида фаолият кўрсатаётган мухбирларидан эксклюзив информация олади”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG