Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:28

Ҳасан Руҳоний Эрон президенти сифатида қасамёд қилди



Эроннинг янги президенти Ҳасан Руҳоний мамлакат парламентида қасамёд қилди. Якшанба куни Теҳронда бўлиб ўтган тантанали маросимда Эрон парламенти аъзолари ва элликдан ортиқ давлат дипломатлари қатнашди.


4 август куни Теҳрондаги мамлакат парламентида қасаммёд қилган Ҳасан Руҳоний мамлакат дини ва халқига чин дилдан хизмат қилишга ваъда берди.

- Қуръони Карим ҳозирлигида, Эрон халқи олдида, қудратли Худо олдида мен мамлакат расмий динини, Исломий Республикани ва мамлакат конституциясини ҳимоя қилишга қасамёд қиламан, деди Ҳасан Руҳоний.

Тантанали маросимда Эпор парламенти депутатлари ва элликдан зиёд давлат дипломатлари қатнашди.

Хорижлик меҳмонлар орасида Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича собиқ мутасаддиси Хавьер Солана, Афғонистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Покистон президентлари, шунингдек, Шимолий Кореянинг юқори лавозимли расмийси Ким Йонг-нам ҳам бор эди.

Шанба куни Эрон Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Хоманаий Ҳасан Руҳоний президент этиб сайланганини расман тасдиқлади.

Оятуллоҳ янги президентнинг юзидан ўпиб унга муваффақият тилади.

Эрон конституциясига мувофиқ мамлакат Олий руҳонийси тасдиқлаши ортидан Руҳоний тўрт йиллик президентлик муддатини расман бошлади.

Руҳоний икки муддат Эрон Президенти бўлган Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг ўрнини эгаллади.

Эрон Олий руҳонийси билан шанба кунги учрашувдан сўнг Ҳасан Руҳоний АҚШда бизнес бўйича таълим олган Муҳаммад Наҳавандианни президент маъмурияти бошлиғи этиб тайинлади.

Якшанба куни парламентдаги қасамёд маросимидан кейин Ҳасан Руҳоний янги кабинет номзодлари рўйхатини эълон қилди.

Руҳоний Эроннинг БМТдаги собиқ вакили Муҳаммад Жавод Зарифни Ташқи ишлар вазири, собиқ нефт вазири Бижан Занганини айни лавозимга номзод қилиб кўрсатди.

4 август куни Қуддус шаҳрида Исроил кабинетининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Мажлисда сўзлаган Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Эронда раҳбар алмашгани билан мамлакатнинг мақсади ўзгармаганини таъкидлади.

- Эрон президенти (Ҳасан Руҳоний) ўтган куни Исроилни ислом дунёси танасидаги яра деб атади. Эронда президент ўзгарди бироқ у ердаги режимнинг мақсади ўзгармади.

Эроннинг мақсади ядровий қуролларни қўлга киритиш ва Исроил давлатини йўқ қилишдир. Бу нафақат бизга ва Яқин Шарқ минтақасига балки, бутун дунёга таҳдид. Биз ҳаммамиз бунинг олдини олишга бел боғлаганмиз, дея баёнот берди Исроил Бош вазири.
XS
SM
MD
LG