Линклар

logo-print
Тошкент шаҳри турар-жой массивларида кўчирилган гаражлар эгаларига янги қурилган автомобиль турар жойларидан доимий жойлар бепул берилади.

Бу меъёр Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 213-қарори билан белгилаб қўйилди.

Норма.уз сайтининг 5 агустда хабар қилишича, мазкур ҳужжат 31 июлда қабул қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойларини ташкил қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги низомини шарҳлар экан, Норма.уз эксперти мана бу ҳолатга алоҳида эътибор қаратган: ҳужжатга биноан бундан буён тўхташ жойида автомобиль эгасининг доимий конкрет жойи бўлиши мумкин.


Айтилишича, шу пайтгача амал қилган Низомда бундай меъёр бўлмаган.
Янги низомда автомототранспорт воситаларининг доимий турар жойлари турар-жой массивларидан кўчирилган индивидуал гаражлар ўрнида ҳам барпо этилажагини, гаражлари кўчирилганларга янги турар жойлардан доимий жойлар бепул берилажагини хабар қилган сайт эксперти.

Озодлик мухбири бузилган гаражлар ўрнида турар жой қураётган тадбиркорлардан бири билан жорий йилнинг майида суҳбатлашган, у “жой олиш учун аввал 400 минг сўм, кейин ҳар ойда 20 минг сўмдан жой пули тўлаш кераклиги” тўғрисида гапирган эди.

Бир қарашда катта шаҳарнинг кундалик ташвишларидан бири кўринган гараж масаласи, темир гаражи бор тошкентликлар учун бош оғриғи ва чиқимга айланган эди.

Пойтахт турар-жой массивларидаги темир гаражларни бузиш Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 15 апрелда матбуотда эълон қилинган “Тошкент шаҳрида автомототранспорт сақлаш қурилмаларини ободонлаштириш ва шаҳарсозлик қоидаларига мувофиқ тартибга келтириш тўғрисида”ги қарорига биноан бошлаб юборилган эди.

Ҳокимлик қарори тўғрисидаги хабарларга кўра, жорий йил охирига қадар шаҳарда 23000 дан зиёд, келаси йил охиригача эса жами 40826 та гараж бузилиб, улар ўрнида “шаҳарсозлик талабларига жавоб берадиган, мунтазам қўриқланадиган ёпиқ ва очиқ тўхташ жойлари барпо этилади.

Пойтахт маҳаллаларидан бири раисаси 5 август куни Озодлик саволларига жавоб берар экан, гаражларни кўчириш ишлари ҳам, турар жойларни қуриш ишлари ҳам давом этаётганини хабар қилди.

Бироқ раиснинг гапларидан унинг ҳукуматнинг сўнгги қароридан хабарсиз эканлиги маълум бўлди.

- Тўхташ жойлари қурилаяпти. Лекин “мана бу жой сенга, сендан бошқа ҳеч ким қўймайди, чунки сенинг гаражинг бўлган”, деб ҳеч кимга конкрет жой берилмайди, деди маҳалла раиси.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида эса, бу фикрнинг акси айтилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги гаражларни бузар экан, уларнинг эгаларига товон пули бермай келмоқда.

Ҳокимликнинг бу масаладаги позицияси бугунги суҳбатдошимизнинг мана бу фикрида яққол акс этади:

- У (гаражнинг ўрни) давлатнинг жойи-ку! Гараж ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилган, қандай қилиб унга компесация берилади?!

Озодлик радиоси гараж масаласини ўз вақтида ОзодЖавоб эшиттиришида ҳам ўрганган, эшиттиришда иштирок этган ҳуқуқшунос Миракмал Ниязматов қўлида мулкка эгалигини тасдиқловчи ҳужжати бор фуқаролар гаражни бузиш ҳаражатларини ундириб олиши мумкинлигини тушунтирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG