Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:31

Россияда ноқонуний муҳожирларни сақлаш учун 83 марказ қурилади


Полициячини доғистонликлар калтаклаганига қарамасдан, “тозалаш ишлари” асосан марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларига қаратилмоқда.
Полициячини доғистонликлар калтаклаганига қарамасдан, “тозалаш ишлари” асосан марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларига қаратилмоқда.

Россия Федерал Миграция хизмати мамлакатнинг барча федерал минтақаларида ноқонуний мигрантларни вақтинчалик сақлаш марказларини ташкил қилишни режалаштирмоқда. Ҳукумат муҳокамасига тақдим этилган қонун лойиҳасида ташкил қилинадиган 83та лагерни қўриқлаш ва бошқаришга қўшимча 4661та хизматчи ёллаш кўзда тутилган.



ФМС: Хорижликларни сақлаш марказларини қуриш давом этади
Москванинг Гольяново туманидаги ноқонуний муҳожирларни сақлаш маркази каби лагерлар Россиянинг барча вилоят, ўлка ва республикаларида тузиш режаси ишлаб чиқилмоқда.

Россия Федерал Миграция хизмати (ФМС) ишлаб чиқан тегишли қонун лойиҳаси аллақачон regulation.gov.ru сайтига чиқариб қўйилди. Ҳужжатда “суд қарори билан Россия Федерациясидан чиқариб юборилиши ёки депортация қилиниши керак бўлган хориж фуқароларини сақлашга мўлжалланган махсус муассасалар” тармоғини тузиш асослаб берилган.

Лойиҳа муаллифларига кўра, ноқонуний миграция билан самарали курашиш учун Россиянинг 81 минтақасида 83 та махсус марказ ташкил қилиш зарур. Бу муассасаларнинг ишини таъминлаш учун Миграция хизмати ҳукуматдан қўшимча 4661 хизматчини ёллашга маблағ ажратишни сўрамоқда.

Ҳозирда Россия бўйлаб ноқонуний муҳожирларни сақлашга мўлжалланган 21та махсус марказ фаолият олиб боради. Россия Ички ишлар вазирлигига қарашли бу муассасалар тармоғи 2014 йилнинг 1 январидан ФМС бошқарувига ўтиши эълон қилинди.

Бироқ, Озодлик сўровига Россия Миграция хизматининг Москва бўйича бошқармасида гап ҳеч қандай лагерлар ҳақида кетмаётгани, бу режа асосида қурилиши керак бўлган ноқонуний муҳожирлар учун махсус марказлар эканини таъкидлашди.

Москваликлар Собянинни қўллаб-қувватламоқда

Ноқонуний муҳожирларни қаерда сақлаш ўтган ҳафта Москвада бошланган оммавий “тозалаш” амалиёти бошлангандан кейин долзарб масалага айланди.

Москва шаҳар полиция бўлинмаларига қарашли приёмниклар мигрантлар билан лиқ тўлганидан кейин, шаҳар ҳукумати улар учун 2-Иртишская кўчасида 900 кишига мўлжалланган чодир шаҳарча қурган эди.

Бу ерга келтирилган муҳожирлар суд қарори билан депортация қилинишини кутмоқда. Москва Ички ишлар бошқармасидан олинган сўнгги хабарларга кўра, у ерда аллақачон 500 зиёд одам жойлаштирилган. 27 июл куни бошланган “зачистка” натижасида Москва бозорлари, савдо ҳудудлари, ишлаб чиқариш ва қурилиш объектларида расман 4 мингга яқин одам ҳибс этилгани, “жиноий гуруҳ тузиш” ва “ноқонуний миграцияни ташкил этиш” моддалари асосида 12та жиноий иш қўзғатилгани хабар қилинмоқда.

Шунингдек, Москва шаҳар полиция бошқармаси ноқонуний муҳожирларга яшаш учун уй-жой берган москваликларни ҳам жавобгарликка тортаётгани, “резина квартиралари”ни (саноқсиз муҳожирлар рўйхатга олинган квартиралар-таҳр.) аниқлаш бўйича шаҳарда текширувлар кетаётганини маълум қилиб бормоқда. Ички ишлар ва ФМС олиб борган “зачисткалар”дан кейин Москванинг бир нечта йирик савдо бозорлари ёпилгани маълум бўлди.

Айни пайтда, Интернет тармоқларида Москва вилоятида Голяново лагерига ўхшаш чодир шаҳарчалар пайдо бўлиши тўғрисида миш-мишлар пайдо бўлди.

Подмосковьенинг Егорьевск шаҳарчаси аҳолиси ноқонуний муҳожирларни сақлаш маркази қурилишига қарши чиқди.

“ВКонтакте” тармоғида тузилган махсус саҳифада “Дўстлар! Бизнинг уйимизда – Егорьевскда – фалокат рўй берди! Бизнинг фикримизни инобатга олмасдан, Михаил Лавров (шаҳар ҳокими-таҳр.) туманимиз ҳудудида нолегаллар учун Миграция марказини тузишга рухсат берувчи ҳужжатларга имзо чекди. Бу дегани Москва ва вилоятнинг БАРЧА ноқонуний муҳожири бизга келтирилади!”, деган эълон пайдо бўлди.

Егорьевскда тарқатилган бу варақа ортидан шаҳар Муниципал жамоатчилик палатаси бир гуруҳ вакиллари ташландиқ ҳарбий шаҳарча ўрнида қурилажак махсус приёмникка “қатъий қарши экани”ни билдирувчи мурожаатномани вилоят губернатори ва Думасига юборди.

Шу ўринда, Егорьевск ҳокими Михаил Лавров бундай марказ тузилиши тўғрисида ҳеч қандай гап-сўз бўлмагани тўғрисида баёнот берди.

Москва шаҳар полиция бошқармаси раҳбари Анатолий Якунин шаҳарда ўтказилаётган амалиётни “бозорларни криминалдан тозалаш” ва “этник жиноятчиликка қарши кураш” деб атади. Унга кўра¸ полициянинг бу ҳатти-ҳаракатлари 27 июл куни Матвеевский бозорида жинсиё тажовузда айбланган шахсни ҳибс этгани келган оператив ходимнинг калтакланишига нисбатан “адекват” жавобдир.

Юқорида тилга олинган муштлашувда Москва полицияси ходимлари ва доғистонлик фуқаролар иштирок этганига қарамасдан, “тозалаш ишлари” биринчи навбатда негадир марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларига қаратилганига Москва расмийлари томонидан бирор изоҳ берилганича йўқ.

Мутахассислар олиб борилаётган амалиётларни шу йилнинг 8 сентябрига белгиланган Москва шаҳар мэри лавозимига бўлажак сайловлар билан ҳам боғламоқда.

Бутунроссия ижтимоий фикрни ўрганиш жамоатчилик маркази куни-кеча ўтказган сўрови натижаларига кўра, ўтган бир ҳафта давомида вақтинчалик ҳоким вазифасини бажарувчи Сергей Собянин учун овоз бериш истагида бўлган москваликлар сони кўпайган. Мухолифат етакчиси Алексей Навальнийга 9 фоиз москвалик овоз беришини билдирган бўлса, Собянин учун аллақачон пойтахтнинг 55 фоиз фуқароси овоз беришга тайёрлиги қайд этилди.
XS
SM
MD
LG