Линклар

Болалар мажбурй меҳнати билан боғлиқ халқаро танқидларга қарамай Бангладеш ўз текстил саноати учун Ўзбекистондан йилига 200 минг тонна пахта толасини импорт қилиш бўйича шартнома имзолашни режалаштирмоқда.



Пахта толасини тўғридан-тўғри етказиш бўйича шартнома шу йилнинг октябр ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган тўққизинчи Халқаро пахта ярмаркаси пайти имзоланади.

Бангладеш Пахта уюшмаси бош котиби Меҳди Али Озодлик билан суҳбатда бундай деди.

- Мақсадимиз Ўзбекистондан пахта толасини тўғридан-тўғри сотиб олишга эришиш. Бангладеш ҳукумати бу борада Ўзбекистон билан йиллардан бери музокара олиб бормоқда, лекин бу тезроқ ҳал этилишига умид қиляпмиз,- дейди Бангладеш Пахта уюшмаси бош котиби.

Бангладеш мамлакат тўқимачилик саноати учун зарур йиллик 4 миллион тонна толанинг учдан бир қисмини воситачи ширкатлар орқали Ўзбекистондан олади.
Уч йил аввал Бангладеш пахта хом ашёсига бўлган ўз эхтиёжининг 60-65 фоизини Ўзбекистон ҳисобига қоплар эди.

Ҳозир ўзбек пахтаси Бангладеш енгил саноатининг 35 фоизига тўғри келади.

Бангладешдаги тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи ширкатлар учун ўзбек пахтасини учинчи мамлакатлардаги воситачилардан, асосан Женевада жойлашган таъминотчилардан сотиб олиш қимматга тушаётгани боис улар нисбатан арзон Ҳиндистон пахтасини кўпроқ сотиб ола бошлади.

Ҳозирда Бангладеш четдан сотиб оладиган пахтанинг 30 фоизи Ҳиндистон ҳисобига тўғри келади.

Бангладеш Пахта уюшмаси бош котиби Меҳди Али сифат жиҳатдан ўзбек пахтасига қизиқиш катта эканини айтади.

- Сифат жиҳатдан ўзбек пахтасига талаб катта бўляпти, шуни эътиборга олган холда биз Ўзбекистондаги ҳамкорлар билан келишиб, хом-ашёни тўғридан-тўғри сотиб олмоқчимиз,- дейди Меҳди Али.

Бангладеш ва Ўзбекистон ўртасида имзоланажак янги шартномага мувофиқ импортерларга ўзбек пахтаси "Uzprommashimpex", "Узинтеримпэкс" ва "Узмарказимпекс" каби давлатга қарашли ширкатлар тарафидан етказилади.

Ўзбекистон ҳар йили 3,5 миллион тонна атрофида пахта етиштиради, 1 миллион тоннадан зиёд тола ишлаб чиқаради.

Ғарб ширкатлари Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланилиши сабаб ўзбек пахтасига бойкот эълон қилганига қарамай, ўтган йили Ўзбекистон 600 минг тонна пахта толасини сотишга муваффақ бўлди.

Ўзбекистон пахта саноати кенг миқёсдаги халқаро танқидларга сабаб бўлиб келади, сабаби пахтани етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилади.
Мажбурий болалар меҳнати сабаб, сўнгги йилларда қатор хорижий ширкатлар Ўзбекистон пахтасини олмай қўйишган.

Европа ва АҚШнинг етакчи ширкатлари Бангладеш ҳукуматини ҳам Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган кийим-кечакларни сотиб олмаслиги ҳақида огоҳлантирган эди.

- Marks&Spenser каби ширкатлардан эътирозлар бизга ҳам келиб тушди. Улар болалар қўли билан терилган ўзбек пахтасини қабул қилмаймиз дейишди. Лекин билишимча, балки тўғридир, балки адашаётгандирман, Ўзбекистонда болалар меҳнати йўқ,- дейди Бангладеш Пахта уюшмаси бош котиби Меҳди Али.

Пахта экспорт қилиш бўйича дунёда учинчи, пахта етиштириш бўйича эса, олтинчи ўринни эгалловчи Ўзбекистон ўз пахтасини асосан Хитой, Россия, Эрон, Бангладеш, Покистон каби мамлакатларга сотади.

Ўзбекистон пахта экспорти ҳажмининг 40 фоизи Россияга тўғри келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG