Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:20

Турк футболчилари Тошкентга келишни истамади


Туркия Миллий жамоаси футболчилари.
Туркия Миллий жамоаси футболчилари.

14 августга белгиланган Ўзбекистон ва Туркия миллий терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйини бекор қилинди. Туркия футбол федерациясига кўра, Тошкентда ҳаво ҳароратининг юқорилиги ва Ўзбекистон футбол федерацияси зарур шароитларни яратиб беролмаслигини билдиргани сабаб ўйин бекор қилинган.


Ўйин бекор қилинди

5 август куни Туркия футбол федерацияси (ТФФ) расмий сайти орқали Ўзбекистон ва Туркия миллий терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйини бекор қилингани ҳақида маълум қилди.

Абдуллоҳ Авчи шогирдлари 14 август куни Тошкентда “Пахтакор” стадионида ўтадиган учрашувга келиши ҳақида июл ойининг бошларида расман эълон қилинган эди.

Орадан бир ой ўтиб, ўйинга 10 кун қолганида Туркия томони ўйин бекор қилинганини маълум қилди.

Расмий изоҳ: Ҳаво иссиқ

ТФФга кўра, турк-ўзбек футболчилари ўртасидаги ўртоқлик учрашувининг бекор қилинишига Ўзбекистонда шу кунларда кузатилаётган ҳаддан ташқари иссиқ об-ҳаво сабаб бўлган.

"Туркия терма жамоаси Ўзбекистон билан 14 август куни бўладиган ўйинни бекор қилди. Ўйин куни Тошкентда ҳаво ҳарорати юқорилиги ва Ўзбекистон футбол федерацияси керакли шароитларни яратиб беролмаслигини билдиргани учун ўйин бекор қилинди", дея изоҳ берилган ТФФ расмий сайтида.

Озодлик мухбири Туркия футбол федерацияси билан боғланганида, "Федерация расмий сайтидаги маълумотдан бошқа ҳеч қандай изоҳ берилмаслиги" айтилди.

ТФФ сайтида ёзилишича, Ўзбекистон футбол федерацияси (ЎФФ) шароитларни яратиб бера олмаслиги борасида ёзма равишда расман билдирган.

5-6 август кунлари ЎФФ Туркия билан ўртоқлик учрашуви қолдирилгани борасида матбуотга расмий изоҳ бергани йўқ.

Озодлик мухбири ЎФФ расмийлари билан боғланишга муваффақ бўлмади.

Тахминлар: Молиявий, сиёсий ва хавфсизлик

ЎФФ Туркия билан ўртоқлик ўйини қолдирилганини изоҳлашдан тийилиб турган бир пайтда ўзбек матбуотида тахминлар кучайди.

Жумладан, Ўзбекистон футбол ҳаётини ёритиб борадиган мустақил Uff.uz сайти "Аслида, бошқа сабаб бўлганлиги кўриниб турибди. Чунки, ҳатто араб давлатларида ва умуман Тошкентда кечки пайт футбол ўйнаса бўлишини яхши биласиз. Ҳозирча, Туркиянинг рад қилганлик сабабининг асл моҳияти номаълум", деб ёзди.

Футбол соҳасидан хабардор манба Озодлик билан суҳбатда жорий йилда Осиё чемпионлар лигаси доирасида Тошкентда ўтказилган Пахтакор- "Аш- Шабоб" ўйини кечки соат тўққизда бошланганини мисол келтирди.

Айни пайтда бошқа бир манба Ўзбекистон ҳукуматининг хавфсизлик борасидаги таҳликаларини сабаб қилиб кўрсатади.

“Мустақиллик байрами арафаси Тошкентда хавфсизлик чоралари кучайган пайт. 30-40 минг футбол ишқибозининг ярим кечаси кўчада юришини ҳукумат хоҳламаслиги табиий. Турклар ўйинни кечки пайтга белгилашга розилик билдирган тақдирда ҳам байрам арафаси расмий Тошкент буни истамаслиги аниқ”, дейди исмини ошкор қилмаётганимиз манба.

Футбол соҳаси журналистларидан бири эса Туркия-Ўзбекистон жамоаларининг ўртоқлик учрашувига молиявий масалалар ҳам аралашган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

“Одатда ўртоқлик учрашувлари билан боғлиқ молиявий масала икки жамоа ўртасида келишилади. Мезбон жамоа меҳмон жамоага келишилган пулни бериши лозим бўлади. Балки Туркия жамоаси текинга келишга рози бўлган бўлиши ва кейинчалик Гана жамоаси каттароқ суммада пул таклиф қилган бўлса, турклар ўзбеклар билан ўйиндан воз кечган бўлиши мумкин”, дейди исмини очиқламаётганимиз журналист.

Туркия терма жамоаси ўзбек футболчилари билан ўйин ўтказилиши режаланган 14 август куни Гана терма жамоаси билан Истанбулда ўртоқлик ўйини ўтказишини маълум қилди.

Айни пайтда Туркия-Ўзбекистон жамоалари ўртасидаги учрашувнинг бекор қилинишига сиёсий сабабларни важ сифатида келтирганлар ҳам бор.

Ўзбекистоннинг Туркия билан муносабатлари совуқлигича қолаётганини назарда тутган таҳлилчилар ўзбек расмийлари турк футболчиларини ўз пойтахтида кўришни истамаганини тахмин қилишади.

Ўзбек матбуоти ёзишича, шу вақтгача Ўзбекистон ва Туркия миллий жамоалари ўртасида ҳали бирорта ҳам ўйин ўтказилмаган.

Лекин икки давлат футболчиларининг турли ёшлардаги терма жамоалари ўртасида учрашувлар бўлиб ўтган.
XS
SM
MD
LG