Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:22

“Файз” раиси Ўзбекистонни тарк этганига 6 ой бўлди”


Мукаррама Азимова Ўзбекистондаги энг йирик 100 тадбиркор рўйхатига кирган.
Мукаррама Азимова Ўзбекистондаги энг йирик 100 тадбиркор рўйхатига кирган.

Ўзбекистонлик йирик тадбиркор, мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Файз” холдинг компанияси бошқаруви раиси Мукаррамхон Азимованинг мамлакатни ташлаб чиқиб кетгани тўғрисида биринчи бўлиб Uzmetronom.com сайти 5 август куни хабар қилган эди.

Ўзбекистондаги энг йирик 100 тадбиркор рўйхатига кирган таниқли ишбилармон аёлга оид хабар изидан борган мухбиримиз ҳозирча унинг билвосита тасдиғи, деб баҳолаш мумкин бўлган маълумотларни қўлга киритди.


Мукаррамхон Азимованинг исми йирик давлат амалдорлари ва саноат корхоналари раҳбарларигагина оид маълумотлар келтириладиган телефон китобларида қайд этилмаганини Uzmetronom.com сайти тадбиркорнинг мамлакатни ташлаб чиқиб кетганига билвосита тасдиқ сифатида келтирган.

Демак, агар чиндан ҳам Азимова Ўзбекистондан чиқиб кетган бўлса, бу воқеа юз берганига бир неча ой бўлган, чунки телефон китоби ҳар ҳафтада янгиланаверадиган нарса эмас.

Озодликнинг манбаси Азимова хонимнинг “Ўзбекистондан жорий йил февралида чиқиб кетганини, компанияни шу кунда унинг жияни бошқариб турганини” 6 август куни аниқлади.

Манбамизга бу ҳақда Азимованинг қўли остида ишлаган, у билан бевосита мулоқот қилиб келган ўрта бўғин амалдорларидан бири айтиб берган.

“Ходимнинг айтишича, Азимованинг мамлакатдан чиқиб кетиши банкдан олинган кредитлар ҳажмининг ўта катта эканлиги, уларни қайтариш билан боғлиқ муаммолар ечимсиз ҳолатга келиб қолаёзганидадир”, деди Озодлик манбаси.

Озодликнинг яна бир манбаси – Мукаррамхон Азимованинг узоқроқ қариндошларидан бири. У Азимованинг ҳозир қаерда эканлигини айтолмаслигини билдирди, лекин айни пайтда “Файз”га қарашли объектларда икки йилдан бери текширувлар бўлаётгани аниқ эканлигини тўла ишонч билан айтди.

Тошкентдаги манба, шунингдек, Мукаррамхон Азимованинг турли манбаларда “ўзбек криминал дунëси хўжайини”, деб баҳо бериладиган Салим Абдувалиевга яқин эканлигини ҳам писанда қилиб ўтди.

“Файз” холдинг компанияси бошқаруви раисига доир янгиликни Озодликнинг Тошкентдаги ҳамкори ҳам ўргандики, у қўлга киритган маълумотлар аввалги икки манбамиз айтган гаплар тасдиғидир.

Ҳамкоримиз изланишлари маҳсули ўлароқ мана бундай хабар қилди:

“Чиндан ҳам кейинги пайтларда мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган Ўзбекистондаги энг йирик “Файз” холдинги раҳбари Мукаррам Азимова хақида гап-сўзлар кўпайиб кетди. Холдингга кирувчи корхоналар жиддий муаммоларга дуч келаётгани айтилиб, холдинг раҳбари анчадан буён кўринмай қолганини ишчилар айтишаяпти. (“Қочиб кетган” дейишяпти). Менга маълум информацияга қараганда, ҳозирги кунда “Файз” холдингига кирувчи корхоналарнинг бир неча юз миллион АҚШ долларига тенг кредит қарздорлиги мавжуд.

Хусусан, Ўзбекистон Миллий Банки Сергели филиали ва “Ўзсаноатқурилишбанк” Тошкент вилояти бўлими уларнинг асосий кредиторларидир. Миллий Банк Сергели бўлимида ишлайдиган манбага кўра, холдингнинг асосий банк хисоб рақами уларда экан. Авваллари конвертация билан хеч муаммоси бўлмаган, катта-катта суммадаги маблағлари банк ҳисоб қолдиғида бўлган корхоналарнинг бугунги кунда фаолияти анча сусайиб кетганини айтди банк ходими. “Авваллари катта-катта суммаларни конвертация қиларди, хатто муаммо чиқса тўғридан-тўғри Миллий банк раисига телефон қиларди. Умуман фаолиятида муаммолар кузатилмас эди. Ҳозир билмадим нималар бўлаётганини”, деди Миллий Банк Сергели филиали ходими.

“Файз” холдингининг “Ўзсаноатқурилишбанк” билан ҳам кредитларга доир муаммолари борлигини мазкур банкнинг кредит инпектори Озодликка тасдиқлади.

“Катта суммадаги кредитлари бор, биз реструктуризация қилиб берганмиз. Ҳали муддати тугашига анча бор. Аммо кредитни тўлашларида жиддий муамолар мавжуд”, деди банк инспектори.

“Файз” холдинг компанияси билан боғланишнинг иложи бўлмади. Компания сайтида ҳам ўрганаётганимиз воқеа ва компания муаммоларига ишора қилувчи маълумот мавжуд эмас.

Маълумотларга қараганда, Мукаррам Азимова “Файз” холдинг компаниясини 1991 йилдан бери бошқариб келади. Азимова олий маълумот тўғрисидаги 3 диплом соҳиби. У филолог (инглиз филологияси), ҳуқуқшунос ва иқтисодчидир.

Унинг бошқарувидаги компания Ўзбекистонда мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган энг йирик ширкат ҳисобланади.

Компания сайтига кўра, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона янги иморати айнан “Файз” мебеллари билан жиҳозланган.

“Ўзметроном”нинг ёзишича, Тошкентдаги Форумлар саройини ҳам шу компания жиҳозлаган.

Форумлар саройи қурилишида собиқ Зеромакс ширкати асосий пудратчи бўлган, қурилиш ишларини Германия ширкати амалга оширган. Бу объект қурилишига давлатдан миллионлаб доллар маблағ ажратилган. Лекин Форумлар саройи топширилиши арафасида Зеромакс ширкати фаолияти тўхтатилгани боис немис ширкатидан 130 миллион евро миқдоридаги қарз узилмай қолган.
XS
SM
MD
LG