Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:07

Россия Олий суди Ходорковский жазосини 2 ойга қисқартирди


Михаил Ходорковский судга видеоалоқа орқали мурожаат қилди.
Михаил Ходорковский судга видеоалоқа орқали мурожаат қилди.

Россия Олий суди собиқ нефть магнати, миллиардер Михаил Ходорковский ва унинг бизнес ҳамкори Платон Лебедев устидан аввал чиқарилган 11 йиллик қамоқ жазосини 2 ойданга қисқартирди.

Суд бу ҳақдаги қарорини сешанба куни, судланганлар адвокатларининг аризасини кўриб чиққач, қабул қилди.

Адвокатлар фикрича, мижозларининг ҳибсга олиниши ғайриқонуний, белгиланган қамоқ жазоси эса, адолатсиздир.


Олий суднинг сешанба кунги қарори Ходорковский 2014 йилнинг августида, Лебедев эса, келаси йилнинг майида қамоқдан бўшатилади, деганидир.

ЮКОС нефть ширкатининг собиқ бош директори ва амалда турган йилларда Россиянинг энг бадавлат кишиси бўлган 50 яшар Михаил Ходорковский ва унинг бизнес ҳамкори Платон Лебедев даромадни солиқдан яширганликда айбланиб 2003 йили ҳибсга олинган ва 2005 йили озодликдан маҳрум қилинган эди.

Ходорковскийнинг қамалиши унинг ҳокимиятга интилганига жавобан Путиннинг ўчи сифатида баҳолаб келинади.

2010 йили суд Ходорковский ва Лебедевни пул ўзлаштирганликда айблаб, жазо муддатига яна муддат қўшган.

Ўтган ойда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Ходорковский билан боғлиқ аризани кўриб чиқиб, унинг устидан ўтказилган биринчи судловда сиёсий мотивлар бўлгани тўғрисидаги иддаоларни инкор этган, лекин судловнинг баъзи ҳолатларида адолатсизликка йўл йўл қўйилганини белгилаб ўтган эди.

Ходорковский ва Лебедевнинг манфаатларини ҳимоя қилган адвокатлардан бири Вадим Клювгант суднинг сешанба кунги ҳукми устидан арз қилажакларини билдирар экан, бундай деди:

- Биз курашни давом эттирамиз. Олий суд ўз марҳамати билан совға қилган 2 ойини шарҳлаб ўтирмоқчи эмасман. Бу ишда қонун ва адолат амал қила бошламагани кўриниб турибди.

Яна бир адвокат Владимир Краснов сешанба кунги ҳукмни шарҳлар экан, бундай деди.

- Албатта, икки ой қамоқда ўтириш билан икки ой эркин юришнинг фарқи бор. Лекин бугун гап бу ҳақда эмас. Мана бир неча йилдирки, уларни ҳибсга олиш учун қонуний асос бўлмаганини назарда тутиб, бу ишни адолатнинг масхараланишидир, деб келаяпмиз.

Ходорковскийнинг онаси Мария Ходорковская Олий суд аъзоларини ҳокимият ёзиб берган ҳукмни ўқиб берадиган дикторлар, деб атади.

- Шундай бўлиши кутилган эди. Мен бу кишиларни судьялар демайман. Булар судьялар эмас. Булар тепадан буюрилган ҳукмни овоз чиқариб ўқиб қўядиган қора кўйлакли дикторлар, холос.

Ходорковскийнинг отаси Борис Ходорковский ўғлининг айбсиз эканлиги тўғрисидаги гапини такрорлар экан, "албатта, у ерда ҳар бир куннинг ҳисоби бор,
икки ой қисқартиришгани учун ҳам раҳмат, лекин айби борни ўтирғизишсин-да, ахир?!" деди

Россиянинг шимоли-ғарбидаги колонияда сақланаётган Михаил Ходорковский видеоалоқа орқали Олий судга мурожаат қилди ва уни панжара ортида янада узоқроқ ушлаб туриш учун терговчилар янги айбловлар устида иш олиб бораётганидан ташвиш билдирди.
XS
SM
MD
LG