Линклар

logo-print

Ўзбек муҳожирлари 3 кун полицияда ушлаб турилди


Ўзбек муҳожирлари тонгги соат 3-4 ларгача маҳаллий полиция бўлимида тик туришга мажбур қилинди.

Ўзбек муҳожирлари тонгги соат 3-4 ларгача маҳаллий полиция бўлимида тик туришга мажбур қилинди.

Москванинг Шчербинка шаҳридаги бозорлардан бирида ўтказилган полиция рейди натижасида ҳибсга олинган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари 3 кундан бери маҳаллий полиция бўлими гаражида ушлаб турилибди. Калтакланган ва жароҳат олган ўзбек йигитларининг яқинлари бирор идорада уларнинг арз-шикоятлари тингланмаётганидан шикоят қилмоқда.



4 август куни Москва вилоятининг Мосрентген шаҳарчаси яқинидаги “Славянский Мир” қурилиш анжомлари бозорида ўтказилган рейддан кейин бир неча юз кишилик мигрантлар шаҳарчаси йўқ қилинди.

Вайрон қилинган баракларда амалга оширилган “зачистка” натижасида ҳибсга олинган 150дан зиёд ўзбекистонлик меҳнат муҳожири шу бозорда ҳаммоллик, фаррошлик қилиб кун кечиргани маълум бўлди.

- 150 яқин одам ётувдик. Биринчи документлилар бу томонга ўтинглар, деди, биз ўтдик. Бизни – 90 кишини аввалига Ленин туманидаги Коммунарка полиция бўлимига олиб борди. Изимиздан 60та ҳужжатсиз одамлар келди. Яшайдиган жойимизни бузиб ташлади, кийимларимизни тополмай қолдик – ўша куни эрталаб суриб, ҳаммасини кўмиб ташлабди, ўзимиз билан кийимларни ҳам олишга рухсат бермади,- дейди ҳужжатлари жойида бўлгани учун бир суткадан кейин қўйиб юборилганини айтган Мақсуджон.



Озодлик билан суҳбатда ўзбек муҳожирлари тонгги соат 3-4 ларгача маҳаллий полиция бўлимида тик туришга мажбур қилинганини маълум қилди. Озиқ-овқатсиз бир сутка давомида полиция бўлимида сақланганлар орасида бир нечта Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари бўлгани айтилди.

Суҳбатдошлардан бири ҳужжатсиз бўлган ва ҳужжатлилардан ажратиб олинган мигрантлар полиция ходимлари томонидан номаълум томонга олиб кетилганини айтади.

- Документи йўқ 30 кишини “Бир жойга ишлайсизлар. Кейин қўйиб юборамиз”, деб олиб кетди. Улар билан телефонлашиб турувдик. Бутово отделениесига олиб бориб тез-тез қандайдир документга қўл қўйдириб чиқди. Нимага қўл қўйганини билмайди. Бу болалар русчани билмайдиган ёш боллар, 18-22 ёшда. Кейин улар яна отделениега қайтариб келинди ва ўша ерда бошқа жойга юборадиган бўлди. Шчербинкага олиб кетди. Улар мана 4 август куни чиқиб кетган бўлса, бугун 3 кун бўляпти – ҳатто сув ичишгани йўқ! Мана Тиркаш деган ўзимнинг қариндошимни дубинка билан бошига уриб, боши йиртилган, тикишга тикиб, бошқа ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаяпти,- дейди яқинлари ҳозир ҳам Шчербинка полиция бўлимидаги гаражга қамаб қўйилганини гапирган муҳожирлардан бири.



Суҳбатдошимиз ёрдамида Озодлик мухбири гаражда сақланаётган 44 ёшли Ҳусанжон билан телефон орқали боғланишига муваффақ бўлди.

- Биз Шчербинкада, полиция бўлимида. 3 кундан бери овқат еганимиз йўқ, зах ерда ётибмиз. Бизда операция қилинадиган одамлар бор. Бизларни мошинада 2-3 отделга олиб боряпти. Қандайдир ҳужжатларга имзо чектиряпти. Жароҳат олган йигитнинг аҳволи ёмон, бошини ўзлари олиб бориб тиктириб келди. Ҳеч нарсадан-ҳеч наса калтаклашди. Ҳаммамиз мусулмон шу ерда. Бизлар 29 одам турибмиз, суддан ўтказди. Бизни қўйиб юборса, билет олиб кетамиз уйга,- дейди 3 кундан бери полиция бўлимида қолаётган Ҳусанжон.

Маълум бўлишича, ҳужжатсиз эканлиги иддао қилинаётган муҳожир йигитлар бир нечта полиция бўлимларига олиб борилган ва “ушланган муҳожир” сифатида қайдга олинган.

Озодлик суҳбатлашган бу муҳожирлардан олинган маълумотга кўра, гаражда қолаётган 29 нафар Ўзбекистон фуқароси 5 август куни маҳаллий суд биносига олиб келинган ва ҳаммасининг қўлига депортация қилиниши тўғрисида суд қарори берилган.

Қоидага кўра, Россиядан депортация қилинаётган шахс Хориж фуқароларини сақлаш марказида бадарға қилингунигача сақланиши керак. “Лекин депортация маркази калтакланган, боши ёрилган муҳожирларни қўриб “Биз жавоб беришни истамаймиз”, дея уларни қабул қилмаган”, дейди танишлари полиция гаражида сақланаётгани сабабларини тушунтирган ўзбек муҳожири.

- Боллар 3 суткадан бери оч! Даже сув учун ҳам пул сўраяпти. 1 дона батонни олиб беришга қўриқчилар 15 минг рубл пул сўраяпти! Биз олиб борган озиқ-овқатни бермаяпти конвойлар,- дейди мурожаат қилмаган жойи қолмагани, бироқ ҳеч бир идорада улар ҳатто қабул қилинмаганини айтган ўзбекистонликлар.

Муҳожирлар Ўзбекистон элчихонасига ҳам мурожаат қилгани, лекин у ерда ариза ёзиб шу билан чекланиб қолганини айтишди.

Озодликнинг гаражда сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари тақдири борасидаги сўровига Шчербинка полиция бўлими оператив навбатчиси майор Игорь Кирсанов бўлимда бирорта ҳорижлик йўқлигини қатъий ишонтириб айтди.

- 6 августга келиб Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва - яна қанақа республикаларни санаб ўтсам экан - фуқаролари сақланаётгани йўқ ва сақланмаган ҳам! Мен сизни ишонтириб айтаман. Билмадим ким бунақа миш-мишни тарқатганини, чунки сиз телефон қилаётган биринчи эмассиз. Ҳатто Тожикистон консуллигидан телефон қилишди! Келинг, кўриб кетинг. Калтакланган бўлса бирор жойда сақлангандир, лекин бизда эмас, деди майор Кирсанов.

Материал эфирга узатилаётганида ҳибсда қолаётган муҳожирлардан бирининг яқинлари Озодликка қўнғироқ қилиб, Шчербинкада ушланганларнинг барчаси қўйиб юборилганини маълум қилди.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази ходими Баҳром Ҳамроев Россияда ўтган ҳафтада бери авж олиб бораётган вазиятга муносабат билдириб, марказий-осиёлик меҳнат муҳожирлари полиция бедодлиги қурбонига айланди, дейди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG