Линклар

Ўзбекистон олий ўқув юртларида ҳар йили ўтказиладиган тест синовлари Давлат тест марказидан 1 август куни эрталаб олий ўқув юртларига етказиб берилган бюллетенлар, яъни савол-жавоблар мажмуаси асосида ўтади. Бу савол-жавоблар давлат сири даражасида қўриқланади¸ уни ҳозирлайдиганларнинг бевосита Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари назоратида ишлаши айтилади ва белгиланган тартибга кўра¸ тестда тушадиган саволлар рўйхати ва улар "калити" республика бўйлаб синовлар бошланишидан саноқли соат аввал очилиши керак.

Бироқ Озодлик мухбири суҳбатлашган манбалардан маълум бўлишича, йиллардан бери бу савол-жавоблар мажмуаси, ҳали улар жойланган қалин папкалардаги муҳрлар бузилмасдан туриб, унинг абитурентлар ва ўқитувчилар тили билан айтганда “Х” варианти аллақачон жойлардаги тегишли одамлар қўлига етиб борган бўлади.

Бевосита Давлат тест марказидан сизиб чиқиши айтиладиган тест синовларининг “Х” вариантининг ўзи нима?

Тошкентлик ўқитувчилардан бири Маҳмуд Аъзамов бу вариантни шундай тушунтирди:

- “Х” вариант деганимиз¸ давлат тест имтиҳонлари учун тайёрланган савол-жавобларнинг сир ҳолатидан ташқарига сизиб чиқиши. Бу Давлат тест марказидан чиқадими ёки саволларни тайёрлаган мутахассислар ташқарига чиқаришадими, бунисини ҳеч ким билмайди. "Х" вариантни қўлга киритган гуруҳлар махсус уйларда талабаларга ўша жавобларни ёдлатади. Ўша хонага кириб чиқадиган абитуриентлар трусиcигача текширилади, токи бу вариант ташқарига чиқиб кетмаслиги учун, дейди ўзи ҳам абитуриентларни тест имтиҳонларига ҳозирлаш билан шуғулланадиган Маҳмуд Аъзамов.

Унга кўра, "Х "вариантнинг Давлат тест марказидан сизиб чиқиши ҳар йили давом этмоқда.

- Узоғи билан бир ой олдин одамларнинг қўлига тегишни бошлайди у. Чунки буни сир сақлашадида. Ҳали мутахассисларнинг қўлида ҳам бўлмайдида. Тарихни алоҳида¸ она тилини алоҳида¸ инглиз тилини алоҳида тузадиган тўртта-бешта одамларга ишониб топширилади. Кейин улардан олинади ва Давлат тест марказига топширилади. Аслида бу сир сақланиши керак. Ҳеч кимнинг қўлига тегмаслиги керак. Лекин чиқиб кетади. Жуда кўп жойларга тарқаб кетади бу нарса. У мутахассисларнинг қўлидан чиқиши ҳам мумкин¸ Давлат тест марказидан чиқиши ҳам мумкин. Унинг қаердан чиққанини олган одам билади¸ дейди тошкентлик репетиторлардан бири Маҳмуд Аъзамов.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган Ўзбекистон олий юртларининг бирида ишлаётган ўқитувчининг айтишича, “Х”вариант билан шуғулланиш имтиҳонларга тахминан бир ой вақт қолганда бошланади. “Х” вариантни қўлга киритган шахслар ўзига яқин домлалар воситасида ўқишга пул билан кирмоқчи бўлган абитуриентлар гуруҳини тўплайди. Бу гуруҳлар махсус квартираларда жуда қаттиқ тартибда ўқитилиб, “Х” вариантдаги саволларнинг тўғри жавоблари тўтиқушдай ёдлатилади, дейди ўқитувчи:

- 1 август куни имтиҳон бошланади. Лекин ҳозир деярли ҳамма жойда¸ ҳамма вилоятларда¸ Тошкент шаҳрида махсус шуғулланадиган домлаларнинг гуруҳлари бор. Булар болаларни 1-2 ой тайëрлайди. Уларнинг қўлига иложи борича¸ улар олишоладими ëки йўқми¸ Давлат тест марказида қилинган¸ деб шпаргалкалар олинади. Алоҳида квартираларга жойлаштирилади ва ëдлатилади. Алоҳида квартираларда уларнинг қўлларига берилади. Бу¸ айниқса¸ тест бошланишига бир кун қолганда берилади. Болалар ўша шпаргалка бўйича тайëрланади. Омади чопгани кириб кетади. Кимнинг омади чопса¸ кейин домлалар факултетларга қараб 1500-2000-2500 доллар олишади¸ дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган Ўзбекистон олий юртларининг бирида ишлаётган ўқитувчи.
XS
SM
MD
LG