Линклар

"Абитуриент кундалиги"да ҳикоя қилинган тест синовлари пайти қўлланиладиган 7 та усул ҳақидаги " Имтиҳон сирлари" мактубининг эгаси Анвар акадан яна бир хат олдик.

Ушбу мактубда айни 7 та усулни қўллаган битта гуруҳ томонидан 15 йил давомида ўқишга киритилган собиқ талабаларнинг бугунги тақдири ҳақида ҳикоя қилинади.

Анвар акага кўра, унинг таниши бўлган "Танка" томонидан 1997-2012 йиллар оралиғида 700 га яқин талаба худди шу усуллар билан ўқишга жойланган.

Шу ўринда мактубдан иқтибос келтирсак:

"Мазкур гуруҳ томонидан 1997 йилдан бошлаб ўқишга киритиб қўйилган клиент-абитуриентлар 2013 йил 16 июл ҳолатига кўра қуйидаги лавозимларда фаолият олиб боришмоқда:

Банк соҳасида:
Турли банкларнинг туман филиалларида: 14 та бошқарувчи
Турли банкларнинг вилоят филиалларида: 9 та бошқарувчи
Турли банкларнинг республика бошқармалари ва бўлимларида: 11 та ходим.
Жами: 34 та одам.

Молия соҳасида:
Республика бўйича туман молия бўлимларида: 7 та туман молия бўлими мудири
Республика бўйича шаҳар молия бўлимларида: 4 та шаҳар молия бўлими мудири
Республика бўйича вилоят молия бошқармаларида: 6 та бўлим бошлиғи, 5 та мутахассис
Республика молия вазирлигида: турли бошқармаларида умумий 13 та одам.
Жами: 35 та одам.

Судларда:
Республика бўйича туман судларида:
А) Жиноят ишлари бўйича туман судларида – 16 та судья
Б) Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларида – 7 та судья ва 2 та суд раиси.

Республика бўйича вилоят ва шаҳар судларида:
А) Жиноят ишлари бўйича вилоят судларида – 9 та судья
Б) Жиноят ишлари бўйича шаҳар судларида – 4 та судья
В) Фуқаролик ишлари бўйича вилоят судларида – 5 та судья
Жами – 43 та судья

Бундан ташқари 16 та суд котиблари ҳам турли даражадаги судларда фаолият олиб боришмоқда.

Прокуратура соҳасида:
Республика бўйича туман прокуратураларида: 4 та туман прокурори, 27 та терговчи
Республика бўйича вилоят прокуратураларида: 2 та бўлим прокурори, 16 та терговчи
Республика прокуратурасида: 3 та бошқарма прокурори ва 2 та бошқарма катта прокурори.
Жами – 54 та прокурор ва терговчилар

Миллий хавфсизлик хизмати соҳасида:
Республика бўйича МХХ туман бўлимларида 9 та одам.
Республика бўйича МХХ вилоят бошқармаларида 3 та одам.
Жами - 12 та МХХ ходими"

Мактуб эгасига кўра, ушбу рўйхатдаги ҳар бир шахс ҳақида тўлиқ маълумот у кишида мавжуд.

"Келтирилган маълумотлар денгиздан томчи холос. Чунки бу фақат биттагина гуруҳ томонидан ўқишга жойлаб қўйилганларнинг рўйхати холос. Бироқ бундай гуруҳлардан яна қанчаси зимдан фаолият олиб боришмоқда. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирда давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимининг барча бўғинлари абгор бир аҳволда. Чунки жуда кўплаб муҳим лавозимларга бу соҳа бўйича етарли билимга эга бўлмаган ва мазкур соҳа ривожига ҳисса қўшиш лаёқатига эга бўлмаган шахслар тайинланмоқда. Бу эса республикамиздаги кадрлар тизимини, биринчи навбатда таълим соҳаси тизимини тубдан ислоҳ қилишни талаб қилади", дейилади "Абитуриент кундалиги"га келган Анвар Ибодов мактубида.
XS
SM
MD
LG