Линклар

logo-print
Озодлик почтасига Анвар исмли муштарийдан "Имтиҳон сирлари" сарлавҳа билан бир мактуб келди. Ушбу мактубда тест синовлари пайти қўлланиладиган 7 та усул ҳақида батафсил ҳикоя қилинган.

5. WI-FI усули:

Бу усул бироз мураккаб бўлиб, асосан, 2008 йилдан 2011 йилларгача фойдаланиб келинди.

2008 йилда Тошкент шаҳридаги Навоий савдо растасида кучли сигнал узатувчи роутерлар ёки wi-fi антенналарини топиш қийин эди. Шу сабабли ҳам махсус жиҳозлар интернетдан излаб топилиб, алоҳида буюртма билан Россиядан олиб келинарди.

Бу усулдан фойдаланишда техникани яхши тушунадиган мутахассислар жалб қилинади. Дастлаб имтиҳондан 3-4 кун олдин Олий таълим муассасаси атрофидаги кўп қаватли уйлар томига ёки симёғочларга махсус антенна ва сигнал қабул қилувчи роутерлар ўрнатиб чиқилади.

Албатта бу усулдан фойдаланишда клиент-абитуриентлар ҳам олдиндан махсус тайёргарликдан ўтишади. Улар ўзлари билан wi-fi тўлқинига эга телефонларни олиб киришлари ёки олдиндан аудиторияга жойлаштирилган шундай телефонларни олиб ўзларининг саволлар китобчасини эҳтиёткорлик билан расмга олишлари лозим бўлади. Кейин ушбу суратларни wi-fi тўлқини орқали телефондан ташқаридаги роутерларга узатишади.

Албатта имтиҳондан бир кун олдин бинонинг барча бурчагида wi-fi тўлқинининг ишлаш сифати бир неча марта текширилади. Қисқаси имтиҳон бўладиган бино атрофида бутун бошли тармоқ ташкил қилинади. Ташқарида мутахассислар узатилган суратларни бир пасда компютер ва принтерлар орқали қоғозга туширишади ва ечиб берувчи иккинчи гуруҳ яъни ўқитувчиларга етказиб беришади. Саволлар зудлик билан ечилади ва телефон орқали аудиториялардаги клиентларга жавоблар етказиб берилади.

Бу усулда баъзи кичик деталларга эътибор талаб қилинади. Масалан абитуриент китобчани расмга туширишдан олдин унинг ҳар бир варағига ўз исмининг бош ҳарфларини қўйиб чиқиши керак бўлади. Акс ҳолда қайси китоб қайси абитуриентга тегишлилигини аниқлаш қийин бўлади. Бундан ташқари барча ҳолатларда клиент ўзи билан 100-200 долларга пул олиб киради ва шу пулга аудитория кузатувчиси сотиб олинади.

***** ***** ***** ***** *****

Тест синовлари пайти қўлланиладиган 7 та усул Озодлик почтасига ўзини Анвар Ибодов деб таништирган муштарийдан келган "Имтиҳон сирлари" сарлавҳали мактубда тилга олинган.

"Озодлик радиоси ходимлари. “Тошкент тўқимачилик институтидаги машмашалар” номли мақолани ўқиб, шу мавзу бўйича бир танишим ҳикоясини сизга юборяпман. Бу одам 15 йил давомида абитуриентларни ўқишга киритиб қўйиш билан шуғулланган, балки бу иш билан шуғулланувчилар орасида энг тажрибалиларидан биридир. У билан бўлиб ўтган суҳбат давомида ўқишга киритиб қўйишнинг жуда кўплаб усулларини санаб ўтди ва уларнинг бир-биридан фарқларига батафсил тўхталиб ўтди. Баъзиларини эшитиб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Бу усуллардан асосан, Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ), Тошкент давлат университети (ТОШДУ – Ҳозирги ЎзМУ), Самарқанд, Наманган ва Қорақалпоқ давлат университетларининг юридик факултетлари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети (ТДИУ), Тошкент молия институти, Самарқанд, Наманган ва Қорақалпоқ давлат университетларининг иқтисодиёт ва молия факултетларига клиент-абитуриентларни ўқишга киритиб қўйишда фойдаланилган", дейилади Анвар Ибодов хатида.
XS
SM
MD
LG