Линклар

Озодлик почтасига Анвар исмли муштарийдан "Имтиҳон сирлари" сарлавҳа билан бир мактуб келди. Ушбу мактубда тест синовлари пайти қўлланиладиган 7 та усул ҳақида батафсил ҳикоя қилинган.

6. Ксерокс усули (Нусха олиш усули):

Бу усулни бошқа усуллар орасида энг самаралиси ва кам харжлиси деса ҳам бўлади.

Бу усул 2008-2010 йилларда қўлланилган ва ҳозирда фойдаланилмайди. Чунки айнан шу йиллари ДТМ қарорига кўра тест синовларда тушадиган вариантларнинг сони ҳар бир шифрдаги ўқув йўналишига қараб қатъий белгиланган 30 тадан 60 тагача вариантдан иборат эди. Унга кўра бирорта шифр йўналишидаги барча вариантлар жамланган саволлар китобчалари қутиси билан сотиб олинади. Сотиб олинади дегани – имтиҳондан бир кун олдин тунда ёки эрта тонгда имтиҳон бўладиган бинога тест китобчалари олиб келинаётганда МХХ ходимлари билан келишган ҳолда барча вариантлар жамланган бир қути ксерокопия қилиб олинади.

Мисол учун молия йўналишидаги шифрлар учун 40 та вариант саволлар чиқарилган бўлиши мумкин. Ушбу 40 та тест китоби жойлашган қутича муҳри бузилади ва ярим соат ичида барча китоблар ксерокопия қилиб олинади. Кейин ушбу 40 та вариантнинг барчаси эрталабки соат 7-8 ларга қадар ечиб чиқилади.

Қарабсизки ҳали имтиҳон бошланишидан олдин мазкур шифр йўналишидаги барча вариантларнинг жавоблари тайёр бўлади. Кейинчалик бу тайёр жавоблар аудиторияларда ўтирган клиент-абитуриентларга телефон орқали етказиб берилади. 108 та саволнинг тайёр жавобларини ўқиш учун эса бор-йўғи3-4 минут вақт кифоя қилади.

Энг асосийси ушбу жавоблар республикадаги ҳар қандай олий ўқув юртида мавжуд бир хил шифрдаги йўналишларнинг барчасига тўғри келади. Яъни бир ўқ билан 10 та қуённи урса бўлади.

Масалан Тошкентдаги бирорта олий таълим муассасасида молия йўналиши бўйича барча вариантлар қўлга киритилса, барча вилоят олий ўқув юртларидаги айни йўналиш шифридаги вариантлар қўлга киритилганини билдиради. Бир марта ечилган вариантлар жавобидан 10 лаб ўқув юртларига абитуриентларни ўқишга киритишда фойдаланилади.

Бу усул айниқса юридик йўналишларда жуда катта самара берган. Ҳатто икки йил мобайнида бу йўналишда фаолият олиб борувчи “бункер”чиларни ҳам деярли ўйиндан чиқариб ташлаганди. 2009 йилги тест синовларида айнан юридик йўналишларнинг барчасида кириш балларини энг қуйиси яъни контрактнинг охири 210 баллдан тепа бўлганини кўпчилик ҳали унутгани йўқ.

***** **** **** ****

Тест синовлари пайти қўлланиладиган 7 та усул Озодлик почтасига Анвар исмли муштарийдан келган "Имтиҳон сирлари" сарлавҳали мактубда тилга олинган.

"Озодлик радиоси ходимлари. “Тошкент тўқимачилик институтидаги машмашалар” номли мақолани ўқиб, шу мавзу бўйича бир танишим ҳикоясини сизга юборяпман. Бу одам 15 йил давомида абитуриентларни ўқишга киритиб қўйиш билан шуғулланган, балки бу иш билан шуғулланувчилар орасида энг тажрибалиларидан биридир. У билан бўлиб ўтган суҳбат давомида ўқишга киритиб қўйишнинг жуда кўплаб усулларини санаб ўтди ва уларнинг бир-биридан фарқларига батафсил тўхталиб ўтди. Баъзиларини эшитиб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Бу усуллардан асосан, Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ), Тошкент давлат университети (ТОШДУ – Ҳозирги ЎзМУ), Самарқанд, Наманган ва Қорақалпоқ давлат университетларининг юридик факултетлари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети (ТДИУ), Тошкент молия институти, Самарқанд, Наманган ва Қорақалпоқ давлат университетларининг иқтисодиёт ва молия факултетларига клиент-абитуриентларни ўқишга киритиб қўйишда фойдаланилган", дейилади Анвар исмли муштариймиз хатида.
XS
SM
MD
LG