Линклар

Тошкент тўқимачилик институтининг қабул комиссиясида жорий йилда бўлаётган машмашалар борасида Озодликнинг электрон почтасига бир мактуб келди.

Озодлик таҳририяти ушбу мактубда келтирилган исм-фамилияларни эълон қилишни маъқул топмади.

"Мен ушбу мактубни ота-оналар номидан ёзмоқдаман. Берган барча маълумотларим аниқ, лекин хавфсизлигимни таъминлаш нуқтаи назаридан исми шарифимни сир тутаман. Лозим топсангиз эфирга беринг, бўлмаса бошқа жойларга қилинган мурожаатдек сувга тушган тош каби йўқолиб кетаверсин.

Менинг фарзандим 3 йилдан буён “Автоматлаштириш” йўналишига ҳужжат топширади. Шу соҳага қизиққани ва ўртоқлари шу ерда таҳсил олаётганлиги сабабли фақат шу ерда ўқийман дейди. Лекин бу ердаги ректор Қ. Ж... бошчилигида гуруҳ ўзларига тегишли бўлган абитуриентларни ўқишга киритиш учун барча имкониятларни эгаллаб олган.

Фарзандим коллежда рус гуруҳида таълим олган, лекин таълим тили рус бўлган йўналишга ҳужжат топширолмайди сабаби, ректор суҳбат қилиши керак эмиш. (Майли эди ректор рус тилини сал тузукроқ билса ҳам).

Бу ерда шундай схема ташкил этилганки, махсус гуруҳ тузилган, қабул бўйича масъуллар йиллар давомида гурух аъзоларидан алмашиб тайинланиб келинади. А. И, С. М, Х.Т.лар ректорнинг чизган чизиғи бўйича ҳаракат қилади.

Рус гуруҳларида сунъий равишда ҳужжатлар кам қабул қилиш учун турли хил тўсиқлар ташкил қилинган. Масалан, ректор ёки масъул котиб талабани қай даражада рус тилини билишини текшириши керак. Ваҳоланки, бундай суҳбат қилиш қонунга ҳилоф, мансабни суистеъмол қилиш, абитуриентнинг ҳуқуқини поймол қилиш.

Натижада рус гуруҳида ректорга тегишли абитуриентларнинг ҳужжати қабул қилинади. Гуруҳ кичкина бўлади ва бу гуруҳга абитуриентнинг тестларини ечиб бериш учун махсус тайёрланган “абитуриентлар”ни, яъни “паравозлар”ни жойлаштириш, тушуриш қулай бўлади. Бунда ректорнинг гумашталари, ишончли вакиллари Н. С, Ғ. Ж, М. Р... ёрдамга келади.

Улар “паравозлар”ни ишчи ҳолатга келтириб, хужжатларини топширтириб қўядилар. Қарабсизки билими бор абитуриент ўрнига, хатто исмини ёза олмайдиган, рус тилида бирор иборани билмайдиган талаба 1 сентябрдан институт аудиторияларини тўлдириб ўтиради. Бунинг исботи сифатида ихтиёрий таълим тили рус тили бўлган гуруҳларни кириб кўринг, деярли 80-90 фоизи рус тилида гаплаша олмайди.

Сизда ҳақли савол туғилади, бу ҳолатдан юқори ташкилот, ҳуқуқ-тартибот органлари ёки мутасадди ташкилотлар хабардор эмасми? Хабардор албатта. Балки шерикдир, улар ҳам кимнидир ўқишга киритиши керакдир. Яна билмадим, ноҳақ бировни айблаш гуноҳ бўлади.

Бу нафақат жиғилдонни тўлдириш, балки давлатга қилинган хиёнат. Балки ўйлаб қилинаётгандир. Давлатнинг келажагини йўқ қилиш учун саводсиз кадрларни тайёрлашга бел боғлангандир. Бу кимнингдир буюртмасидир балки.

Нима бўлганда ҳам фарзандимнинг умиди ҳали узилгани йўқ. Сизга ижодий парвоз тилаб Абитурентлар номидан", дейилади 3 йилдан буён фарзандини Тўқимачилик институтига ўқишга кирита олмаётган шахс мактубида.
XS
SM
MD
LG