Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:36

Ҳуқуқ ҳимоячилари жиноий иш қўзғатишни талаб қилмоқда


Москванинг Голяново туманидаги мигрантларни депортация қилишга мўлжалланган чодир шаҳарчада бўлиб қайтган бир гуруҳ россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари бошланган “тозалаш” натижаларига оид матбуот анжумани ўтказди. Ҳуқуқ фаоллари муҳожирларнинг лагерларда ноқонуний сақланиши юзасидан жиноий иш қўзғатишни талаб қилмоқда.



7 август куни Москвада “Интерфакс” ахборот агентлиги марказий биносида Россия Федерацияси президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш аъзолари матбуот анжумани ўтказди.

Журналистлар олдида қилган чиқишларида ҳуқуқ фаоллари пойтахтнинг Голяново туманида яқинда очилган депортация марказида бўлиб қайтишгани айтиб, у ерда ўрнатилган тартиб ва қоидалар билан йиғилганларни таништирди.

“Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина шаҳар прокуратураси ўз қарори билан 2-Иртишская кўчасида ноқонуний тарзда ва мажбуран ушлаб турилган шахсларни озод этиши кераклигига эътибор қаратди.

- Биринчидан, ноқонуний ушлаб туриш жойига эътиборингизни қаратаман. Одамларни ҳибсда ушлаб туришга мўлжалланган бу жой ҳеч қандай ҳуқуқий мақомга эга эмас. Бу жуда муҳим, чунки одамларни ноқонуний бўлган жойда сақлаш қонунга хилофдир! Шу сабабли лагер жуда бўлмаганда очиқ бўлиши керак. Бундай лагерлар фақат табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлардагина ташкил қилинади. Бу одамларга ёрдам бериш учун қилинади, улар бошқалардан ажратиб қўйилмайди,- деди “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раиси Светлана Ганнушкина.

Ҳуқуқ ҳимоячилари муҳожирлар лагери қурилишига қарши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:29:14 0:00


Ҳуқуқ фаоли Голяновода сақланаётган шахсларнинг ҳужжатлари ва шахсий буюмлари полиция ходимлари томонидан йўқ қилинганини ҳам маълум қилди.

У мигрантлар қонунда белгиланган муддатдан ортиқ полиция бўлинмаларида ноинсоний шароитларда сақлангани тўғрисида фактлар тўплаганини ҳам илова қилди.

- Улар полиция бўлинмаларида 14 кунгача ушлаб турилган! Шунақа ҳолатлар ҳам кузатилди. Ҳибс этилганларнинг барчаси 48 соатдан ортиқ ушлангани аниқ. Бу ҳолатнинг ўзи қонуннинг қўпол бузилишидир! Улар инсон нафсонияти ва қадрини топтайдиган шароитда сақлангани тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Суд ушлаб турилган муҳожирларнинг арз-додини тингламасдан қарорларни чоп этиб ётибди. Ваҳоланки, депортация қилиниши керак бўлганлар ичида вақтинчалик қочқинлик мақомида бўлган суриялик, афғонистонлик қочқинлар бор,- дейди Светлана Ганнушкина.

“Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Голяноводаги ноқонуний чодир шаҳарчаси қўрилиши юзасидан Москва шаҳар прокуратураси ва Тергов қўмитасига шикоят юборилганини маълум қилди.

Сўз олган Миграция сиёсати ва миллатлараро муносабатларда инсон ҳуқуқлари ҳимояси доимий кенгаши раиси Евгений Бобров муаммо биргина ноқонуний муҳожирликда эмас экани, унинг илдизларини нотўғри олиб борилаётган миграция сиёсатида излаш кераклигини гапирди.

- Бу ерда миграция сиёсати муаммолари нотўғри усуллар ёрдамида ечилмоқда. Энг аввало, ноқонуний муҳожирликда манфаатдор ва буни бизнесга айлантирган шахслар четда қолиб кетмоқда. Ушланган вьетнамлик ва марказий-осиёлик шахслар эса оддий қурбонлар. Нима сабабдан полиция ноқонуний муҳожирликни ташкил этаётганларни изламаётир? Ҳуқуқ мухофазаси идоралари ва Федерал миграция хизмати раҳбарияти бу вазиятни ўзгартиришга заррача ҳам ҳарақат қилаётгани йўқ,- дейди Евгений Бобров.

Анжуманда иштирок этган “Адолатли ёрдам” ташкилоти директори Елизавета Глинка чодир шаҳарчада шароитлар йўқлиги сабабли жамоатчилик ташкилотлари босими остида болали аёллар фарзандлари билан бирга “Канатчиково”даги Хориж фуқароларни сақлаш марказига кўчирилганини айтди.

У лагердаги маҳбусларга нонсиз “Доширак” ва гуручдан бошқа озиқ-овқат берилмаётганини аниқлагани, лекин улар шунга ҳам шукур қилишаётганидан ҳайратланганини гапирди.

Айни пайтда, Озодликнинг ўз манбаларидан олган маълумотларга кўра, жамоатчилик босимидан чўчиган Москва ҳукумати лагерга келтирилганларни тезроқ чиқариб юбориш ва чодир шаҳарчани тарқатишга киришган.

Россиянинг Петербург, Тольятти, Краснодар, Екатеринбург, Ростов шаҳарлари, Адигея Республикасида мигрантларга қарши рейдлар олиб борилгани ва минглаб муҳожир ҳибсга олингани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG