Линклар

logo-print

Ўзбек қизи “Дунё гўзали” конкурсида ярим яланғоч чиқмайди


Раҳима Ғаниева "Miss World" танловида қатнашадиган илк ўзбек соҳибжамоли бўлади.

Раҳима Ғаниева "Miss World" танловида қатнашадиган илк ўзбек соҳибжамоли бўлади.

2013 йил Индонезиянинг Бали оролида ўтказиладиган “Дунё гўзали” конкурсида илк бора Ўзбекистон вакиласи иштирок этади.



Ўзбекистондаги миллий танловдан ўтгани айтилган 18 яшар Раҳима Ғаниева дунëнинг 135 мамлакати иштирок этадиган халқаро гўзаллик мусобақасида “Miss World” тожини қўлга киритиш учун курашади.

Бу ҳақда “Miss World” халқаро гўзаллик мусобақаси расмий сайтида билдирилди.

Ўтган йилги "Miss World 2012” дунё гўзали танловида Ўзбекистон вакиласи илк бор қатнашиши ҳақида тарқалган хабар кейинчалик тасдиқланмаган эди.

Жорий йилнинг 20 июлида Ўзбекистон босқичида ғолиб бўлгани айтилган Раҳима Ғаниеванинг учта сурати эълон қилинган “Miss World” халқаро гўзаллик мусобақаси расмий сайтида ўзбекистонлик номзоднинг биографияси борасида тафсилотлар йўқ.

“Дунё гўзали” конкурсида Раҳима Ғаниевадан ташқари Камерун, Гвинея, Гвинея-Бисау ва Косово ҳам бу йил дебютант сифатида қатнашади.

Қизлар яланғочланмайди

Гўзаллик танлови шартларидан бири қизларнинг саҳнага чўмилиш костюмида чиқишидир.

2011 йилги "Miss World" танловининг финал босқичида Британия номидан муслима қизнинг қатнашиши мусулмонлар ғазабини келтирган эди.

Бу йилги мусобақанинг Бали оролида ўтаëтгани боис илк марта қизларнинг саҳнага чўмилиш костюмида чиқмаслиги эълон қилинди.

Мусобақа ташкилотчилари бу ҳолатни Бали оролидаги мусулмонларни безовта қилмаслик нияти билан изоҳлашган.

Маданият вазирлигининг хабари йўқ

Дунёнинг энг гўзал қизи бўлишликка даъвогар Ўзбекистонлик Раҳима Ғаниеванинг қандай танлаб олингани ҳақида Озодлик суҳбатлашган маҳаллий расмийлар бирор маълумотга эга эмасликларини билдирдилар.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги мулозимларининг Озодликка айтишича¸ мамлакатда расман гўзаллик конкурслари ўтказилмайди. Айни пайтда улар хусусий ширкатларнинг кўздан панада бундай конкурсни ўткзаганлиги эҳтимолини ҳам назардан соқит қилишмади.

Бизнинг соҳибжамоллар

Бу конкурсда Қозоғистондан Ойнур Тўлевова¸ Қирғизистондан Жибек Нукеева иштирок қилмоқда.

Қўшни Туркманистон ва Тожикистон каби давлатларнинг соҳибжамолликка даъвогар вакилалари конкурс рўйхатида йўқ.

Айни пайтда МДҲ ҳудудларида гўзаллик тожларини кийиш иштиëқида бўлаëтганлар орасида Марказий Осиë чеҳралари ҳам кўзга ташланмоқда.

Россияда ўтказилаётган “Russian Beauty-2013” гўзаллик танлови иштирокчиси асли тожикистонлик Нисо Муборакшоева Интернетдаги овоз беришда етакчилик қилмоқда.

Бундан Россияда ўтказилаётган гўзаллик танловларида ўзбекистонлик нозанинлар ҳам қатнашгани маълум.

Асли бухоролик Ирина Шарипова 2010 йил январида "Татаристон гўзали" унвонини эгаллаган эди.

Бухорода туғилган Ирина Шарипова Озодлик билан суҳбатда гўзаллик унга онасидан ўтганини маълум қилган: бир вақтлари Иранинг онаси Елена Шарипова 1989 йилда "Бухоро гўзали", бир йилдан кейин эса "Ўзбекистон гўзали" унвонига сазовор бўлган.

Ўзбек жамияти танлов ҳақида икки қутбга бўлинган

Ўзбекистонда 1989 йилда ўтказилган "Ўзбекистон гўзали" конкурси жанжалга сабаб бўлганидан кейин бу тадбир ўтказилмайдиган бўлди.

Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги юқори мартабали мулозими бўлган мархум Шукрулло Мирсаидов “Қизларни от бозоридаги каби кўрикдан ўтказиш миллий зеҳниятга тўғри келмайди” деб Ўзбекистон телеканалида расман чиқиш қилганидан кейин гўзаллик конкурслари Ўзбекистонда ўтказилмайдиган бўлди.

Ўзбек соҳибжамолининг дунё гўзаллик танловида қатнашиши борасида ўзбекистонликларнинг фикри эса иккига бўлинади.

- Гўзалликни намойиш қилиш зарур. 100 фоиз аминман¸ дунёда гўзаллик бобида ўзбек қизларимизга тенг келадигани йўқ,- дейди Сабоҳат исмли тошкентлик 28 яшар дизайнер.

Озодлик қўнғироғига жавоб берган бошқа ўнга яқин респондент рўза ойида мусулмон қизнинг гўзаллик конкурсида иштирок этишини маъқулламасликларини айтишди.

Гўзаллик мусобақасининг ватани бўлган Британияда ҳам бу конкурс бошланишиданоқ танқидларга нишон бўлиб келади.

Танқидлар “малласоч ва ақлсиз” қизларнинг тож кийишига эътироз сифатида янгради.

Бу танқидларга жавобан ташкилотчилар 1980 йилда шоу қатнашчиларининг ақл заковат борасидаги қобилиятларини текширадиган тест жорий қилишди.

Қатнашчиларнинг мамлакатлари борасида муҳим маърифий маълумотларни эълон қилиш урфга кирди.

Масалан, бу йил мусобақанинг расмий сайти Ўзбекистон ҳақида бешта фактни келтиради.

Бу ўзбек аёлининг саломлашиши, алгебра асосчиси Ал-Хоразмий Ўзбекистоннинг Хива шаҳрида туғилгани, 2002 йилда Ўзбекистон ҳудудида 2700 йиллик қадимий эҳромлар кашф этилгани, Ўзбекистон дунёда денгиз йўлига чиқиши учун иккита мамлакат ҳудудидан ўтиши керак бўлган иккита давлатдан бири (яна бири Лихтенштейн) эканлиги ҳамда Ўзбекистонда нон ҳеч қачон тескари ва ерга қўйилмаслиги айтилади.

“Miss World” халқаро гўзаллик мусобақаси бўлиб, 1951 йили Буюк Британияда ташкил топган. Анъанага кўра, “дунё гўзали” тожини киядиган қиз бир йил давомида Лондонда яшайди ва турли хайрия тадбирларида қатнашади.

2012 йилда хитойлик Юй Вэнься “Miss World” халқаро гўзаллик мусобақаси ғолиби бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG