Линклар

Ўзбекистонда “Абдураҳмонов рўйхати” тузилди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонлик журналист Солижон Абдураҳмонов.

Ўзбекистонлик журналист Солижон Абдураҳмонов.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячилари журналист Солижон Абдураҳмоновнинг қамоққа олинишида, тергов жараёнида ва унинг судида иштирок этган милиция ходимлари, терговчилар, прокурорлар ва судялар рўйхатини тузиб чиқди. Инсон ҳуқуқи фаолларига кўра, тўқима айблар билан қамоққа ташланган журналистнинг қамоққа ташланишида иштирок этган бу шахсларнинг исмлари жамоатчиликка ошкор этилиши ва АҚШ ҳамда Европа давлатларига киритилмаслиги лозим.


“Абдураҳмонов рўйхати”ни тузиш ташаббусчиларидан бири ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи фаоли Елена Урлаеванинг Озодликка айтишича, бу акцияни ташкил қилишдан мақсад хорижий дипломатлар, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларини ва жамоатчиликнинг диққат-эътиборини ёлғон айблар билан қамоққа ташланган Солижон Абдураҳмоновнинг тақдирига қаратишдир:

- Биринчидан, Ўзбекистонда журналистларнинг қандай таъқиб қилиниши муаммосига эътибор қаратмоқчимиз. Иккинчидан, журналистлар, жумладан Солижон Абдураҳмоновнинг ҳуқуқларини поймол қилган амалдорларни қандай қилиб бўлмасин жазолаш, ҳеч бўлмаганда уларнинг АҚШ ва Европа давлатларига киришларига тақиқ қўйишга эришишдир,- дейди Елена Урлаева.

Ҳуқуқ фаоли “Абдураҳмонов рўйхати” тузиш ғояси АҚШ Конгресси қабул қилган “Магнитский рўйхати”дан олинганини таъкидлар экан, бу рўйхат АҚШ Давлат департаментига юборилишини қўшимча қилди:

- Биз бу рўйхатни АҚШ давлат департаментига юборамиз. Биз АҚШнинг Ўзбекистон ҳукумати билан ўтказадиган музокараларида бу масала муҳокама қилинишини талаб қиламиз. Чунки, Солижон Абдураҳмоновнинг қамоққа олинишидан тортиб маҳкама жараёнларигача иштирок этган милиция ходимлари, прокурорлар, судяларнинг адолатсиз терговлари, ҳукмлари жамоатчиликка ошкор этилиши лозим,- дейди Елена Урлаева.

Инсон ҳуқуқи фаолига кўра, журналист Солижон Абдураҳмоновнинг қамоққа ташланишига “кўмаклашган” милиция ходимлари, терговчилар, прокурорлар, судяларнинг исм ва фамилиялари киритилган “Абдураҳмонов рўйхати” шу кунларда эълон қилинади.

Озодлик, Америка Овози, Uznews.net каби агентликларнинг Қорақалпоғистондаги мухбири бўлиб ишлаган 63 ёшли Солижон Абдураҳмонов 2008 йил июн ойида йирик миқдорда гиёҳванд моддалар сақлаганлик ва тарқатганликда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари журналистнинг қамалишини унинг касбий фаолияти билан боғлиқ эканини таъкидлаб келади.

Солижон Абдураҳмонов Британиянинг Уруш ва Тинчлик муаммоларини ёритиш институти билан ҳамкорлик қилган.

Ўтган йили Халқаро Амнистия ташкилоти Солижон Абдураҳмоновни сиёсий маҳбус, дея эътироф этди.

Ёши олтмишдан ошган бўлса ҳам журналистга нисбатан амнистия қўлланилмаяпти.

Июн ойида АҚШнинг 12 сенатори Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга мактуб йўллаб, касбий фаолиятлари туфайли ўзбек қамоқларида қолаётган икки журналист - Солижон Абдураҳмонов ва Дилмурод Саййид ҳамда ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғуновни “дарҳол ва ҳеч бир шартсиз” озод қилишга чақирган эди.

26 июл куни эса Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳам журналист Солижон Абдураҳмоновнинг ҳаёти “катта таҳлика” остида қолаётганини айтиб, уни озод қилишга чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG