Линклар

logo-print

Шимолий Кавказ минтақасида Россия ва Грузия ўртасида уруш бошланганига беш йил тўлди. 2008 йил 8 август куни бошланиб беш кун давом этган уруш давомида Россия қўшинлари Грузия қўшинларини айирмачи Жанубий Осетиядан сиқиб чиқариб, Грузия ҳудудига бостириб кирган эди.

Россия - Грузия урушига беш тўлиши арафасида “Рустави 2” телеканалига интервью берган президент Михаил Саакашвили Тбилиси ва Москва ўртасидаги беш йил аввалги қонли можарони олдини олишга уринганини айтди.

Жумладан, Грузия раҳбари НАТОга аъзо бўлиш интилишларидан воз кечиши эвазига Жанубий Осетия ва Абхазия масаласида Россиядан ёрдам сўраганини таъкидлади.



Жаноб Саакашвили бу таклифни президент Владимир Путинга 2008 йил феврал ойида, яъни урушдан олти ой аввал, Москвадаги МДҲ саммити пайти ўртага ташлаганини эслади.

- Биз Путинга ўша пайтда НАТОга йўқ, дейишга тайёрмиз, дедик. Буни эвазига Жанубий Осетия ва Абхазия масаласида Россия ёрдамини хоҳлаётганимизни ва айни пайтда Россиянинг ҳам манфаатларини тан олишимизни тушунтирдик, - дейди Саакашвили.

Грузия президенти бу таклифига Путин шундай жавоб қилганини эслайди.

-Путин бир лаҳза ҳам ўйлаб ўтирмай, мийиғида кулиб ”биз сизни ҳудудингизни геосиёсий қизиқишларингизга алишмаймиз”, деб жавоб қилди. Яъни бу билан Путин "мамлакат ҳудудини хоҳлаган пайт бўлиб олаверамиз", деди. Урушдан олдин айтилган эди бу, - дейди Саакашвили.

2008 йил 8 август куни бошланиб беш кун давом этган уруш давомида Россия қўшинлари Грузия қўшинларини айирмачи Жанубий Осетия ҳудудидан сиқиб чиқариб, Грузия ҳудудига бостириб кирди.



Россия томони эса Кремлнинг Жанубий Осетиядаги ҳарбий амаллари асосли бўлгани, Россия тарафи Жанубий Осетия халқини Грузия зуғум ва тажовузларидан қутқазишга бел боғлаганини таъкидлаб келади.

Минтақада уруш хавфи ҳамон аримаган

Урушдан кейин беш йил ўтган эса-да минтақада барқарорлик қарор топди, деб бўлмайди.

Озарбайжон тиш-тирноғигача қуролланган. Арманистоннинг ўз ҳимоячиси деб қараб келган Россиядан тобора кўнгли қолмоқда. Тоғли Қорабоғ атрофида уруш чиқиши эҳтимоли ҳар қачонгидан юқори.

Арманистон назорат қиладиган Озарбайжон ичкарисидаги Тоғли Қорабоғ анклави атрофида вазият сўнгги ойлар ичида яна ҳам таранглашди.

Беш йил аввал Грузиянинг россияпараст айирмачи ҳудуди бўлган Жанубий Осетия атрофида кечган беш кунлик урушни сўзсиз Россия енгган эди. Айни пайтда бу уруш минтақадаги этник низоларга воситачилик қилиб келган Россияга бўлган ишончни сўндирди.

Халқаро муносабатлар бўйича Европа Кенгаши сиёсий таҳлилчиси Стефан Маистер фикрича: “Бу уруш бошқа собиқ Совет ўлкаларига Россия ўз манфаатлари йўлида уруш қилишгача боради, деган муждани йўллади”.

Россиянинг минтақадаги энг яқин иттифоқчиси Арманистон ҳам Москвага тўнини тескари кийиб олган. Газ нархи атрофидаги келишмовчиликлар ва Евросиё иттифоқига аъзо бўлиш борасидаги Россиянинг босимлари Ереваннинг Москвага ишончини яна ҳам сўндирди.

Озарбайжон эса Россия билан азалдан ўта эҳтиёткор сиёсат юргизиб келади. Шу ойда Россия президенти Владимир Путиннинг Бокуга сафар қилиши кутилаяпти.

Ва ниҳоят Грузия. Шуни таъкидлаш жойизки, ўтган йил октябрь ойида президент Михаил Саакашвили партияси сайловларда мағлуб бўлди. Сайловлар ортидан россияпарст сиёсатчи деб кўриладиган Бидзина Иванишвили январь ойида бош вазирлик курсисини эгаллади.

Иванишвилининг ҳукумат тепасига келиши Тбилиси ва Москва муносабатлари яхшилангандай бўлди,

Грузин виноси, коняки ва минерал суви Россия бозорига қайтди. Лекин икки мамлакат муносабатлари илиқлашди, деб бўлмайди.

Озарбайжон президентининг ташқи сиёсат бўйича собиқ маслаҳатчиси Вафо Гулузодага кўра, 2008 йилда Россиянинг Грузияга нисбатан агрессияси бутун Кавказ минтақасида кўпчиликни ҳушёр торттирди.

“Россия ва Грузия ўртасидаги уруш ҳақида гапирадиган бўлсак, бу аслида Россиянинг мустақил Грузияга қарши босқини эди. Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан буён Кавказда рўй берган энг мудҳиш, энг хавфли ҳодиса бўлди бу. Яъни бу Россия ҳали ҳам барча халқлар ва митақадаги майда элатлар учун ҳали ҳам хавфли Империя эканини намоён этди”, - дейди Вафо Гулузода.

2008 йилги урушдан сўнг Россия Қорабоғ можароси бўйича воситачилик фаолиятини тиклашга уриниб кўрди. Лекин, Россиянинг ўша пайтдаги президенти Дмитрий Медведев тарафидан қилинган бу урунишлар минтақада Москвага бўлган ишончсизлик кучлилиги сабаб бесамар бўлди.

Бугун эса Кавказ учун уруш ниҳоясига етмагандай ва у ердаги халқлар шафқатсиз сиёсий мужодала ўртасида қолган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG