Линклар

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри ва вилоят маъмурий марказларида сарғайиб қолган игнабаргли дарахтлар кесилмоқда. Мутахассислар фикрича, Ўзбекистондаги маҳаллий иқлим шароитига мос келмайдиган бундай дарахтлар ёз иссиғига дош беролмай қуриб қоляпти.


Тошкентда юз йиллик чинорлар ўрнига экилган ва кўп ўтмай сарғайиб кетган бу арчаларни қирғин қилишдан олдин уларни кўк-яшил рангли аэрозол бўёқлар билан бўяб ҳам кўришди.

Июн ойида ҳар бир дарахтни бўяш учун олти баллон ранг ишлатилди.

Дарахтлардаги ранглар ўчиб, яна аввалги сариқ холига қайтар экан энди шаҳар ҳокимияти уларни кесиб ташлашга қарор қилган, афтидан.

Ўзбекистонлик таниқли экожурналист Наталя Шулепина ўзининг Sreda.uz блогида ёзишича, Тошкентнинг Анхор бўйидаги ва Олий мажлис Сенати олдидаги ўнлаб сарғайган арчалар ёппасига кесилмоқда.

"Анхор соҳили кесилган, игнабарглари сарғайиб кетган арчаларга тўлиб кетган. Бу дарахтларни тўнкасидаги халқаларидан ўн йиллик арча дейиш мумкин, ҳозирга қадар ўнлаб дарахт кесиб ташланди ва кесишлар шу билан тўхтамайдиган кўринади", деб ёзди Шюлепина.

Чунки, маҳаллий иқлим шароитига мос келмайдиган бундай дарахтлар ёз иссиғига дош беролмаяпти. Айниқса, бу йил ёз Ўзбекистонда жуда иссиқ келди.

Бир неча кун аввал пойтахт Тошкентда ҳаво харорати 44 даражагача юқорилади.

Экожурналист Наталя Шюлепинанинг таъкидича, арчаларни сарғайишига нафақат иссиқ ҳаво, балки арча қурти ҳуружи ҳам сабаб бўлмоқда.

"Ўзбекистонда бунақа қурт илгари бўлмаган ва шу сабаб маҳаллий шароитда бу зараркунандаларга қарши кураш чоралари ҳам ўрганилмаган. Афтидан бу қурт Ўзбекистонга арча ниҳоллари билан бирга келиб қолган бўлиши мумкин", деб ёзади Наталя Шулепина.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам арчалар шу қуртлар ҳужумига учраган.

Шюлепинанинг ёзишича, сарғайган дарахтлар Бухорода ҳам кесилмоқда.

"Уларни кесиб, олиб кетишяпти. Аслида уларни жойида ёқиб юбориш керак. Чунки, уларни кесиб трактор кузувига ортгунингизча шамол қуртларни учириб кетади. Агар шу ердан ариқ оқаётган бўлса қурт сув орқали бошқа жойга тарқалишлари мумкин", деб ёзади экожурналист.

2010 йида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Қорақалпоғистонга борганида сакура дарахти экишни маслаҳат берган ва Нукус шаҳрига юзлаб шундай дарахтлар кўчати экилган эди.

Тошкентда ўтган йиллар давомида ободонлаштириш ҳукумат дастури доирасида юзлаб кўпйиллик чинорлар кесилди, уларнинг ўрнига арча дарахтлари экилди.

Ўзбекистонда соя берадиган чинор ва бошқа дарахтларнинг кесилиб, ўрнига арча дарахтлари экилиши кўпчилик атроф-муҳит ҳимоячилари норозилигига сабаб бўлган эди.

Тошкентда манзарали дарахтлар етиштирадиган хусусий фирмалардан бирининг мутахассисига кўра, Ўзбекистон иқлимига арчадан кўра бошқа манзарали дарахтлар кўпроқ мос келади:

- Арчани ҳам ўтқазиш мумкин, фақат уруғидан ўзимизда кўкартирилган арчаларни. Четдан келтирилганнинг иссиқ иқлимга мослашолмай кўкариши қийин бўлаяпти. Бизда каштан, титан, дуб, яшин каби дарахтлар яхши кўкаради,- деди исми сир қолишини мутахассис.

Соя берадиган чинор ва бошқа дарахтларнинг кесилиб, ўрнига арча дарахтлари экилиши Тошкентда ва Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятларида ҳам кузатилди.

2009 йилнинг ноябр ойида Тошкентнинг "энг кекса фуқаролари" – Амир Темур xиёбонидаги ёши 100 дан ортган дарахтлар кесиб ташланди. Бир асрдан зиёд вақт давомида қадимий шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиб келган, шаҳар маркази иқлимини мўътадиллаштириб турган xиёбонга арчалар экилди.

2010 йилнинг январида Самарқанд шаҳри кўчалари ва шаҳар паркидаги чинорлар кесилди.

2010 йилнинг августида Чирчиқ шаҳри марказидаги юздан ортиқ дарахтлар кесилди. Саноат шаҳри бўлган Чирчиқда тоза ҳавога катта эҳтиёж сезаётган шаҳарликлардан айримлари Озодликка бу қарордан норозиликларини билдирди.

2011 йилнинг майида Тошкент шаҳрининг Дўмбиробод маҳалласидаги қабристонда кўп йиллик чинорлар кесилди.

2011 йилнинг ёзида Тошкентнинг "Пахтакор" метроси ва ўйингоҳи атрофидаги ўрмон дейишга арзирлик дарахтзор чопиб ташланди.

Шунингдек, Наманган, Андижонда ҳам шаҳарга соя-салқин ташлаб турган жуда кўп манзарали дарахтлар кесиб ташланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG