Линклар

logo-print

Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳкумлар энди ўзлари билан бирга кофе, какао ва чой сақлай оладилар, қамоқхонада ўтказиладиган никоҳ маросимларига яна икки киши таклиф қилиниши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазири чиқарган буйруқда айтилади.


Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг буйруғи билан жазони ижро этиш муассасаларидаги ички тартибнинг янги қоидалари жорий қилинди.

Бу ҳақда хабар берган Норма.уз Интернет сайтига кўра, маҳкумларнинг диний маросимларни бажариш, фуқаролик-ҳуқуқий ва оилавий муносабатлардаги иштироки, озиқ-овқат, пул жўнатмалари олиш каби ҳаракатлари учун янги қоидалар жорий этилган.

Янги қоидага кўра, жазони ижро этиш муассасалари маъмурияти маҳкумларнинг фуқаролик-ҳуқуқий ҳаракатларини(ишончнома бериш, ҳужжатларни имзолаш каби) амалга ошириш учун мавжуд қонунчилик асосида имкониятлар яратади.

Шунингдек, янги қоидага кўра, маҳкумлар билан ўтказиладиган никоҳ маросимларига таклиф қилинган шахслар икки кишидан ошмаслиги шарт. Никоҳ қайддан ўтказилгандан кейин келин-куёвга шу заҳоти узоқ муддатли навбатдан ташқари учрашув берилади.

Бундан ташқари, маҳкумларнинг яқинлари жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятидан маҳкумга нисбатан қамоқхонада қўлланилган интизомий жазо ёки рағбатлантириш ва соғлиғи ҳақида ёзма ва оғзаки ахборот олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳақдаги информация маҳкум яқинлари томонидан сўралганда жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти уни тақдим этиши шарт.

Маҳкумларнинг ўзлари билан кофе, какао ва чой сақлаши мумкинлиги ҳам янги қоидага киритилган.

Бироқ, Ўзбекистон қамоқхоналарида саккиз ярим йил жазо муддатини ўтаган собиқ имом Муҳаммадсолиҳ Обутов фикрича, қамоқхонадаги ички тартибга оид қанча янги қоидалар қабул қилинмасин, у ердаги аҳвол ўзгармайди:

- Шу пайтгача амал қилган ички қоидаларга риоя қилинмаяптию, янгисидан нима кутса бўлади. Масалан, жазони ижро этиш муассасасининг ички кодекси бор. Ўшанда “истаган одам ўзининг диний ибодатларини адо қилиши мумкин”, дейилган. Қамоқда подъём соат 6да бўлади. Бомдод намози эса соат 5да ўқилади. Агар бу пайтда туриб намоз ўқисак бизни изоляторга ташлашарди. Бугун энди қамоқдаги намозхонларга ибодат учун шароит яратиб беришади, дейишса, бу гапга умуман ишонмайман, дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Собиқ маҳкумнинг айтишича, янги қоидалардаги маҳкумларнинг ўзлари билан кофе, какао ва чой сақлашлари мумкинлиги ҳақидаги ўзгартишларга ҳам тушуниб бўлмайди:

- Қамоқда маҳкумнинг ўзи билан кофе, какао сақлаш илгари мумкин эмасди. Лекин чой сақлашга рухсат бор эди. Махсус хона бўларди, каптёрка дейилади. Ўшани калити маҳбуслардан биттасида бўлади. Ҳар кимнинг шахсий буюмлари ана шу жойда туради. Ҳар куни кечқурун икки соатга ўша нарсани олиб фойдаланиш мумкин. Лекин ёнида ёки тумбочкада сақлашга рухсат йўқ, имкон ҳам йўқ. Чунки тумбочкадаги нарсангизни ўша заҳоти ўғирлаб кетишади. Мен бир нарсани яхши биламан. Токи, давлат раҳбарининг ўзи маҳкумларга, айниқса диндорларга нисбатан зулмни тўхтатинглар деб оғзаки ёки ёзма буйруқ бермас экан Ўзбекистондаги қамоқхоналарда ҳеч қандай ижобий ўзгариш бўлмайди, деди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Қамоқхоналардаги вазиятни мониторинг қилиб борадиган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам, бу янги қоидалар маҳкумларнинг ҳақ-ҳуқуқлари риоя қилинишига ёрдам беролмайди, деган фикрда:

- Қамоқхоналардаги ички тартиб ҳақида кодекс бор. Ҳамма гап шу кодекснинг ижроси қанчалик бўлаётганида. Ҳеч ким билмайди буни. Кузатувчилар, инсон ҳуқуқи ҳимоячилари қамоқхоналарга қўйилмайди. Ичкаридан абсолютно информация йўқ. Маҳкумларнинг ҳуқуқлари қанчалик топталаётганинини биз фақат уларнинг яқинларидан биламиз холос. Бундай шароитда мингта янги қоида қабул қилса ҳам ҳеч нарса ўзгармайди, деди Суръат Икромов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG