Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:53

Наманганда фуқаро мурожаатига эътиборсизликда ҳокимликлар “етакчи”


Кийикни отиб ўлдирган фуқароларга жиноий иш очилди. “Roshen” шоколадлари Ўзбекистонда тақиқланмаган. Наркосавдогарлар орасида аёллар кўпаяётгани ташвишланарли ҳолат деб баҳоланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.


“Кийикни отиб ўлдирганларга жиноий иш очилди”

“Чотқол” давлат қўриқхонасидаги кийикни отиб ўлдирган фуқаролар И.Ўрмонов ва С.Юлдашевларга жиноий иш очилди. Республика бош прокуратураси бошқарма прокурори Авазбек Комиловнинг “Ҳуқуқ” газетасига маълум қилишича, ушбу ҳуқуқбузарликни қасддан яширган қўриқхона назоратчилари бўлими бошлиғи Х.Мусаевга ҳам жиноий иш қўзғатилган.

Кийикнинг ўлдирилиши билан ҳайвонот дунёсига етказилган зарар 11,9 миллион сўм этиб баҳоланган. Назорат тадбирларида бошқа ҳудудларда ҳам ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга оид қонунбузарликлар фош қилинган.

“Фуқаролар мурожаатига эътиборсизликда маҳаллий ҳокимликларга етадигани йўқ”

Наманган шаҳар ҳокимлигининг бўлим мудири Н.Жўрабоев, савдо, умумий овқатланиш ва ишлаб чиқаришга масъул департамент раҳбари Л.Миртазохоновга маъмурий иш қўзғатилди. “Диёнат” газетасига хабарига кўра, ҳокимлик расмийлари тадбиркорларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўрмай, сансалорликка йўл қўйган.

Вилоятдаги давлат идораларида фуқаролар мурожаатини вақтида кўриб чиқмаслик, уларга эътиборсизлик, сансалорлик, қонуний талабларни асоссиз рад этиш, фуқароларни қабул қилмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида прокуратура фуқаролар мурожаатига оид 900 дан ортиқ қонун бузилишларини аниқлаган.

Фуқаролар мурожаатига оид қонун талабини бажармаслик кўпроқ маҳаллий ҳокимликлар, архитектура ва қурилиш ҳамда ички ишлар бошқармалари тизимида кузатилган.

“Корхона ходимга ҳомиладорлик нафақаси беришдан бош тортди”

Тошкент вилоятидаги хусусий фирма ўз ходими К.Баҳриевага ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлашдан бош тортди. К.Баҳриеванинг “Адолат кўзгуси” газетасига арз қилишича, ижтимоий таъминот бўлимига мурожаат ҳам фойда бермаган. Ҳуқуқшунос Миржавҳар Жамоловга кўра, иш берувчи меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа тўлаши шарт.

Иш берувчи бу борадаги шартни бажармаса, корхона жойлашган ҳудуддаги аҳоли бандлиги бўлимига, прокуратура ёки судга мурожаат қилиш тавсия этилган.

Эслатилишича, нафақа тўлашдан бош тортиш мансабдор шахсларнинг энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан 15 бараваригача жаримага тортилишига сабаб бўлади.

“Roshen” шоколадлари Ўзбекистонда тақиқланмаган”

Украинанинг “Roshen” ширинликлар ишлаб чиқарувчи компанияси маҳсулотлари МДҲнинг бир қатор давлатларида тақиқланиши ортидан Ўзбекистон давлат санитария эпидимиология назорати маркази муносабат билдирди.

Марказнинг жамоатчилик билан ишлаш бўлими мутахассислари “Даракчи” газетасига “Roshen” компаниясининг Ўзбекистонга келтирилаётган қандолат маҳсулотларида ҳеч қандай сифат бузилиши ҳолатлари аниқланмагани, шу боис ҳам, мазкур бренд остига тарқатилаётган маҳсулотларга тақиқ қўйилмаганини айтган.

Дастлаб Россияда, кейинроқ бир қатор МДҲ мамлакатларида “Roshen” қандолат маҳсулотлари импорти тақиқланди. Бунга компания маҳсулотлари таркиби уларнинг ёрлиғида кўрсатилган моддаларга мос келмагани ва уларда инсон саломатлиги учун хавфли моддаларнинг мавжудлиги сабаб қилиб кўрсатилди.

“Наркосавдогарлар орасида аёллар кўпаймоқда”

Наркотика оламида аёллар иштироки фаоллашмоқда. Тошкент шаҳар адлия бошқармаси масъул ходими Анвар Қўзиевнинг “Инсон ва қонун” газетасига ёзишича, гиёҳвандлик моддаларини сотишда эркаклар билан бирга аёллар ҳам баравар ҳаракат қилаётгани жиддий ташвишм уйғотмоқда.

Яқинда 23 ёшли С.Ҳожиниёзова айни шу жиноят бўйича жавобгарликка тортилгани қайд этилган. “Маълумотлар гиёҳвандлик моддаларининг нархи кундан кунга ошаётганлигини тасдиқламоқда. Бугун наркотик модда қабул қилувчи учун ўртача ҳисобда бир ойда 500-600 минг сўм керак бўларкан” деб ёзади адлия вакили А.Қўзиев.

Қайд этилишича, исми ошкор этилмаган тошкентлик йигит гиёҳвандлик моддасига пул тополмаганидан онасига қўл кўтарган ва унинг ўлимига сабабчи бўлган.

“Қашқадарёда кинотеатрлар... тўйхона вазифасини бажаряпти”

“Ўзбеккино” миллий агентлиги Қашқадарёдаги 21 та кинотеатрни ўрганиб, ютуқлардан кўра, хато-камчиликлар кўп эканини аниқлади. “Истеъмолчи” газетаси маълумотларига кўра, Китоб туманидаги “Варганза”, Қамашидаги “Чилонзор”, Муборакдаги “Ғалаба”, Чироқчидаги “Чироқчи”, Косондаги “Зарафшон”, Ғузор туманидаги Майна Ҳасанова, Қаршидаги Мирзо Улуғбек номли кинотеатрлар умуман ишламаяпти. Бешкентдаги “Озод диёр”, Шаҳрисабздаги Қ.Ҳайдаров номли кинотеатрлар эса тўй-маросимлар ўтадиган жойга айланиб қолган.

Газета аввалдан зарур маданият муассасаси бўлиб келган театрларга эътиборни кучайтириш лозим деб таъкидлайди.

“Ёзувчи Аҳмад Аъзам тилбузарларни гулзордаги алафлар деб атади”

Ёзувчи Аҳмад Аъзам ўзбек тили хароб аҳволга тушиб бораётгани, уни қайта жонлантириш учун ҳаялламай иш бошлаш кераклиги ҳақида бонг урди (“Ёшлик”, 2013 йил 6-сон). “Юксак минбарлардан ҳам айтиляпти, матбуотнинг ўзида гапириляпти, бонг ураётганлар чиқяпти, аммо ўз – ўзбек тилининг бугуни ва эртаси борасидаги бу ташвишу даъватлар ўзимизнинг лоқайдлигимиз ботқоғига чўкиб бораётир.

Дод деб юборгинг келади – қоғозга додлайсан одам! Қоғознинг эса фақат қулоғи бор, оғзи йўқ – cадо бермайди!” деб ёзади адиб. Мақолада тилни бузаётганлар “гулзордаги алафлар” деб аталган. Ёзувчи ўзбек тилини чет истилоҳлар истило этаётгани, шу билан бирга, тил ичдан емирилаётганини хавотир билан қайд этади.

“Асли муаммонинг туби чуқурроқ, масала тилнинг сут билан қачон кириши, боланинг она тилини қаерда ўрганиб бошлашида. Бешик тебратадиган келинларнинг бир қўли бешикда, икки кўзи телевизорда – алла айтиш фақат кўрик-танловларда қолди” деб ёзади муаллиф.
XS
SM
MD
LG