Линклар

Москвада тожик ва қирғиз меҳнат муҳожирлари ўртасида содир этилган оммавий муштлашув чоғида пичоқланган беш киши касалхонага ётқизилди. Москванинг Лефортово туманида бўлган муштлашувда иштирок этган қирғизистонликлардан бири 4 нафар тожикни пичоқлаган ва ўзи ҳам пичоқланган.

Расмий маълумотларга қараганда муштлашув 5 август куни Москванинг Лефортово туманидаги Красноказарменная кўчасида содир этилган. Дастлабки маълумотларда оммавий муштлашувда пичоқланганлар тожик миллатига мансуб Ўзбекистон фуқаролари экани айтилган эди. Бироқ Москва полицияси расмийси бу маълумотни тасдиқлай олмаслигини билдирди. Айрим хабарларда уларнинг ўзбекистонлик, бошқа маълумотларда эса тожикистонлик экани айтилмоқда.


-Муштлашувда 20 дан ортиқроқ одам қатнашган. Гувоҳлар мана шундай маълумот беришди. Полиция воқеа жойига етиб келганида, фақат пичоқланганлар қолган эди. Улар оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Тожикларни пичоқлаган Қирғизистон фуқароси ҳам пичоқ еган. Унга нисбатан жиноят иши очилган. Айни пайтда қирғиз фуқароси касалхонада полиция назоратида даволанмоқда. Мендаги маълумотларда қирғиз фуқароси томонидан калтакланганларнинг миллати тожик экани айтилган холос, -деди Москва шаҳри Лефортово тумани полицияси вакили Озодлик радиосига.

Пичоқланганларнинг аҳволи оғирлиги айтилмоқда. Улардан бирининг жигарига пичоқ санчилган. Полиция муштлашувга нима сабаб бўлгани тергов жараёнида аниқланишини билдирмоқда.

Воқеа юзасидан Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳам суриштирув олиб борган. Элчихона матбуот котиби Айимкан Кулукееванинг айтишича, жанжал нимадан бошлангани ва муштлашувда жабрланганлар қайси давлат фуқаролари экани тўғрисидаги маълумотлар тергов жараёнида аниқланиши кутилмоқда.

-Жанжал 5 август куни кечқурун соат саккиз-тўққизлар атрофида бўлган. Полиция етиб борганда ҳамма қочиб кетган экан. Ҳозир Қирғизистон фуқароси тўрт кишига пичоқ урганликда айбланаяпти. Унинг аҳволи ҳам оғир, -деди Айимкан Кулукеева.

Москвада меҳнат муҳожирлигида юрган ўзбекистонлик Расулжон ака бу каби воқеалар 2010 йилги Ўш қирғинидан сўнг тез-тез такрорланаётганини айтди. Расулжон ака Москвада 11 йилдан бери яшар экан. Унга кўра, 2010 йилгача қирғиз меҳнат муҳожирлари билан бошқа миллатдан бўлган муҳожирларнинг муштлашуви кузатилмаган.

-Бундай воқеалар айнан Ўш ва Жалолободдаги қирғиндан сўнг бошланди. Авваллари ўзбеклар ва қирғизлар бир-бирига меҳрибон эди, салом –алик қилишиб, дўстлашиб юришарди. Ўш воқеаларидан кейин мана шундай жанжаллар кўпайиб кетди, -деди Расулжон ака.

Ўзбекистонлик муҳожирлардан яна бири 24 ёшли Феруз Петербургдаги қурилишлардан бирида ишлайди. Унга кўра, бу ерда қирғиз, ўзбек ва тожик мигрантлари ўртасида миллатлараро нафрат тушунчаси йўқ. Лекин бу миллатлар вакиллари ўртасида маиший жанжаллар бўлиб туради.

-Маиший жанжалларни миллатлараро низо даражасида тушунмаслик керак. Бундай маиший келишмовчиликлар ҳар доим ҳам бўлиб туради, -деди Феруз.

Озодлик радиоси сўнгги уч йил ичида Москвада ўзбек, қирғиз ва тожик муҳожирлари ўртасида содир этилган оммавий муштлашувлар ҳақида бир неча маротаба маълумот берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG