Линклар

Жиноятни фош қилмасин, деб жиноятчига чиқардиларми?


Ғаллаороллик 75 яшар Набижон ака Жўрабоев шу йилнинг 31 май кунидан бери ҳибсда қолмоқда.

Ғаллаороллик 75 яшар Набижон ака Жўрабоев шу йилнинг 31 май кунидан бери ҳибсда қолмоқда.

"Жамият ва қонун" эшиттиришининг бугунги қаҳрамони - ўзбекнинг тиниб-тинчимас "етмишбой"ларидан бири - ғаллаороллик 75 яшар Набижон ака Жўрабоев. У Озодликнинг доимий тингловчиларидан бири. Шу кунда Набижон ака ҳибсда. Унинг устидан судлов ҳам бошланган. Жўрабоевнинг ишини диққат билан кузатиб келаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фикрича, унинг устидан қўзғатилган жиноят иши сохта бўлиши мумкин.


"Етмишбой"ларга ўхшамаган "Етмишбой"

“Жамият ва қонун”нинг сўнгги сонларидан бирини ўзбекнинг тиниб-тинчимас “етмишбой”ларига бағишлаганимиздан кейин ҳамкасблару тингловчилардан дашном эшитдик: “Нима учун қаҳрамонларингизнинг ҳаммасини чет элдан танладингиз, мамлакат ичидан ҳеч ким топилмадими?”



Изза бўлдик, қизардик.

Тўғри, мамлакат ичида ҳам тиниб-тинчимас “етмишбой”лар кўп.

Бугунги ҳикоямиз ўшалардан бири тўғрисида.

Бу “Етмишбой” эслаганимиз эшиттириш қаҳрамонларига ўхшамайди:

Толиб Ёқубовдай инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси эмас;

Алибой Йўляхшиевдай сиёсий мухолифат аъзоси эмас;

Ёдгор Обиддай шоир эмас;

Абдулла Абдуқодир ўғлидай педагог-олим эмас.

У - Озодликнинг фаол тингловчиси.

У - Озодликнинг халқ орасидаги “мухбири”.

У – журналистикадаги янги йўналиш – Фуқаролик журналистикаси вакили.
У Жиззахнинг Ғаллаоролида яшовчи 75 яшар Набижон ака Жўрабоевдир.

Набижон ака шу кунда ҳибсда

Унинг устидан ўтган ҳафтада судлов бошланди.

Суднинг навбатдаги мажлиси 12 августга режалаштирилган.

Товламачилик ва фирибгарликда айбланаётган оқсоқол устидан бошланган суднинг биринчи мажлисида кутилмаган воқеа юз берди.

Бу ҳақда, яъни “Жиззах вилояти Ғаллаорол туман маҳкамасида “товламачилик” ва “фирибгарлик”да айбланаётган 75 ёшли фаол Набижон (Тўрабой) Жўрабоев устидан 5 август куни ўтказилган биринчи суд маҳкамасида уч даъвогар шахс ўз даъвосидан воз кечгани” тўғрисида Озодлик ўша куни хабар берган эди.

Бу ҳақда Озодликнинг суд мажлисида қатнашган, лекин хавфсизлигини ўйлаб исмини айтмаслигимизни илтимос қилган манбалари ҳамда Набижон аканинг турмуш ўртоғи Феруза Маматова хабар берган эди.

"Даъводан воз кечганларини ўзим эшитдим"

Ўқиётганингиз материални тайёрлаш жараёнида Феруза Маматова билан яна боғландик.

Озодлик: Сиз тунов кунги судда ўзингиз қатнашдингизми?

- Судга кирдим мен. Кейин адвокатимиз “Сиз ҳозир чиқиб турасиз. Кейин гувоҳ сифатида чақирамиз” деди. Шундан кейин мен суддан чиқиб кетдим. Онамлар, оғайниларимиз ҳаммаси кириб ўтиришди.

Озодлик: Уч киши берган кўрсатмасидан воз кечганини сиз эшитдингизми?

- Ҳа, мен эшитдим. Коридорда бўлган бўлсам ҳам эшиклар очиқ эди, эшитдим. “Набижон ака бизларни ҳеч қачон қўрқитиб ëки алдаб ҳеч нарса олмаган. Бу кишига ҳеч қандай даъвоимиз йўқ”, деб улар шундай воз кечди. “Бизларни зўрлаб ëздирди” деди у кишилар. Учта ëзиб берган одамлар шундай дейишди. Мен ўзим эшитиб турдим. Наби ака ҳам бошида ҳаммасини гапириб берди. “Мен ëзув-чизув қилганим учун булар менинг устимдан туҳмат қилаяпти” дейишди. Ҳаммасини биттама-битта исботлаб берди, деди Фкруза Маматова.

Қўлимизда Ғаллаорол туман ИИБ ТБ катта терговчиси А. Роҳатов имзоси билан Набижон Жўрабоев устидан чиқарилган айблов хулосаси.

Ҳужжат мазмунига қараганда, Жўрабоев 10 йилдан бери тумандаги давлат корхоналари (масалан, “Ғаллаоролтумангаз”) ва фуқароларни қийнаб келган.

Бугунги эшиттиришимизда биз айблов хулосасини инкор этмоқчи эмасмиз. Уни тан олиш ёки инкор этиш - суднинг ва фақат суднинг вазифаси. Мақсадимиз судланаётган Набижон Жўрабоевнинг Озодликнинг фаол тингловчиси бўлган Набижон Жўрабоевга ўхшамаслигини айтишдир ва энг муҳими Жўрабоевнинг ишини синчиклаб кузатиб келаётганларга тинчлик бермаётган шубҳалар ҳақида хабар қилиб қўйишдир.

Жўрабоев устидан бошланган судловнинг биринчи мажлисида уч даъвогарнинг ўз даъвосидан воз кечгани кузатувчиларнинг шубҳалари асоссиз эмаслигига ўта кучли ишорадир.

Шубҳаларга кейинроқ тўхталамиз.

Ҳозир эса,

қаҳрамонимизнинг ўзи тўғрисида икки оғиз сўз

Тан олишимиз керакки, Набижон ака Жўрабоев тўғрисида кўп маълумотга эга эмасмиз.

Эшиттиришни тайёрлаш жараёнида у кишини яқиндан биладиган бир неча киши билан боғланишга муваффақ бўлдик. Лекин иши судда кўрилаётган киши тўғрисида улар бирон нима дейишдан, юмшоқроқ айтганда “тортинишди”.
Набижон аканинг турмуш ўртоғи 37 яшар Феруза Маматовадан эса, мана бу гапларни эшитдик:

- Набижон ака 1939 йилда Ғаллаорол туманида туғилган. Кейин Тошкентга ўқишга кетиб, ўша ерда 50 йил яшаган, ўқитувчилик қилган. Ҳозир 75 ëшда.

Озодлик: Бир умр ўқитувчилик қилдиларми?

- Ҳа, бир умр ўқитувчилик қилиб, кейин маҳалла раиси бўлган, Тошкентда Собир Раҳимов туманида ветеранлар советининг раиси бўлган. 50 йил Тошкентда ишлаганда.

Озодлик: Мактабда ишлаганми ëки олий ўқув юртидами?

- Олий ўқув юртларида ишлади. Маданият техникумида ишлаган, музикадан дарс берган.

Озодлик: Ўзи ҳам соз чаладими?

- Чалиб туради. Телевизорларда ҳам чиққан. Ашулалари ҳам бор. Тошкент давлат педагогика институтини битирган. Пенсиядан кейин “онамга қарайман” деб Ғаллаоролга келган.


Озодлик: Ғаллаоролга келганига неча йил бўлди?

- 15 йиллар бўлди. Онаси бор эди. “Онамга қарайман” деб келдида. Онасини кўмганига уч йил бўлди. Онаси 90га кириб вафот қилдилар. “Шунча йил Тошкентда яшадим. Онамга қарай олмадим”, деб келганларда бу ерга.
Озодлик: Тошкентда маҳалла фаоли бўлган экан. Ғаллаоролда ҳам маҳалла фаолимиди?

- Йўқ. Бу ерда “бўлинг” деб айтишди. “Йўқ, мен ишламайман бу ерда. Ëрдам керак бўлса, ëрдам қилиб тураман”, деди. Маҳалладагилар “сиз маҳаллада ишланг” деб айтишди, илтимос қилишди. “Энди мен пенсиядаман. Ëрдам бўлса қилиб тураман” деди. Тошкентда Собир Раҳимов туманида ишлаганда. 10 йил маҳалла раиси бўлган.

Озодлик: Қайси маҳалла эди у?

- Собир Раҳимов туманида эди. Эслолмайман маҳаллани.


Озодлик: Набижон ака билан турмуш қурганингизга неча йил бўлди?

- 10 йил бўлди. Ғаллаоролга келгандан кейин турмуш қурганман.

Озодлик: Биргаликда фарзандларинглар борми?

- Йўқ.

Озодлик: Энди ҳибсда сақланаяптида у киши-а?

- Ҳа, Ғаллаоролда ҳибсда. 3 ойдан бери мана шу аҳвол.

Озодлик: Соғингандирсиз чолингизни?

- Ҳа, соғиндим. Ҳар икки-уч кунда кўриб турибман, бориб турибман. Судда борганда ҳам учрашдик. Гаплашди ҳаммаси билан учрашиб.

Озодлик: Набижон аканинг нечта фарзанди бор?

- Олтита. Ҳаммасини уйли-жойли қилиб, ўқитиб, ҳаммаси яхши. Келиб туради дада деб. Ҳаммаси яхши-яхши ўқишларда ўқиган, ишларда ишлаган.

Озодлик: Сиз ўзингиз бирор жойда ишлайсизми?

- Йўқ, мен уй бекасиман. Фақат Наби ака тарбияси билан шуғулланаман. Қарайман, овқатини қилиб бераман. Тошкентдаги аëлини ҳам ҳеч қачон ишлатмаган у. “Эркак киши ишлатмайди” дейди.

Озодлик: Тошкентдаги аëли нима бўлган?

- Болалари, неваралари ўша ëқда. Шунинг учун кела олмаган. Ҳеч қандай сабаб бўлмаган. “Невараларим, болаларим билан қоламан” деган.

Озодлик: У опа ҳам борми ҳозир?

- Ҳа, бор.

Озодлик: У оила билан муносабатинглар борми?

- Болалари келиб туради, неваралари келиб туради. Мен билан яхши у кишининг неваралари ҳам, болалари ҳам. Ҳаммаси яхши. Муносабати яхши мен билан.

Озодлик: Гаплашиб турасизларми биринчи хотини билан?


- Йўқ, биринчи хотини билан гаплашмаймиз. Болалари билан. Фарзандлари ҳаммаси келиб туради, опа дейди мени.

Озодлик: Ўғилларининг телефони борми?

- Телефонлари йўқ. Улар Москвадаю ҳозир.

Озодлик: Нима иш қилади Москвада ўғиллари?

- Эл қатори ўша ëқда ишлаяпти.


Ўзидан 37 ёш кичик турмуш ўртоғи жавобларидан Набижон Жўрабоевнинг қандай ўғил, қандай эр ва қандай ота эканлиги тўғрисида бироз тасаввурга эга бўлгандирсиз.

Набижон аканинг хабарлари

Набижон Жўрабоевни лавҳамиз бошида Озодликнинг халқ орасидаги “мухбири”, Фуқаролик журналистикаси вакили, деб атаган эдик.

Бас, эшиттиришимиз қаҳрамонимизни тушуниш, уни “таниш” йўлидаги ҳаракат экан, унинг Озодлик орқали бошқа тингловчилар билан ўртоқлашган хабарларини эслаш лозим бўлади.

Набижон Жўрабоев исми билан танилган, асл исми эса Тўрабой Жўрабоев бўлган тингловчимиз жорий йил 31 майида қўлга олинишидан бир неча кун олдин

- 23-24 май кунлари Тошкентдаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида, шунингдек, вилоят марказлари ва Қорақалпоғистон республикасида ўтказилган “Китоб байрами” Ғаллаоролда ҳам ўтказилгани тўғрисида “Бир-иккита шоирлар келди. Жуда катта тантаналар билан ўтказишди, расмларга олишди”, деб хабар берган эди.

Набижон ака хабар кетидан, одатда, айтаётгани воқеани шарҳлар, унга муносабатини ҳам билдириб ўтар эди.

“Лекин [одамларда] китоб ўқишга муносабат умуман сўниб бўлган. Илгариги даврга нисбатан 5 фоиз ҳам йўқ бўлса керак”, деган эди ўшанда Набижон ака.

Озодлик радиоси бундан 3-4 йил олдин “Эркин микрофон” эшиттиришини ташкил қилганида таниган эдик Набижон Жўрабоев деган "халқ мухбири"ни.
У киши қизиқмаган воқеанинг ўзи бўлмас эди.

Набижон ака бир гал об-ҳавонинг табиий офат даражасига етаёзган инжиқликлари тўғрисида хабар қилса, бошқа гал ўзи яшаб турган туманда бўри ва тулки кўпайиб кетгани тўғрисида хабар берарди.

Набижон Жўрабоевдан олинган хабарларни бирин-кетин кўрарканман, унинг ҳар доим оқни оқ, қорани қора дейишга ҳаракат қилганини сеза бошлайман.

Масалан, 2013 йил арафасида нарх-навога оид тайёрланган эшиттиришда иштирок этган Жўрабоев бундай хабар қилган экан:

- Бошқа жойда қандай билмаймиз, бизда янги йил арафасида арзончилик бўлиб кетди. Мисол учун, мол гўшти 14 минг сўм, олдин 17 минг сўм эди. Қўй гўшти 15 минг сўм бўлди, авваллари 18-19 минг сўмгача эди.

2012 йилнинг 31 июлида у “Баҳс майдони” эшиттиришида қатнашган, ”Ўзбек қарияларига ким ғамхўрлик қилиши керак?” деган масала атрофида Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида истиқомат қиладиган 78 ёшли отахон Ражаб бобо Тошев билан баҳсга киришган эди.

Эшиттиришдан олинган парча Ражаб бобонинг овози билан бошланади.



Баҳс майдони эшиттиришидан парча тингладингиз.

Набижон Жўрабоев ҳозир эшитганингиз гаплари учун, Озодликнинг бошқа эшиттиришларида янграган хабарлари учун шу кунда ҳибсда дейиш уччига чиққан инсофсизлик, Ўзбекистон ҳукуматини олбўжи кўрсатишга уриниш бўлган бўлар эди.

Хўш, унда нима учун судланаяпти у?

Балки чиндан ҳам товламачилик қилгандир? Балки чиндан ҳам фирибгарлик қилгандир Набижон Жўрабоев?

- Йўқ, деди қатъий ишонч билан бу саволга жавобан “Ўтюраклар клуби” Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси Мўътабар Тожибоева.

У киши Озодликка юборган баъзи ҳужжатларга қараганда, бу ташкилот Набижон Жўрабоев иши билан жуда пухта таниш ва шунинг учун ҳам Мўътабар Тожибоевани суҳбатга тортдик.

Озодлик: Набижон Жўрабоевнинг ишига шунчалик қизиқиб қолган экансиз, демак бу ишнинг, юмшоқроқ айтганда, қонуний эканлигига шубҳаларингиз бор. Улар қаердан пайдо бўлди?

- Биласизми, бундай шубҳалар пайдо бўлишига сабаб айнан мана шу ҳужжатлар билан, айблов хулосаси билан танишиб чиққан пайтимда шу нарсага дуч келдимки, Ғаллаорол туман газ идорасининг беш нафардан иборат мансабдор шахслари айнан Набижон Жўрабоев устидан 28 май куни шикоят билан чиқишган. Улар ўзларининг шикоятларида ëзишаяптики, Набижон Жўрабоев 2003 йилдан бошлаб 2013 йилгача бизни таъқиб қилиб, шарманда қилиш билан қўрқитиб, бизни мажбурлаган ва биз унга, битта ҳужжатда 2 миллион 700 минг дейишаяпти, кейинчалик 2 миллион 400 мингда тўхташаяптида, мана шу 2 миллион 400 мингдан ортиқ маблағни Набижон Жўрабоевдан қўрқишгани учун ҳам 2003 йилдан бошлаб бериб келганликларини таъкидлашаяпти.

Озодлик: 10 йил давомида?

- Ҳа,10 йил давомида Набижон Жўрабоев қўрқитибди. Кейин айнан мана шу “Ғаллаоролтумангаз” идорасининг бош инженери бўлган, раҳбари бўлган Мирзааҳмад Нурматов гўëки Набижон акадан қўрққан ва ҳамма маблағлар ўша одам томонидан сарфланган. У шундай деб кўрсатма бераяпти. Ҳайрон қоладиган нарсаси нима учун Набижон Жўрабоевдан қўрқиш учун асоси йўқ бўлса, яъни ҳеч қандай коррупция жинояти содир қилмаган бўлса, нима учун 2003 йилнинг ўзида эмас, нима учун 2004 йилда эмас, ёки Набижон Жўрабоев айнан ўша одам ҳақида “Муштум”да танқидий материал чиқаргандан кейин, ишдан ҳайдалгандан кейин мурожаат қилмаган? Ҳаттоки туман ҳокимининг ўринбосари лавозимида ишлаб турган пайтида ҳам шикоят қилмаган. Айнан 2013 йил 28 майда мурожаат қилаяпти. Қолган аризачиларнинг ҳаммаси ҳам айнан ўша 22 майдан бошлаб 28 майгача яъни 31 май куни Набижон Жўрабоев ҳибсга олингунгача бир ҳафта давомида ëппасига шикоят билан мурожаат қилишаяпти.

Озодлик: Сиз Озодликка тақдим этган ҳужжатларга мен ҳам эътибор бердим. Мана шу жиҳатга эътибор бердим. Набижон Жўрабоев устидан арз қилган ташкилот ва шахсларнинг аризалари бир ҳафтанинг ичида ëзилган. Бундан қандай хулоса қилиш мумкин?

- Бундан фақатгина бир нарсани хулоса қилиш мумкин – бу айнан Набижон Жўрабоев Ғаллаоролда содир бўлган, ўзининг шогирдига нисбатан содир қилинган босқинчилик ва қотиллик жиноятини фош қилиб қўйишидан, бу иш билан шуғулланиб, қотилларни Озодлик радиоси оқали жамоатчиликка, қотиллар кимлар экани ҳақида тахминини айтиб қўйишидан қўрқиб қилинган деб ўйлайман.

Озодлик: Қандай қотиллик ҳақида гап кетаяпти?

- Бу ерда айнан Набижон Жўрабоевнинг шогирди бўлган Ғаллаорол туманидаги Саид ибн Абу Ваққос номли зиëратгоҳнинг бошқарувчиси Жуманов Абдумутални 20 май куни кечаси ваҳшийларча уч нафар маска кийган шахслар томонидан ухлаб ëтган жойида болта билан чопиб ўлдирилганлиги ҳақида кетаяпти.

Озодлик: 2013 йил 20 май-а?

- Ҳа, 2013 йил 20 майда.

Озодлик: Бу тафсилотлар сизга қаердан маълум?

- Набижон Жўрабоевнинг иши билан шуғулланиб, унинг қамалиш сабаблари ўрганилаëтган пайтда жуда кўп ғаллаороллик ва жиззахликлар билан гаплашганимизда, жуда кўпчилик айнан Абдумутал Жумановнинг ўлими билан боғлиқ деган фикрларни айтишди Набижон Жўрабоевнинг қамалишини.

Озодлик: Демак, Абдумутал Жумановнинг ўлими ортида турган кучлар Набижон Жўрабоевнинг қамалишидан манфаатдор. Шунақа деб хулосага келса бўладими?

- Албатта, шунақа деб хулосага келиниши керак ва ҳаттоки биз мана шу Озодлик радиоси орқали Ўзбекистон ҳукуматига ҳам мурожаат қилмоқчимиз. Яъни буни Ғаллаорол тумани миқëсида ëки вилоят миқëсида эмас республика миқëсида бу иш билан бир комиссия шуғулланиши керак деб ҳисоблайман. Агар Ўзбекистон ҳукумати баралла овоз билан “Биз демократия учун курашамиз. Биз инсон ҳуқуқлари учун курашамиз” деб айтаëтганларига амалий иш билан ҳам ўзларини кўрсатишни хоҳлашса, айнан Абдумутал Жумановнинг сирли ўлими ҳамда Набижон Жўрабоевнинг ҳибсга олиниши устидан махсус комиссия ўрганиши керак деб ҳисоблайман, деди Мўътабар Тожибоева.

Эътибор беринг, азиз тингловчи: Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, Ғаллаоролдаги Саид ибн Ваққос номидаги зиёратгоҳ бошқарувчиси Абдумутал Жумановни 20 май тунида номаълум шахслар ўлдириб кетади;

22 майдан бошлаб Набижон Жўрабоев устидан у товламачиликда айбланган арзлар туша бошлайди;

31 май куни Набижон Жўрабоев ҳибсга олинади.


Мавзуни ўрганар эканмиз, Набижон Жўрабоевнинг Озодликда 2010 йилнинг 1 июлида янграган яна бир хабарини ҳам архивимиздан топдик.
Мана у:

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида яшовчи 72 ёшли Набижон Жўрабоевнинг Озодликка маълум қилишича, Мутал исмли қоровул йигит туман ҳокимини дўппослаган.

“Ҳолвани ҳоким ейди, калтакни етим” мақолига амал қилиниб келинган Ғаллаоролда бу воқеа ғайриоддий ҳолат ўлароқ қабул қилинганини айтади Набижон ота.

- Бизга Илҳом Эшонқулов деган ҳоким келган. Икки-уч йил бўлаяпти. Ўша келгандан бери районда жуда катта ноқонуний ишлар юз бераяпти. Ҳоким халқнинг ўртасида ўзининг обрўйи билан¸ ўзининг сўзи билан¸ ўзининг меҳнати билан халққа танилишнинг ўрнига муштушзўрликка ўтиб кетган. Мисол учун¸ ҳар қандай мажлисларда ҳам ë бировни ураркан¸ ë бировни оғзига келган сўзлар билан сўкаркан. Ўзбек халқининг “Ҳолвани ҳоким ейди¸ калтакни етим ейди” деган бир мақоли бор. Лекин бизнинг Ғаллаорол туманида калтакни ҳоким ҳам еди. Сабаби - ўзининг айби билан. Ғаллаорол туманининг Авлиë қишлоғида бир катта кўл бор. Зиëратгоҳ жой. Кунига 1000-1500 одам келади. Ҳоким шу ерга тушган садақа пулларидан манфаатланиб тураркан. Ўша ерда бир қоровул бор. Ўтган душанба куни ҳоким бориб эшикни очган ўша қоровулни “Сен нимага бу ерда юрибсан?” деб уриб тепиб кетган. Бу қоровул чидай олмасдан ўрнидан туриб бир калла билан ҳокимнинг башарасини дабдала қилиб ташлаган. Кўрганлар айтаяпти¸ ҳоким бора солиб битта урган¸ бир тепган. Ҳалиги бола ўтириб қолган. Бу қоровул ҳокимдан бақувват бола. Энди ҳоким қоровулни ургандан кейин нима дейиш мумкин? Агар ҳоким шу аҳволда бўлса¸ бу қандай бу? Давлат қаëққа қараяпти? Муштумзўрлик қилса¸ урса¸ сўкса¸ бирорта одамга яхши гапирмаса. Шунинг учун мен Озодликка телефон қилаяпман. Шу эшиттиришни беринглар Озодликда. Зора вилоят ҳокимими¸ президентми¸ Бош вазирми эшитса¸ бунақанги ҳокимнинг танобини тортиб қўйса¸ дейди Набижон ота.

Эслатиб ўтаман, бу Набижон Жўрабоевнинг бундан 3 йил олдинги хабари эди.

Афтидан, чиндан ҳам Набижон Жўрабоев ишига мамлакат миқёсидаги идоралар эътибор қаратиши керакка ўхшайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG