Линклар

logo-print

Ҳукумат хусусий тадбиркорлар маҳсулотлари экспортини қувватламоқчи

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон ҳукумати тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотларни экспортбоп қилишга эришмоқчи

Ўзбекистон ҳукумати тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотларни экспортбоп қилишга эришмоқчи

Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Ўзбекистон президенти имзолаган қарорга кўра, ҳукумат энди хорижга ўз маҳсулотларини экспорт қилмоқчи бўлган хусусий тадбиркорлар ва фермерларга ҳар томонлама ёрдам беради.



Ўзбекистон президенти 8 август куни имзолаган “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор тадбиркорлик субъектларининг ва фермер хўжаликларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, уларга замонавий, чет эл бозорларида рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришда ва уни экспортга чиқаришда зарур ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатишга қаратилгани айтилмоқда.

Қарорга кўра, бу мақсадлар учун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.

Жамғарманинг бошланғич маблағи 5 миллиард сўм (бунинг 2,5 миллиард сўми давлат бюджети маблағларидан бериладиган бирйўла бадал ҳисобидан, қолган қисми эса муассислар – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, шунингдек, бошқа тижорат банклари, молиявий институтлар ва донорларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобидан) миқдорида шакллантирилади.

Бу жамғармага хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотни экспорт қилиш учун потенциал имкониятларни аниқлаш, маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги рақобатдошлик даражасини аниқлаш, эҳтимол тутилган харидорларни излаш, шартномаларни тайёрлаш ва тузиш, экспорт операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳужжатларни тайёрлаш вазифаси юклатилган.

Андижонлик тадбиркор Абдувосит ака агар ҳақиқатан ҳам бу қарор ижро бўлиб, тадбиркорларнинг ўз маҳсулотларини мустақил экспорт қилиши учун шароит яратилса яхши бўларди дейди:

- Биз ҳам илгари пахта тозалаш заводларининг отход бўзини посилка халта қилиб тикиб, СССРнинг юздан ортиқ шаҳарларига сотганмиз. Кейинчалик, божхона деган нарсалар, бемаъни текшир-текширлар чиққандан кейин бу ишимизни ёпганмиз. Агар ҳукумат энди тадбиркорларга шундай шароит яратиб берар экан, албатта хурсанд бўламиз. Албатта, посилка халта ёки бошқа маҳсулотларимизга бугунги кунда ҳам постсовет давлатларида эҳтиёж бор. Буни қайта тиклаш мумкин, фақат тадбиркорларнинг экспорт қиладиган маҳсулотларидан оладиган фойдага туя бўладиганлар чиқмаса яхши бўларди,- дейди тадбиркор Абдувосит ака.

Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги президент қарори фермер хўжаликларига ҳам тааллуқли.

Бироқ, кузатувчиларнинг айтишларича, илгари Россия ва Қозоғистонни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаган ўзбекистонлик деҳқонлар бугун экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга имконияти йўқ.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги раҳбарлик лавозимларида узоқ йиллар ишлаган наманганлик Мухторали Матғозиевнинг айтишича, деҳқонлар етиштираётган маҳсулотларнинг асосий қисми давлат монополиясида бўлганлиги учун ҳам бугун фермерлар экспорт ҳақида ўйламай ҳам қўйган:

- Ҳозир фермерлар маҳсулот экспорт қилишга қодир эмас. Чунки фермерлар асосан пахта ва буғдой етиштиради. Пахта юз фоиз давлат монополияси. Буғдой ҳам деярли шундай. Фақат пландан ортиғи фермерники. Фермерлар мустақил эмас, ўзи истаган экинни эколмайди. Бундай шароитда қанақа экспорт ҳақида гап бўлиши мумкин? Бизда бошқа капиталистик давлтлар сингари фермерлар ўзи мустақил бўлишига ҳали анча бор,- дейди Мухторали Матғозиев.

Қарорга биноан, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, жумладан унинг ҳудудий филиаллари 2019 йилнинг 1 январига қадар барча турдаги солиқлар, йиғимлар, бож ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан (ягона ижтимоий тўлов бундан мустасно) озод қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG